“Унутмоқ осонмас сизларни...” — 2020 йил йўқотишлари

14:53 20 Декабрь 2020 Жамият
25540 0

Афсуски, 2020 йилда ҳар қачонгидан ҳам йўқотишлар, жудоликларга кўп бўлди. Кимдир яқинидан, кимдир дўстидан, кимдир устозидан, яна кимдир дилбандидан айрилди. Авваллари, ажал, пешона дейиш, жим фотиҳа тортиш билан чеклансак, бу йил дунёни ваҳимага солган вируснинг “куч”идан даҳшатга тушдик, кунлар, ойлар давомида кўринмас бало билан курашдик.

“Халқ сўзи” нашрида бу йил “вафот этди”, “жудоликка учради” мазмунидаги хабарлар деярли ҳар хафта чоп этилди. ОАВ, ижтимоий тармоқлар таъзияномолар, хотиралар, марҳумлар ҳақидаги илиқ фикрлар билан “тўлиб-тошди”. Бугун, Янги йил арафасида йил давомида вафот этган таниқли санъаткорлар, олимлар, шоир, ёзувчиларни яна бир бор эслаб, йил йўқотишларига назар солсак.

Аида Юнусова

Йилнинг биринчи ойида, 21 январь куни таниқли актриса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Аида Юнусова 72 ёшда оламдан кўз юмгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Аида Юнусова 1948 йилда Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида туғилган. Актриса ўзбек томошабинлари ёдида “Ажойиб хаёлпараст”, “Чинор остидаги дуэль”, “Оловли йўллар”, “Олтин куз”, “Меҳригиё”, “Зулматни тарк этиб”, “Карвон”, “Анор”, “Биринчи йўловчилар” картиналаридаги роллари орқали мангу қолади. Актриса умрининг охирги вақтларида оғир хасталикни бошдан кечирганди.

Ғайбулла Ҳожиев

2020 йилнинг 26 февраль куни Ўзбек дубляжининг энг ёрқин вакилларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиев 64 ёшида оламдан ўтди. 

Актёр шоир Азим Суюннинг “Сарбадорлар” асарида Абу Бакр Калавий, Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” асарида Хожа Аҳмад Яссавий, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” спектаклида Солиҳ махдум, Иброҳим Содиқовнинг “Афандининг беш хотини” спектаклида Афанди, Ҳайитмат Расулнинг “Пири коинот” спектаклида Аҳмад Фарғоний, Шекспирнинг “Қирол Лир” асарида граф Глостер, Александр Косанонинг “Етти фарёд” спектаклида Сабало каби ўнлаб ранг-баранг роллар ижро этган.

Оғир хасталик туфайли театрдан кетишга мажбур бўлган. Аммо, ижоддан тўхтамай, турли теле ва радио лойиҳаларда мунтазам иштирок этган.

Ғайбулла Ҳожиев “Уқубат”, “Шаббона”, “Умид”, “Оқпадар” каби кўплаб фильмларда турли ролларни ижро этган, Актёр “Шайтанат” телесериалида Аҳмадбей ролини ўйнаган.

Азим Суюн

2020 йилнинг 9 март куни халқимизнинг ардоқли шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, қатор газеталар, шу жумладан, бизнинг "Халқ сўзи" газетамизда ҳам фаолият юритган Азим Суюн оламдан ўтди.

Азим Суюн (Азимбой Алимович Суюнов) — 1948 йил Самарқанд вилоятига қарашли Накурт қишлоғида туғилган. 1977 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини битирди. “Тошкент университети“ газетасида адабий ходим, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлади.

Ўзбекистон Матбуот Давлат қўмитасида адабий маслаҳатчи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида масъул котиб, “Халқ сўзи“ газетасида бўлим муҳаррири, 1993-2002 йилларда “Ўзбекистон овози“ ва “Голос Узбекистана“ газеталарининг Бош муҳаррири вазифаларида хизмат қилди. Ижодкор бутунжаҳон шоирлар конгресси аъзоси бўлди.

Ойбарчин Бакирова

Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова 20 март куни 70 ёшида оламдан ўтди. 

Aктриса ўз фаолиятини 1971 йилда «Ўзбекфильм» киностудиясида бошлаган. У «Тангалик болалар», «Aрмон», «Ўйин» ва «Фарзандим» каби ўнлаб филмларда турли образларни яратган. Ойбарчин Бакирова томошабинларга нафақат киноактриса балки дубляж соҳасидаги фаолияти орқали ҳам жуда яхши таниш. У бугунгача юздан ошиқ кино ва мультфильм қаҳрамонларига овоз берган.

Равшан Йўлдошев

“Tarona records” компанияси таъсисчиси, шоу-бизнесда таниқли бўлган тадбиркор Равшан Йўлдошев 30 март куни кечқурун Тошкентда вафот этди. Унинг юрак хуружидан оламдан ўтгани айтилди.

Равшан Йўлдошев 1961 йили 2 апрелда туғилган. Фаолияти давомида “Tarona records” лейбелини ташкил этиб, санъаткорлар орасида ном қозонган эди.

Анвар Обиджон

Жорий йилнинг 11 апрель куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати нохуш бир хабар тарқатди. У Ўзбекистон халқ шоири, севимли болалар адиби, ўзбек адабиётининг кўзга кўринган намояндаларидан бири Анвар Обиджон 73 ёшида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида.

Анвар Обиджон 1947 йил 8 январда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидаги Полосон қишлоғида туғилган.

У “Она ер“, “Эй, Ёруғ дунё“, “Оловжон ва унинг дўстлари“, “Безгакшамол“, “Аканг қарағай Гулмат“, “Масхарабоз бола“, “Жуда қизиқ воқеа“, “Ерликлар“, “Мешполвоннинг жанглари“, “Аламазон ва Гулмат ҳангомаси“, “Ажойибхона“, “Олтиариқ ҳангомалари“, “Одобли бўлиш осонми?“, “Танланган шеърлар“, “Ўғирланган паҳлавон“, “Баҳромнинг ҳикояси“ каби достон, қиссалар, шеърлар, пьесалар ва ҳажвий асарлардан иборат тўпламлар муаллифидир.

Ҳошим Арслонов

2020 йилнинг 29 май куни ҳам ўзбек санъатида оғир жудолик олиб келди. Шу куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси, таниқли актёр Ҳошим Арслонов 64 ёшида оламдан ўтди.

Ҳошим Арслонов 1956 йил 1 Август куни Чуст шаҳрида туғилган. 1977 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институтини тугатган. 1977 йилдан 2017 йилгача Ўзбекистон Давлат драма театрида фаолият юритган.

Фаолияти давомида турли спектакллар, фильм ва сериалларда турли ролларни ижро этган. «Уйғониш», «Марғиёна», «Отамдан қолган далалар», «Алпомиш», «Хўжа Насриддин: ўйин бошланди», «Апрель-Май», «Чавандоз», «Сўзсиз севги», «Динозавр қолдирган из», «Ёрим-беозорим», «Ҳақиқат куни», «Қасос», «Менинг акам бўйдоқ», «Сўнгги қўнғироқ», «Сингилгинам», «Хиёнат», «Энди дадам бўйдоқ», «Ижарачилар» кабилар шулар жумласидандир.

Бекжон Тошмуҳамедов

2020 йил июнь ойида Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради. Таниқли олим, биофизика фанининг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири, академик Бекжон Тошмуҳамедов 85 ёшида вафот этди.

Б. Тошмуҳамедов биофизика, ҳужайра физиологияси ва табиатни муҳофаза қилиш бўйича йирик тадқиқотчи сифатида танилган олим эди.

Б. Тошмуҳамедов АҚШ, Англия, Германия, Франция, Швеция, Дания каби мамлакатларнинг бир неча халқаро илмий марказ ва академияларининг фахрий аъзоси эди.

Олим вафоти муносабати билан давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам таъзия билдирди.

Маҳмуджон Тожибоев

Мақом илми ва санъатини пухта эгаллаган ижодкор, Ўзбекистон халқ ҳофизи, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, Ўзбек миллий мақом санъати маркази илмий ходими Маҳмуджон Тожибоев жорий йилнинг июль ойида, 63 ёшида оламдан ўтди.

Маҳмуджон Тожибоев 1957 йилда Фарғона вилояти Қува туманида туғилган.

Ижодкор репертуаридан Шашмақом («Сарахбори Наво», «Сарахбори Дугоҳ», «Мўғулчаи Сегоҳ», «Наврўзи Сабо», «Нимчўпоний» ва бошқалар) ва Фарғона-Тошкент мақом йўллари («Дугоҳ», «Чоргоҳ», «Ушшоқ», «Шаҳнози Гулёр», «Баёт» ва бошқалар), катта ашула («Ёввойи Чоргоҳ», «Ёлғиз», «Эй дилбари жононим» каби), мумтоз («Топмадим», «Асирий» ва «Лдоий», «Чорзарб», «Бозургоний») ўрин олган.

Марҳум Маҳмуджон Тожибоев шоирнафас ҳофиз сифатида ижро услуби вазминлиги, лирикага мойиллиги, овоз ва чолғу мутаносиблиги билан ажралиб турган.

Абдураим Абдуваҳобов

14 июль куни халқимиз яна бир нохуш хабар эшитди, шу кунда у ўзининг севимли фарзанди, эрка “шум бола”сидан айрилди. Ўзбек миллий академик драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдураим Абдуваҳобов 57 ёшида вафот этди.

Абдураим Абдуваҳобов 1963 йил 8 август куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Марҳум актёр томошабинлар ёдида “Шумбола”, “Суюнчи”, “Муҳаббат синовлари”, “18-квадрад”, “Фирибгар”, “Осий банда”, “Пойга”, “Бевалар”, “Сўнгги нафасимгача”, “Шайтанат”, “Назира” каби фильм ва сериаллардаги ҳамда ўнлаб спектакллардаги ажойиб роллари билан абадий муҳрланиб қолди.

Руслан Шарипов

Санъат мухлислари Абдураим Абдуваҳобов вафотидан қайғуга тушган кунларда, актёр вафотидан бор йўғи 4 кун ўтиб яна бир таниқли санъаткор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Руслан Шарипов 54 ёшда вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Кўпгина санъаткорларнинг устози, санъат оламига киришига сабабчи бўлган Руслан Шарипов “Болалар”, “Сетора”, “Байт” гуруҳларини ташкил қилган эди.

Анвар Кенжаев

Худди шу куни, яъни 2020 йилнинг 18 июль куни севимли актёрларимиздан бири, “Ўзбекистон хизмат кўрсатган артист” Анвар Кенжаев оламдан ўтди.

Анвар Кенжаев фаолияти давомида “Энди дадам бўйдоқ”, “Сардор”, “Учар отлар”, “Таъзидаги тўй”, “Ада эмас, дада”, “Ойдиной”, “Сув ёқалаб”, “Йўқолган одам” каби фильмларда маҳоратли роллар ижро этган.

Шукрулло

Орадан бир кун ўтиб, 19 июль куни Ўзбекистон халқ шоири Шукрулло домла оламдан ўтди.

Унинг қарийб саксон йиллик ижодий фаолияти давомида яратилган “Ҳаёт илҳомлари”, “Умрим борича”, “Инсон ва яхшилик”, “Зарралар”, “Инсон – инсон учун”, “Суянчиқ”, “Яшагим келади”, “Сенинг бахтинг”, “Баҳор совғаси”, “Юлдузлар” каби шеърий тўпламлари, “Чоллар”, “Икки қоя”, “26-тоготар” достонлари, “Жавоҳирлар сандиғи” насрий китоби адабиётимиз хазинасидан мустаҳкам ўрин эгаллади. Эркка ташна, мутеликдан нари шоир ўзбек китобхонлари қалбидан чуқур жой эгаллаган, асарлари орқали адабиётда ўзига тириклайин ҳайкал қўя олган ижодкор  эди.

Адиб ўтган асрнинг эллигинчи йиллари бошида бир гуруҳ зиёлиларимиз қаторида сиёсий қатағонга учради. Кейинчалик номи ва ижоди тўла оқланиб, адабиётимиз ривожи йўлида фаол ижод қилди. Ёзувчи “Кафансиз кўмилганлар” романида ана шу даврда халқимиз бошига тушган оғир синов ва адолатсизликларни ҳаётий мисоллар асосида ҳаққоний тасвирлади.

Президент Шавкат Мирзиёев шоир вафоти муносабати билан таъзия билдирди.

Дилбар Икромова

Август ойи ҳам санъатимиз, маданиятимиз учун оғир жудоликлар олиб келди. Ўзбекистон халқ артисти, ўзбекнинг “Сотти”си актриса Дилбар Икромова, 25 август куни 73 ёшида оламдан ўтди.

Актриса коронавирус-пневмония хасталигидан даволанаётган эди.

Марҳум Дилбар Икромова “Келинлар қўзғалони”, “Чимилдиқ”, “Дев билан пакана”, “Девона”, “Афғон”, “Ойқиз эртаги” каби жуда кўплаб фильмларда бир-биридан қизиқарли бўлган турли ролларни маҳорат билан ижро этган.

Унинг айниқса, “Келинлар қўзғалони” фильмидаги Сотти роли билан барчанинг қалбидан чуқур жой эгаллаган.

Фатхулла Маъсудов

Дилбар Икромова вафотидан 5 кун ўтиб, Маданият вазирлиги Ўзбек миллий академик драма театри директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фатхулла Маъсудов вафот этгани ҳақидаги қайғули хабар тарқатди.

Актиёр 57 ёшида, айни ижодий камолотга етган вақтида бу дунёни тарк этди. Маълумотларга кўра, Фатхулла Маъсудов коронавирусдан даволанаётган эди.

Ғуломқодир Собиров

“Темир хотин”да Олим роли билан ўзбек томошабинларига яхши таниш бўлган актёр Ғуломқодир Собиров 2020 йилнинг 1 сентябрь куни 65 ёшида вафот этди.

Ижодий фаолияти давомида ўнлаб ролларни маромига етказиб ижро этган Ғуломқодир Собиров мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арфасида Президентимиз Фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан тақдирланган эди.

Асил Рашидов

Сентябрь ойида Ўзбекистон олий таълим тизими ҳамда ўзбек адабиёти ҳам оғир жудоликни бошдан кечирди. Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, таниқли педагог олим, адабиётшунос ва таржимон Асил Рашидов шу йил 15 сентябрь куни 90 ёшида вафот этди.

Асил Рашидов 1930 йили Жиззах туманининг Совунгарлик қишлоғида туғилди.

Марҳум олим ўз фаолияти давомида «Инсон ва меҳнат мадҳи», “Сўнмас юлдузлар”, “Асрга тенгдош мактаб”, “Леся Украинка”, “Чиниқиш мактаби” сингари кўплаб илмий-оммабоп асарлар яратди.

Асил Рашидов бадиий таржима соҳасида ўзига хос ижодий мактаб яратган ҳассос сўз санъаткори эди. У машҳур қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг “Юзма-юз”, “Жамила”, “Бўтакўз”, “Сарвқомат дилбарим”, “Алвидо, Гулсари!”, “Сомон йўли”, “Оқ кема”, “Эрта келган турналар”, “Соҳил бўйлаб чопаётган олапар”, “Асрни қаритган кун” сингари бетакрор асарларини ўзбек тилига беқиёс маҳорат билан ўгирган.

Шуҳрат Қаюмов

Сентябрь ойининг 22-кунида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбекистон телевидениесининг олий тоифали сухандони, таниқли қўшиқчи Шуҳрат Қаюмов бугун 51 ёшида вафот этди.

Хонанда 1969 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида таваллуд топган. 1991 йилда Ўзбекистон давлат санъат институтини тамомлаган.

Шуҳрат Қаюмов узоқ йиллар «Ўзбекистон» телерадиоканалида “Ассалом Ўзбекистон”, “Оҳанграбо” каби кўрсатувларини тайёрлаган.

Шуҳрат Қаюмов ўзининг сермазмун, дилтортар тароналари билан ҳам ўзбек томошабинлари қалбидан чуқур жой олган санъаткор эди.

Шомурод Бахши

Шу йилнинг 24 сентябр куни Ўзбекистон халқ бахшиси Махманов Шомурод Тоғаевич (Шомурод Бахши) вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Махманов Шомурод Тоғаевич 1932 йил 3 март куни Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг Араббанди қишлоғида таваллуд топган.

2000 йил “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланган.

Ўзбекистон халқ бахшиси Махманов Шомурод Тоғаевич 88 ёшида вафот этди.

Тўра Мирзаев

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўра Мирзаев 2020 йилнинг 29 сентябрь куни оламдан ўтди.

Тўра Мирзаев – 1936 йил 6 мартда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. Унинг 600 дан ортиқ илмий, услубий, илмий-оммабоп иши эълон қилинган. Улардан 5 таси монография, 5 таси дарслик ва ўқув қўлланма, 45 таси китоб ва фольклор тўпламдир. Олимнинг китоб ва мақолалари Россия, Германия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби кўплаб мамлакатларда нашр этилган.

Тўхтамурод ота Зуфаров

Адабиётшунос олим, уста созгар, ҳаттот, филология фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўхтамурод ота Зуфаров, 6 октябрь куни 84 ёшида оламдан ўтди

Тўхтамурод ота Зуфаров сўнгги йилларда “Маҳалла” телеканали томонидан эфирга узатиб келинаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи”, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” почтасидан” кўрсатувларидаги панду насиҳатлари орқали ҳам халқимиз кўнглидан чуқур жой олганди.

1936 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган Тўхтамурод ота Зуфаров серқирра фаолияти давомида адабиётшунослик, хаттотлик ва мусиқа маданиятимизга оид бой мерос қолдириб кетди.

Саъдулла Ҳакимов

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов 2020 йилнинг 11 октябрь куни вафот этди.

Марҳум С. Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган.

Саъдулла Ҳаккимов “Маърифат” газетаси бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари, раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари, «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлиги бош директори, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири каби бир қанча лавозимларда ишлаган.

Марҳум 2016 йилнинг 29 декабридан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси лавозимида ишлаётган эди.

Шайх Алоуддин Мансур

Жорий йилнинг 13 октябрь куни ўзбек ОАВ, ижтимоий тармоқлар Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари вафот этгани ҳақидаги хабарлар билан тўлиб-тошди. Боиси Шайх Алоуддин Мансур ҳазратлари Қуръони карим маъноларининг ўзбекча изоҳли таржимасини тайёрлашдек улкан вазифани шараф билан адо этган эдилар.

Ушбу китоб 1991-1993 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида, кейин Ғафур Ғулом ва «Чўлпон» нашриётларида чоп этилган эди.

"Эврил Турон"

2020 йилнинг 16 октябрь куни ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) оламдан ўтди. 

Эврил Турон тахаллуси билан ижод қилган Мамадали Маҳмудов «Бу тоғлар улуғ тоғлар», «Бўз бўри», «Ўлмас қоялар», «Туманли кунлар» ва «Ой нури» каби асарлар муаллифи ҳисобланади.

Мамадали Маҳмудов умрининг 17 йилини сиёсий маҳбус сифатида қамоқда ўтказган ва 2013 йилнинг апрель ойида озодликка чиқарилган. 2018 йил ноябрь ойида у Ёзувчилар уюшмасининг аъзолигига тикланган эди.

Икром Ўтбосаров

Йўқотишлар бизнинг жамоамизни ҳам четлаб ўтмади, афсуски. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, 1991 йилдан буён “Халқ сўзи” газетасида фаолият юритиб келган устоз ижодкор Икром Ўтбосаров 22 октябрь куни, 72 ёшида вафот этди.

У кишининг номи республикамиз ижод аҳли орасида юксак эҳтиром билан тилга олинади.

Устоз журналист кўплаб публицистик мақолалар, очерклар билан биргаликда “Чўққиларга элтувчи йўллар” ва “Ватанда сафар қил...” китоблари муаллифи ҳамдир.

Омон Матжон

2020 йилнинг 28 октябридан 29 октябрига ўтар кечаси Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ўзбек адабиётининг яна бир азим чинори қулади. Шоир Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.

Омон Матжон 1943 йили Хоразм вилоятининг Гурлан туманида таваллуд топган.

Шоирнинг “Очиқ деразалар”, “Карвон қўнғироғи”, “Қуёш соати”, “Драматик достонлар”, “Ёнаётган дарахт”, “Ярадор чақмоқ”, “Ҳаққуш қичқириғи”, “Сени яхши кўраман”, “Дарахтлар ва гиёҳлар”, “Минг бир ёғду”, “Ўртамизда биргина олма”, “Одамнинг сояси қуёшга тушди”, “Қуш йўли”, “Иймон ёғдуси”, “Дийдор азиз”, “Халоскор руҳ” каби йигирмага яқин шеърий тўплами, “Тўрабекахоним” насрий қиссаси ва “Нажмиддин Кубро”, “Ардахива” бадиалари чоп қилинди.

Шоирнинг “Аму”, “Ойбек”, “Шуълалардан ҳайратланиш”, “Она деган сўз”, “Турналар”, “Мезон”, “Чорлов”, “Ўн учинчи эшик”, “Умримиз ҳақида” каби шеърлари замонавий ўзбек шеъриятининг энг яхши намуналаридандир.

Андрей Кубатин

Тарихчи, шарқшунос олим Андрей Кубатин, 29 октябрь куни коронавирус асоратларидан вафот этди.

Андрей Кубатин 2019 йилнинг декабр ойидан буён Ўзбекистон Фанлар академияси миллий археология марказида фаолият юритиб келаётган эди.

Олим туркий халқлар тарихига оид учта монография ва саксондан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Шунингдек, Ўзбекистон ва туркийлар тарихини ўрганишда катта ҳисса қўшган жамоат вакилларидан бири ҳисобланади.

Убайдулла Уватов

Таниқли олим, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов шу йилнинг 3 ноябрь куни вафот этди.

Олимнинг хизматлари ҳукуматимиз томонидан муносиб қадрланиб, «Меҳнат шуҳрати» ордени ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирланган.

Жорий йилнинг 22 февралида эса Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Убайдулла Муродович Уватовни “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармони қабул қилинган эди.

Сайди Умиров

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, минглаб журналистларнинг қадрли устози, публицист Сайди Умиров 15 ноябрь куни, 82 ёшида вафот этди.

Сайди Умиров 1938 йил 10 февралда Самарқанд вилояти Паяриқ туманида туғилган. У Ёзувчилар, Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси, “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори эди.

Сайди Умировнинг номи республикамиз зиёлилари орасида юксак эҳтиром билан тилга олинади.

Клара Жалилова

2020 йилнинг 20 ноябрь куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Клара Жалилова 82 ёшида вафот этди.

Марҳум актриса “Мафтунингман”, “Келинлар қўзғолони”, "Чинор тагидаги дуэл”, “Темир хотин”, “Темир эркак”, “Ниқоб” каби фильмларда ўзга хос ролларни ижро этган. Айниқса, “Мафтунингман” фильмидаги роли ўзбек халқининг юрагидан чуқур жой олган.

Тўлан Низом

2020 йилнинг 10 декабрь куни Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом 81 ёшида вафот этди. Марҳум шоир 1939 йилда Андижон вилоятининг Бўз (Бўстон) туманининг Бешгул қишлоғида туғилган.

1970 йилда шоирнинг «Сенинг эртакларинг» номли илк шеърий тўплами нашрдан чиқарилган. Шоирнинг 1982 йилда «Ифтихор», 1988 йилда «Ой қизлар», 1993 йилда «Муқаддас руҳ ва Ватан туйғуси» каби қатор тўпламлари халқимизга манзур бўлган.

“Халқ сўзи” нашри мазкур материални ўтганлар номини яна бир бор ёд этиш, уларнинг ёрқин хотирасини эсга олиш мақсадида тайёрлади. Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!

Инобат АҲАТОВА, “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер