Пахта-тўқимачилик кластерларига тегишли Президент фармони эълон қилинди

Фото: Президент Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Пахтачилик соҳаси корхоналарининг иқтисодий-молиявий ҳолатини яхшилашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар қилди.
Маълум бўлишича, фармонга кўра, пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий соғломлаштиришга қаратилган бир қатор чоралар белгиланмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси кредит ресурслари ҳисобидан 2023 йилги пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун тижорат банклари томонидан ажратилган имтиёзли кредитларни 2024 йил 1 декабргача тўлиқ қайтарган кластерларга ушбу кредит бўйича фоиз тўловлари (банк маржасидан ташқари) 2025 йил 1 январга қадар Жамғарма ҳисобидан қайтариб берилади.
Бундан ташқари, 2023 йилги пахта хомашёсини етиштириш харажатлари учун кластерларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг, мос равишда Жамғарманинг тижорат банкларига ажратган кредит ресурсларининг қолдиғини қайтариш муддати тижорат банкларининг ижобий хулосаси асосида 2025 йил 1 апрелгача узайтирилади.
Шунингдек, 2024 йил 1 августдан Жамғарма кредит ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлар бўйича кластерлар таъсисчиларининг шахсий кафиллиги қўшимча равишда расмийлаштирилади.
Қайд этилишича, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган ва сотиб олиш қийматининг 35 фоизи ва ундан юқори қисми тўланган пахта тозалаш заводлари ва пахта қабул қилиш масканларини жалб этиладиган кредит бўйича мулкий мажмуа сифатида гаровга қўйишга рухсат берилиши ҳам фармонга асосан амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.
«Тугатилаётган «Ўзпахтасаноат» АЖнинг мулкий мажмуаларини сотиб олиш бўйича кластерлар билан тузилган олди-сотди шартномаларида белгиланган тўлов графиги бўйича қарздорликлар муддати 1 йилга узайтирилади», дейилади хабарда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг