Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс бошланди. Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган. Форумда 300 га яқин олимлар, санъатшунослар ва таълим соҳаси вакиллари иштирок этмоқда. Халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакилларини, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжондан келган олимлар ва санъат арбобларини бирлаштирган ушбу қизғин тадбирнинг асосий мақсади — минтақамиз халқларининг маънавий ва илмий меросини уларнинг бирлиги, ҳамкорлиги ва барқарор тараққиёти асоси сифатида ўрганишдир.
Конгресснинг бошланишида иштирокчилар пойтахтимизда қад ростлаган муҳташам ва тарихимиздаги уч ренессанс даврини намойиш этиб турган мажмуа — Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициялари билан танишдилар. Иштирокчилар, айниқса, қардош меҳмонларимизда мазкур тарихий намойиш катта таассурот қолдирди.
— Ушбу мажмуанинг остонасига қадам қўйишим билан тарихимиз кўз ўнгимда гавдаланди, — дейди А. Усмонов номидаги Қирғизистон Қирғизистон Миллий Кутубхонаси директори Элдар Аттокуров. — Марказ музейидаги экспонатлар Марказий Осиё тарихининг ўта сермазмунлиги, аждодларимизнинг ҳам давлат, ҳам илм-фан арбоблари сифатида ҳам инсоният тамаддунида ўчмас из қолдирганини англадик. Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Баҳоуддин Нақшбандий, Аҳмадхўжа Яссавий, Бобур каби аждодларимизнинг бу заминларда қолдирган изларидан тарихимиз, тилимиз, заминимиз бирлигини кўрсатиб турибди. Тошкентдаги каби марказлар очиб, шу беш мамлакатнинг тарихини ёшларга чуқур ўргатсак, дунёдаги илғор мамлакатларга айланамиз.
Форумда марказнинг музейи экспозициялари билан танишув маросимидан сўнг мажмуа қурилиши ва унинг ички мазмунига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Марказнинг халқаро миқёсдаги учрашув ва илмий анжуманларни ўтказишга мўлжалланган барча замонавий шарт-шароитларга эга анжуманлар залида Президент Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган қутлов сўзи ўқиб эшиттирилди. Жумладан, “...Ишончим комилки, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш, гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бугунги форум илмий ва маданий мулоқот учун самарали майдонга айланади”, дейилади табрикда.
Тадбирнинг ялпи муҳокамалар қисмида давлат идоралари, илмий муассасалар ва маданият арбоблари ўртасида кенг мулоқот ташкил этилди. Унда умумий тарихий меросни асраш, замонавий ҳамкорлик шаклларини излаш ва маънавият ғояларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, барча давлатларнинг умумий маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб этишга қўшаётган ҳиссаси, илм-фан, таълим ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш бўйича халқаро ташаббусларига алоҳида эътибор қаратилди.
— Форумнинг айнан мамлакатимиздаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши рамзий аҳамиятга эга, — дейди “Қаҳвали суҳбатлар” ютуб канали асосчиси, тарихчи Ихтиёр Эсонов. — Бу ноёб мажмуа минтақанинг уч минг йиллик ўтмиши, Ренессанс даврлари ва Янги Ўзбекистон тараққиётини мужассам этган. Мен қурилиш жараёни бўлаётган пайтда ҳам келиб кўргандим. Лекин бу даражада улуғвор бўлиши тасаввуримга сиғмаган. Тарихни бунчалик мужассамлаштирилгани – жуда катта гап! Мажмуада антик даврдан то бугунимизга қадар нафақат ислом билан боғлиқ тарихимиз, балки ундан аввалги ўтмишимиз ҳам бор бўйи билан акс эттирилган. Бу каби ишлар давлатимиз раҳбари қўл урган катта ишлардан бири, деб биламан. Марказий Осиёдан келган меҳмонларни кўряпмиз, бу мамлакатларимиз орасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам, Ўзбекистоннинг халқаро имижига ҳам катта таъсир қилишига ишонаман. Ушбу марказ цивилизация меросини ўрганиш, ёшларни тарбиялаш ва халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш майдони бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Конгресс олдидан энг муҳим воқеалардан Тошкент шаҳрида ислом тарихининг энг улуғ ва муқаддас қўлёзмаларидан бири — Усмон Мусҳафини Ҳазрати Имом мажмуасида жойлашган “Мўйи муборак” мадрасаси музейидан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кўчирилгани бўлди. Тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилган. Шу муносабат билан Муфтият ҳам ўз фаолиятини энди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида давом эттиради.
Биринчи куннинг марказий мавзуларидан бири ёшлар сиёсатига эътибор қаратилди. Ёшларни маънавий етуклик, ватанпарварлик ва ижодкорлик руҳида тарбиялаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини рағбатлантириш масалалари муҳокама этилди.
Конгресс дастури доирасида “Марказий Осиё тарихий мероси: ягона ўтмиш – умумий келажак” тарихчилар форуми, “Марказий Осиё: буюк ўтмиш ва буюк келажак” бадиий кўргазмаси, “Миххат ёзувидан рақамли архивларгача: Марказий Осиё кутубхоначилиги истиқболлари”, “Тирик тарих” халқаро кино форуми ҳамда “Ёшлар ва рақамли давр: қадимий қўлёзмалардан сунъий интеллектгача” мавзусидаги шўъба йиғилишлари тадбирлар ҳам ўтказилмоқда. “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” халқаро конгресси 15 ноябрга қадар давом этади.
Ғолиб БАҲРОМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг