Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади

22:59 14 Январь 2026 Жамият
728 0

Ҳуқуқ тизимининг рақамли трансформацияси остонасида

XXI аср инсоният олдига мисли кўрилмаган вазифаларни қўйди. Сунъий интеллект миллионлаб одамларга таъсир қилувчи қарорлар қабул қилмоқда. Криптовалюталар ва блокчейн янги молиявий тенденцияларни яратмоқда. Шахсий маълумотлар давр ресурси сифатида энг қимматли бўлиб қолди. Кибержиноятчилик дунё иқтисодиётига ҳар йили триллионлаб доллар зарар етказмоқда. Ва бу технологик инқилоб ўртасида жаҳон юридик ҳамжамияти саросимага тушиб қолди: негаки, анъанавий ҳуқуқий таълим шу пайтгача рақамли дунёда ишлаш учун мутахассислар тайёрламаган.

Ўзбекистон бу муаммо кескинлашувини кутиб ўтирмади. “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида изчил амалга оширилаётган мамлакат раҳбариятининг стратегик қараши аниқ йўналишни белгилаб берди: рақамли ҳақиқатга мослашиш билан кифояланмай, балки унинг ҳуқуқий асосларини шакллантира оладиган юридик кадрларнинг янги авлодини шакллантириш долзарб вазифа сифатида белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 26 ноябрь куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон Янги Ўзбекистон учун ҳуқуқий кадрлар тайёрлашнинг янги саҳифасини очди. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси мамлакат рақамли иқтисодиётини ривожлантиришнинг стратегик устуворликларини белгилаб берди.

Давлатимиз раҳбари муҳим натижага эришилганлигини – IT-хизматлар экспорти биринчи марта 1 миллиард АҚШ долларига етганлигини таъкидлади. Стратегик вазифа сифатида ушбу кўрсаткични 2030 йилга келиб 5 миллиард долларгача ошириш мақсади қўйилди.

Халқаро бозорда маҳаллий IT-саноатнинг рақобатбардошлигини таъминлаш учун Халқаро рақамли технологиялар маркази ташкил этилди, шунингдек, IT-инфратузилмани ривожлантириш учун бир қатор солиқ ва инвестицион имтиёзлар жорий этилди.

2026 йил режасида Тошкент, Бухоро, Фарғона шаҳарларида ва Тошкент вилоятида 4 та дата-марказни, 2 та суперкомпютерни ўз ичига олган рақамли инфратузилмани, шунингдек, 15 та олий таълим муассасаларида сунъий интеллект лабораторияларини яратиш назарда тутилган. Ушбу инфратузилма иқтисодиётнинг асосий секторларида: соғлиқни сақлаш, транспорт, қишлоқ хўжалиги, геология, банк-молия соҳасида ва жамоат хавфсизлиги соҳасида сунъий интеллект бўйича 100 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун мўлжалланган.

Квант технологиялари, пилотсиз учиш аппаратлари ва робототехника соҳасидаги ёш мутахассисларнинг инновацион ишланмаларини амалий жорий этиш мақсадида махсус Рақамли технологиялар маркази яратиш режалаштирилган. Осиё тараққиёт банки ушбу ташаббусни 200 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлади.

Глобал муаммонинг кўлами

Етакчи консалтинг компанияларининг тадқиқотларига кўра, дунёдаги технологик корпорацияларнинг 93 фоизи сунъий интеллект тизимлари билан ишлаш учун малакали юристларни топа олмайди. Европа юридик мактабларининг 8 фоиздан камроғи алгоритмик тартибга солиш бўйича курслар таклиф этади. Data Protection Officer – Европа Иттифоқида Маълумотларни ҳимоя қилишнинг умумий низомига (GDPR) мувофиқ барча йирик компаниялар учун мажбурий бўлган шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича менежер лавозими – бутун дунё бўйлаб минглаб ташкилотларда бўш қолмоқда.

Дунё бўйлаб кибержиноятчилик кескин ўсиб бораётганлигини кўриш мумкин: экспертлар прогнозларига кўра, 2025 йилга келиб киберҳужумлардан глобал зарар йилига 10,5 триллион АҚШ долларидан ошган. Шу билан бирга, кўпчилик давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари рақамли муҳитда жиноятларни тергов қилиш ва электрон далиллар билан ишлашга қодир мутахассисларнинг кескин танқислигини бошдан кечиришмоқда.

Президентимиз ўз Мурожаатномасида янги технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш орқали глобал меҳнат бозорида трансформацион жараёнларга алоҳида эътибор қаратди. Давлатимиз раҳбари томонидан касбий бандлик тузилмасининг динамик эволюцияси таъкидланди — бу миқдорий тавсифлардаги, ташкилий шакллардаги ва турли хил меҳнат фаолияти турларининг мазмуний тўлдирилишидаги ўзгаришларни ўз ичига олади.

Келтирилган прогнозларга кўра, келгуси беш йилда мавжуд касбларнинг 30 фоизи тўлиқ автоматлаштирилиши кутилмоқда, шу билан бирга касбий лавозимларнинг ярми учун малака талаблари ва компетенцияларнинг жиддий янгиланиши талаб этилади.

Ушбу тенденциялар Ўзбекистон иқтисодиётида ҳам ўз аксини топмоқда. Саноат секторида автоматлаштирилган ишлаб чиқариш линияларининг фаол жорий этилиши кузатилмоқда, қишлоқ хўжалиги соҳасида “ақлли” (смарт) технологияларни кенг қўллаш, транспорт соҳаси “интеллектуал” бошқарув тизимларига ўтмоқда.

Бундай шароитларда миллий меҳнат бозорининг фаолияти профессионал стандартлар, малака талаблари, технологик инновациялар ва таълим дастурларини ягона келишилган механизмга тизимли интеграциясини таъминлайдиган тамоман янги архитектурани шакллантиришни талаб этади.

Шундай қилиб, “Рақамли ҳуқуқ” халқаро таълим йўналишини, хусусан, Тошкент давлат юридик университетида йўналиш ва кейинчалик факультетни яратиш шунчаки таълим ташаббуси эмас, балки глобал муаммога стратегик жавобдир. Ўзбекистон ўз танловини амалга оширмоқда: жаҳон етакчиларини қувиб етиш эмас, балки Марказий Осиё рақамли юриспруденциясининг авангардини шакллантиришни.

Икки ҳужжат – ягона стратегия

Янги таълим йўналиши ёки факултет яратишнинг ҳуқуқий асосини бир-бирини тўлдирувчи иккита Президент ҳужжати шакллантирмоқда, улар институционал қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизимини ташкил этади.

Президентимизнинг юқоридаги Фармони юридик таълимни ислоҳ қилиш архитектурасини белгилайди. Ҳужжат таълим жараёнида 50 фоиз назария ва 50 фоиз амалиёт нисбати ҳақидаги инқилобий талабни белгилайди – бу юристларни тайёрлашга ёндашувни тубдан ўзгартирувчи тамойилдир. Ушбу ҳужжат сунъий интеллект технологияларини ўқув жараёнига мажбурий интеграциялашни назарда тутади: таълимни индивидуаллаштиришдаги сунъий интеллект (AI)-тьютор, талабаларнинг билимларини баҳолаш AI-тизими, ўқитиш сифатини баҳолаш AI -тизими. Фармоннинг 6 (б) банди алоҳида аҳамиятга эга, бу инглиз тилида таълим ҳамда етакчи хорижий профессорларни жалб қилиш билан “Рақамли ҳуқуқ” халқаро таълим дастурини яратишни тўғридан-тўғри назарда тутади. Шунингдек, университет янги кампусга кўчиб ўтгандан кейин мавжуд бинода жойлаштирилиши керак бўлган Тошкент давлат юридик университетида Рақамли ҳуқуқ марказини яратиш назарда тутилган.

Президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги “Суд-экспертлик фаолиятини янада такомиллаштириш ва соҳага замонавий технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори амалий инфратузилмани таъминлайди. Ҳужжат нодавлат “Рақамли суд-экспертиза маркази”ни – рақамли криминалистик экспертизани ўтказиш учун жаҳон даражасидаги ускуналар ва дастурий таъминот билан жиҳозланган ноёб лабораторияни яратишни назарда тутади. Шундай қилиб, Рақамли суд-экспертиза маркази ва Рақамли ҳуқуқ маркази янги факультет талабалари учун амалиётнинг асосий базасига айланади ва стажировкага бепул жойлаштиришни таъминлайди.

Икки ҳужжатнинг синергияси мутахассисларни тайёрлаш учун мисли кўрилмаган шароитларни яратади: назарий база факультет томонидан таъминланади, амалий кўникмалар замонавий эксперт марказида шакллантирилади.

Адлия вазирлигининг тизимли қўллаб-қувватлаши

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳуқуқий соҳа рақамлашуви сиёсатини изчил амалга оширмоқда. Вазирлик миллий LegalTech – ҳуқуқий соҳадаги рақамли технологиялар мажмуасини ривожлантиришни ташаббускори бўлди ва қўллаб-қувватлайди.

Айнан Адлия вазирлигининг тизимли қўллаб-қувватлаши билан 2021 йилда Тошкент давлат юридик университетида магистратуранинг “Кибер ҳуқуқ” мутахассислиги ташкил этилди, 2023 йилда эса “Кибер ҳуқуқ” кафедраси яратилди – Марказий Осиёда рақамли ҳуқуқ соҳасидаги биринчи ихтисослаштирилган илмий-таълим тузилмаси. Охирги икки йиллик фаолияти давомида кафедрада илмий мактаб шакллантирилди, 10 дан ортиқ диссертациялар ҳимоя қилинди, рақамли ҳуқуқнинг асосий фанлари бўйича ўқув-услубий база ишлаб чиқилди, магистратуранинг янги йўналиш фанларини яратилди, етакчи Европа университетлари билан халқаро ҳамкорлик ўрнатилди.

Электрон судлар, онлайн нотариат, рақамли реестрлар, автоматлаштирилган ҳуқуқий ахборот тизимлари ривожланиши – буларнинг барчаси янги турдаги мутахассисларни тайёрлаш учун табиий экотизимни яратади ва янги таълим йўналиши битирувчилари учун иш жойларини шакллантиради.

Университет жаҳон стандартлари йўлида

Тошкент давлат юридик университети жаҳон академик маконига интеграциялашув стратегиясини изчил амалга оширмоқда. “Рақамли ҳуқуқ” Халқаро таълим йўналишини яратиш юқоридаги Фармонида белгиланган стратегик мақсадга эришиш йўлидаги энг муҳим қадамдир: Тошкент давлат юридик университетининг 2030 йилга келиб “Ҳуқуқ” йўналиши бўйича QS World University Rankings ТОП-1000 рейтингига кириши.

Таълим йўналиши дастлаб халқаро стандартлар бўйича лойиҳалаштирилади: Болонья жараёни, Европа кредитларни ўтказиш ва тўплаш тизими (ECTS), Европа малака доираси (EQF), Европа олий таълим маконида сифат таъминлаш стандартлари ва тавсиялари (ESG).

Кибер-ҳуқуқшунос ёки рақамли ҳуқуқ соҳасидаги юрист: янги турдаги мутахассис

Янги йўналиш тайёрлайдиган кибер-ҳуқуқшунос ким? Бу шунчаки компьютер саводхонлигини ўзлаштирган юрист эмас ва ҳуқуқни юзаки билган IT-мутахассис ҳам эмас. Кибер-ҳуқуқшунос – бу иккала соҳада чуқур билимга эга бўлган ва уларнинг кесишмасида мураккаб вазифаларни ҳал қилишга қодир янги турдаги профессионал.

Сунъий интеллект соҳасида кибер-ҳуқуқшунос сунъий интеллект (AI) тизимларининг алгоритмик қарорларининг ҳуқуқий оқибатларини таҳлил қилади, Европа “AI Act” ва шаклланаётган миллий қонунчиликка мувофиқлик бўйича маслаҳат беради, генератив сунъий интеллектдан фойдаланиш хавфларини, шу жумладан “deepfakes” ва кибержиноятлар муаммоларини баҳолайди.

Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш соҳасида мутахассис ташкилот фаолиятининг GDPR халқаро стандартларига ва миллий қонунчиликка мувофиқлигини таъминлайди, Data Protection Officer вазифаларини бажаради, махфийлик сиёсатларини ва маълумотларни қайта ишлашга розилик олиш механизмларини ишлаб чиқади.

Киберхавфсизлик ва кибержиноятларни тергов қилиш соҳасида кибер-ҳуқуқшунос рақамли криминалистика усулларидан фойдаланган ҳолда терговлар ўтказади, рақамли далиллар билан ишлайди, уларнинг суд жараёнида қабул қилинишини таъминлайди, компьютер тизимлари, мобил қурилмалар, тармоқ инфратузилмасининг экспертизасини амалга оширади.

Электрон ҳукумат соҳасида мутахассис давлат органларининг рақамли трансформациясини таъминлайди, электрон давлат хизматлари, смарт-контрактлар, рақамли идентификация тизимларининг ҳуқуқий асосини ишлаб чиқади.

Таъкидлаш жоизки, буларнинг барчаси Президентимизнинг Мурожаатномаси доирасида қўйилган вазифалар билан ҳамоҳангдир. Мурожаатномада давлат сиёсатининг олтинчи устувор йўналиши доирасида замонавий давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқий тизим соҳаларидаги ислоҳотларни давом эттириш назарда тутилган.

Шундай қилиб, 2026 йилдан бошлаб 1000 дан ортиқ давлат хизматларини, 5000 дан ортиқ ҳокимият органлари функциялари ва вазифаларини, 200 та маълумотлар базаларини ва ахборот тизимларини, шунингдек, барча маъмурий даражадаги (маҳалла, туман, вилоят, республика) 100 мингдан ортиқ давлат хизматчиларининг ваколатларини бирлаштирувчи Ягона рақамли платформа яратиш билан “Электрон ҳукумат” платформасининг комплекс янгиланиши режалаштирилган.

Янги платформанинг асосий хусусияти фуқаролар мурожаатларини автоматлаштирилган тақсимлаш, ижрочиларни тайинлаш ва кўриб чиқиш муддатларини назорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини қўллаш бўлади.

Суд-ҳуқуқ тизими соҳасида суд жараёнининг комплекс рақамлашувини назарда тутувчи “Рақамли суд” консепциясига ўтиш амалга оширилмоқда. Сунъий интеллект технологияларини жорий этиш жиноий суд иши юритишнинг бутун циклини – жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан ишни судга топширишгача қамраб олади, бу инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва тергов ҳаракатларида субъектив омилни минималлаштиришга қаратилган.

AI-тьютор: таълимни шахсийлаштириш

Юқоридаги Фармонининг 6 (а) бандига мувофиқ университет AI-тьюторни – интеллектуал таълим платформасини жорий қилади. Платформа талабага ҳар бир ўқув фанининг тўлиқ маърузалар курсига презентациялар билан; семинарлар учун кейслар кутубхонасига ечимларнинг батафсил таҳлили билан; амалий симуляциялар ва машқларга; етакчи профессорларнинг видеомаърузаларига; иншо ёзиш ва тақдимот тайёрлаш бўйича батафсил йўриқномаларга; мослашувчи тест тизимига кунлик фаолиятини таъминлайди.

Платформа аниқ талабанинг билимларидаги бўшлиқларни аниқлайди ва уларни тўлдиришнинг индивидуал траекториясини таклиф қилади. Бу тизим дастлаб 2026 йилдан жорий этилиши режалаштирилган ва кейинчалик сунъий интеллектнинг таълим жараёнига тўлиқ интеграциялашуви амалга оширилади.

Жаҳон даражасидаги халқаро ҳамкорлик

Факультетнинг стратегик ҳамкори Гданск университети (Польша), Регенсбург университети (Германия), Гринвич университети (Буюк Британия) – рақамли ҳуқуқ соҳасида мутахассислар тайёрлашнинг етакчи хорижий марказлари. Бунда Гданск университети билан 2027 йилдан амалга ошириладиган, Польша миллий академик алмашинув агентлигининг нуфузли гранти NAWA KATAMARAN – доирасида 1 миллион еврогача потенциал молиялаштиришга эга бўлган қўшма дастур яратиш режалаштирилган.

Double Degree дастури битирувчилари иккита диплом олади – Тошкент давлат юридик университети ва Гданск университетининг Европа Иттифоқида тан олинган дипломлари. Таълимнинг бир қисми Польшада ўтади – Европа ҳуқуқий муҳитига киришни таъминловчи ҳақиқий академик мобиллик.

Шунингдек, Гринвич университетида (Буюк Британия) таълим олиш ва Буюк Британияда тан олинган дипломни олиш имконияти яратилади. Бундан ташқари, Регенсбург университети (Германия) билан академик алмашинув кенгайтирилади, бунда талабалар ўз таълимларининг бир қисмини ушбу ҳамкор университетда ўтказиш имкониятига эга бўладилар.

Тузилма ва ишга тушириш муддатлари

Шундай қилиб, 2026 йилдан янги ўқув йилидан рақамли соҳанинг ҳуқуқий тартибга солишининг умумий спектрини қамраб олувчи янги умумий “Рақамли ҳуқуқ” йўналиши очилади. Университетнинг ривожланиш стратегиясига кўра 2030 йилдан учта ихтисослаштирилган йўналишгача кенгайиш режалаштирилган: Рақамли давлат бошқаруви соҳасида ҳуқуқ, корпоратив кибер ҳуқуқ, кибержиноятчилик ва рақамли криминалистика.

Бакалавр таълими 2026 йил сентябрда бошланади. Таълим тили – 100 фоиз инглиз тили. Абитуриентларга қўйиладиган талаблар қуйидагича: тўлиқ ўрта таълим, B2 даражасида инглиз тилини билиш сертификати, халқаро стандартлар бўйича IQ-тестдан ўтиш.

Карьера истиқболлари

Битирувчилар ўз компетенцияларини давлат секторида қўллашади: Адлия вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Марказий банк, Антимонополия қўмитаси. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимида: Рақамли суд-экспертиза маркази, ИИВ Кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Бош прокуратура, суд тизими. Бизнесда: IT Парк, халқаро IT-компаниялар, банклар, Big Four, телеком-операторлар.

Хулоса қилиб айтганда, “Рақамли ҳуқуқ” Халқаро таълим йўналишини яратиш – бу Янги Ўзбекистоннинг инсон капиталига стратегик инвестициясидир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фармони жаҳон даражасидаги мутахассисларни – рақамли даврда фуқаролар ҳуқуқларини ва давлат манфаатларини ҳимоя қила оладиган кибер-ҳуқуқшуносларни тайёрлашга йўл очади.

Бакалавр дастурига қабул 2026 йилда бошланади. Ҳуқуқнинг келажаги – рақамлидир ва Ўзбекистон уни яратишга тайёр.

И. Рустамбеков, Тошкент давлат юридик университети проректори, юридик фанлар доктори, профессор.

С. Гулямов, Тошкент давлат юридик университети “Кибер ҳуқуқ” шуъбаси мудири, юридик фанлар доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер