Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
Сўнгги пайтда Ўзбекистон халқаро ва минтақавий жараёнларнинг нафақат фаол иштирокчиси, балки етакчи актори, хусусан Марказий Осиё минтақасидаги ўзаро муносабатларда тизим ташкил этувчи субъект эканлиги тобора яққол намоён бўлиб бормоқда.
Минтақавий муносабатларда тизим ташкил этувчи субъект деганда аввало, ўзаро муносабатларга янгича куч-ғайрат, шижоат ва шиддат бағишлайдиган, минтақавий тараққиётнинг келажагини кўра оладиган ва шунга муносиб маррани олувчи, стратегик қараш ила амалий саъй-ҳаракатлар уйғунлигини таъминловчи томонни тушунамиз. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам Ўзбекистон томонининг тутган позицияси ҳам шундан дарак беради.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур анжуман арафасида эълон қилинган мақоласи ва учрашувдаги нутқи билан танишар эканмиз, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва дўстликка асосланган ҳамжиҳатликнинг қуйидаги ўзига хос хусусиятларига эътибор қаратишни лозим топдик.
Биринчидан, давлатимиз раҳбари Маслаҳат учрашувидаги ўз чиқишида ҳозирги мураккаб ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро-сиёсий жараёнлар шароитида ўзаро ҳамжиҳатлик ва қўллаб-қувватлашни кучайтириш алоҳида аҳамият касб этаётганлигини, бугун минтақа Янги Марказий Осиё сифатида тарихий уйғониш даври остонасида турганлигига ҳам эътибор қаратди ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг институционал асосларини янада мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга нисбатан таҳдидларга ўзаро мувофиқлаштирилган жавоб бериш муҳим вазифа эканлигини қайд этиб ўтди.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилда асос солинган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви халқаро муносабатлар ва минтақавий ҳамкорлик олиб боришда ўзига хос формат сифатида амалиётга кириб келди ҳамда ўтган давр мобайнида ушбу тузилма миқёсида олиб борилган ўзаро ҳамкорлик ва амалга оширилган улкан ўзгаришлар минтақавий шерикликнинг институционал асослари ва механизмлари тизимли равишда кенгайиб бораётганини яққол кўрсатиб берди.
Давлатимиз раҳбари ўзаро ҳамкорлик механизмлари ва шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш принципиал аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб, учрашувларни маслаҳат шаклидан “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик форматига айлантиришни таклиф этди.
Бу борада Маслаҳат учрашувларининг институционал ва ташкилий асосларини изчил мустаҳкамлашни назарда тутадиган Маслаҳат учрашувлари тўғрисидаги низомни ишлаб чиқиш, ротация асосида фаолият юритадиган Котибиятни таъсис этиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини Президентларнинг махсус вакиллари даражасига кўтаришни илгари сурди. Бундан ташқари, халқ дипломатияси соҳасидаги қадрият ва анъаналарга таянган ҳолда, бой ҳаётий тажриба ва обрў-эътиборга эга жамоат арбобларидан иборат Оқсоқоллар кенгашини тузишни ҳам таклиф қилди.
Давлатимиз раҳбари ўз сўзида давом этиб, иштирокчилар учун ҳозирнинг ўзида минтақамизни бундан 10-20 йилдан кейин қандай кўришни хоҳлаш бўйича аниқ тушунчага эга бўлиш муҳим эканлигигаям алоҳида урғу бериб ўтди.
Иккинчидан, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янги сифат босқичига кўтариш устувор вазифа бўлиб қолаётганлиги қайд этиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, минтақа мамлакатларининг ўзаро савдоси ва умумий ташқи савдо айланмаси салоҳиятини яқин келажакда 1,5-2 баробар ошириш имконияти мавжуд. Бу борада маъмурий тўсиқларга барҳам бериш, солиқ ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, эркин иқтисодий ва саноат зоналаридан биргаликда фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни кўриш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган кенг қамровли минтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди.
Шунингдек, яқин истиқболда минтақа доирасида умумий инвестиция макони тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш муҳимлиги қайд этиб ўтилди ва бу умумминтақа миқёсида олиб борилаётган инвестиция сиёсатининг умумий тамойилларини мустаҳкамлаш, инвесторлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилишни таъминлаш, кенг минтақамизда ягона инвестиция муҳитини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш имконини бериши маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари минтақа доирасида электрон савдо соҳасида салоҳият ва янги имкониятлардан фойдаланиш муҳимлигини ҳам қайд этиб, ушбу соҳанинг бозори фақат Марказий Осиёнинг ўзида яқин ўн йилликда 150 миллиард долларгача ўсиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Шу муносабат билан, бу борада иштирокчиларнинг ёндашувларини уйғунлаштириш, виртуал савдо майдончалари ва ишончли рақамли тўлов тизимларини яратишни енгиллаштириш имконини берадиган Электрон тижоратни ривожлантириш бўйича қўшма чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги илгари сурилди.
Учинчидан, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё минтақасининг гуллаб-яшнаши ва фаровонлиги бевосита минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга боғлиқлигини таъкидлаб, мазкур учрашувда қабул қилинган Минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик концепцияси, шунингдек, Таҳдидлар ва хавфлар каталоги ушбу соҳадаги ҳамкорлик самарадорлигини сезиларли даражада оширишини қайд этиб ўтди.
Минтақа хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган Афғонистондаги вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратиб ўтилганлиги диққатга сазовор бўлиб, бу орқали янгиланаётган Марказий Осиё минтақасига ёндош Афғонистон тараққиётдан ортда қолмаслиги, Афғонистонни Марказий Осиёдаги инфратузилмавий, энергетика ва транспорт лойиҳаларига интеграцияси умумий минтақавий вазиятнинг ижобий ҳолатда бўлишига туртки бериши маълум қилинди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқи, унда илгари сурилган таклиф-ташаббуслар ҳақиқатда ҳам минтақавий аҳамиятга эга. Давлатимиз раҳбарининг мазкур чиқишидан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин, деб ўйлаймиз.
Биринчидан, Марказий Осиё минтақаси давлатлари кун тартибидаги барча масалалар (жумладан, савдо-иқтисодий, хавфсизлик ва барқарор тараққиёт, чегара делимитацияси ва демаркацияси, трансчегаравий дарёлар)ни ўзаро мулоқот ва дипломатик йўллар орқали келишиб, бу борадаги муаммоларни ташқи кучларнинг аралашувисиз ҳал этишга муваффақ бўлдилар. Бу – минтақа давлатлари халқаро муносабатларнинг ҳақиқий субъектига айланганини кўрсатади.
Иккинчидан, сўнгги пайтда Марказий Осиё минтақасидаги интеграцион жараёнлар бирмунча жадаллашганлиги намоён бўлмоқда. Яқин келажакда минтақадаги интеграцион жараёнлар яна тезлашади ва унинг институционал, ҳуқуқий жиҳатлари ҳам такомиллашади.
Учинчидан, кейинги пайтда халқаро ҳамжамият вакилларида Марказий Осиё минтақасини яхлит бир макон сифатида қараш шаклланиб бўлди. Шу сабабли, минтақа давлатлари барча масалалар ва муаммоларни бартараф этиб, минтақа ва халқаро аҳамиятга эга масалаларда якдил бўладиган бўлсалар, бу уларнинг халқаро ҳамжамият олдидаги обрў-эътиборини ҳам бирмунча оширган ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг минтақа давлатлари билан муносабатларини бирмунча енгиллаштирган бўлар эди. Бўлиб ўтган Тошкент саммити ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади.
РУСТАМ РАШИДОВ
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи,
Фан доктори (DSc), профессор
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Ёш ўзбек ёзувчисининг асари Халқаро болалар адабиёти кенгашининг фахрий рўйхатига киритилди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг