“Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди

16:47 09 Январь 2026 Жамият
322 0

Фото: CHATGPT

Бугун дунё шиддат билан ўзгариб, технологик имкониятлар чегараси тобора кенгаймоқда. Тарихда салбий маънода қўлланилган “катта сакраш” иборасини бугун ижобий мазмунда ишлатиш мумкин. Чунки рақамли технологиялар ва сунъий интеллект Ўзбекистон тараққиётининг мазмунан янги босқичида шиддат билан ривожланмоқдаки, бу ҳолатни бошқача ифода этиш мушкул, назаримизда.

Чиндан ҳам, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, инновацион таълим ва электрон давлат хизматлари иқтисодий ўсиш ҳамда ижтимоий самарадорликни белгилаб берувчи асосий омилга айланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “Инсоният сунъий интеллект даврига кириб бормоқда, ким бу жараёнда илгариласа, марра шуники бўлади”.

Давлат раҳбарининг чуқур технологик ўзгаришларга нисбатан ана шундай стратегик ёндашуви туфайли сунъий интеллект ва АКТ иқтисодий ўсишнинг янги драйверига айланиб, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш, молия ва логистика соҳаларига жадал жорий этилмоқда.

10 миллиард долларлик салоҳият

2025 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, мамлакат иқтисодий тараққиёти рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожи билан узвий боғлиқ эканига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Гап бу ерда АКТ соҳасида хизматлар ҳажмининг кескин ортиши иқтисодиётда алоҳида “рақамли сектор” пайдо бўлгани ҳақида эмас, балки рақамли ечимлар деярли барча тармоқларга чуқур кириб бораётгани хусусида кетмоқда. Айтайлик, ўтган йилнинг январь – ноябрь ойларида АКТ соҳасида 68 трлн. сўмлик хизматлар кўрсатилиб, ўсиш суръати 120 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар рақамли платформалар, автоматлаштириш, электрон хизматлар ва сунъий интеллектга асосланган қарорлар иқтисодий фаолликни тезлаштирганини англатади.

Муҳим жиҳати шундаки, жадал ўсиш суръатлари инфратузилмага сарф-харажатлар ҳисобидан эмас, самарадорлик ошиши эвазига таъминланмоқда. Содда қилиб айтганда, сунъий интеллект ва замонавий технологиялар давлат бошқаруви, хизматлар, логистика, молия ва ишлаб чиқариш жараёнларида вақт ҳамда ресурсларни тежаш имконини берди. Натижада иқтисодий фаолликнинг умумий ҳажми ортиб, қўшилган қиймат яратиш суръати тезлашди. Сўнгги уч йилда ахборот ва алоқа соҳасида яратилаётган қўшилган қиймат ҳажмининг ўртача 24,1 фоиз ўсиши ҳам ушбу трансформациянинг самарасидир.

Рақамли технологиялар иқтисодиётдаги тармоқлараро тафовутларни ҳам қисқартирмоқда: анъанавий соҳаларда ўсиш кўпроқ моддий ресурслар ва бозор конъюнктурасига боғлиқ бўлса, рақамли ечимлар жорий этилган соҳаларда ўсиш барқарор ва тезкор тус олди. Шунингдек, рақамли ривож ташқи очиқликка ҳам таъсир кўрсатяпти. IT ва масофавий хизматлар экспорти ҳажмининг ортиши, хизматлар географиясининг кенгайиши иқтисодий ўсишнинг ички бозор билан чекланиб қолмаслигини таъминлади. Халқаро амалиётда бу жараён “technology-driven growth”, яъни технологияларга таянадиган ўсиш модели сифатида тавсифланади.

Ўзбекистон мисолида ҳам иқтисодий натижалар сунъий интеллект, рақамли платформалар ва автоматлаштирилган хизматлар орқали шаклланмоқда. Президентимиз 21 октябрь куни давлат бошқаруви, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларда сунъий интеллект технологияларини жадал жорий этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида хорижлик экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳиятини 10 млрд. долларга баҳолаётганини айтди. Бу салоҳиятни реал имкониятга айлантириш учун инфратузилма, очиқ маълумотлар ва кадрлар тайёрлашга эътиборни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Жорий йил айнан иқтисодий капиталларни жалб қилиш йўлидаги “катта сакраш”лардан бири бўлди.

Иқтисодий трансформация меваси

2025 йилда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожи Ўзбекистон иқтисодиётининг халқаро очиқлигини сифат жиҳатдан юқори поғонага олиб чиқди. Бу, аввало, хорижий инвестициялар динамикасида яққол намоён бўлмоқда. Жорий йилнинг 11 ойида соҳада амалга оширилган 20 та инвестиция лойиҳаси доирасида 497,5 млн. АҚШ доллари ўзлаштирилди, шундан 353,5 млн. доллари хорижий инвестиция ва кредитлар ҳиссасига тўғри келди. Сўнгги уч йилда эса соҳага қарийб 2 млрд. долларга яқин хорижий капитал жалб этилди, унинг 70 фоиздан ортиғини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил қилди. Бунинг барчаси инвесторлар Ўзбекистонни рақамли трансформацияни амалда намоён этаётган бозор сифатида тан олаётганидан далолат, албатта.

Таъкидлаш керакки, рақамли технологияларга таянган иқтисодий тараққиёт ташқи алоқаларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Негаки, 2025 йилда IT ва масофавий хизматлар экспорти 857,8 млн. долларга етди ва аввалги йилдагига нисбатан 1,4 баробар ошди. Сўнгги уч йилда экспорт ҳажмининг 2,8 баробар ўсиб, 323 млн. доллардан қарийб 1 млрд. доллар даражасига яқинлашиши рақамли хизматлар мамлакат учун стратегик экспорт йўналишига айланаётганини англатади. Ва эътиборлиси, бу ўсиш хомашё эмас, балки интеллектуал меҳнат ва технологияларга асосланган хизматлар ҳисобига таъминланмоқда.

Бу натижалар моҳиятини чуқурроқ англаш учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилда Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда иқтисодиётнинг етакчи соҳаси бўлган пахтачиликдан олинган даромад йиллар давомида 1 млрд. долларга ҳам етмагани ҳақида куйиниб айтган гапларини эслаш кифоя. Зотан, бугун ўша мажбурий меҳнат ва халқаро санкциялар нишонига сабаб бўлган анъанавий соҳадан кўра, келажак касблари орқали юқори қиймат яратилаётгани иқтисодий трансформациянинг мазмунан ўзгарганини кўрсатади.

Экспорт географиясининг кенгайиши ҳам рақамли соҳанинг халқаро рақобатбардошлигини тасдиқлайди. АҚШ ва Буюк Британияга экспорт умумий ҳажмининг деярли ярми хизматлар улушига тўғри келаётгани Ўзбекистон компаниялари юқори талаб ва кучли рақобат мавжуд бозорларга чиқишга қодир эканини тасдиқлаб турибди.

Экспериментдан – тизимли сиёсатгача

Экспертларнинг эътироф этишича, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги ўсиш тасодифий эмас. Бу жараёнда мустаҳкам инновацион инфратузилма яратилгани, IT-парк ва стартап экотизимининг шаклланиши ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Бир мисол. Сўнгги уч йилда IT-парк резидентлари сони 3 баробарга ошиб, 3 348 тани ташкил қилди. Хориж капитали иштирокидаги резидентлар сонининг 5,6 баробарга ўсиб, 915 тага етгани Ўзбекистон стартап муҳитининг халқаро жозибадорлиги ортиб бораётганини тасдиқлайди.

“Рақамли стартаплар дастури” доирасидаги акселерация дастурлари орқали 160 дан ортиқ лойиҳалар қўллаб-қувватланди. Шу билан бирга, маҳаллий венчур жамғармалари сони 15 тадан ошиб, уларнинг умумий устав капитали 180 млн. доллардан ошди. Стартапларга йўналтирилган венчур инвестициялари ҳажми эса 350 млн. долларга етди. Пировардида Ўзбекистон “Global Startup Ecosystem Index” рейтингида 12 поғонага кўтарилиб, “ТОП – 100” давлатлар қаторига кирди.

Ушбу рейтингга кўра, Тошкент шаҳри Марказий Осиёда энг тез ривожланаётган стартап экотизими сифатида эътироф этилди. Халқаро таҳлилий компаниялар мамлакатдаги стартап муҳитининг ўсиш суръатларини дунёдаги энг динамик йўналишлардан бири сифатида баҳолаётгани, жуда, қувонарлидир.

Айниқса, сунъий интеллект Ўзбекистонда алоҳида пилот лойиҳалар доирасидан чиқиб, давлат сиёсати даражасида шаклланган тизимли йўналишга айланди. Бунга, аввало, ҳисоблаш инфратузилмасини кучайтириш орқали эришилди. Масалан, соғлиқни сақлаш соҳаси учун юқори самарали “GPU” кластерлари харид қилиниб, машинавий ўргатиш ва катта маълумотларни қайта ишлаш қувватлари кенгайтирилди. Ва мазкур инфратузилма асосида соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, молия, энергетика, транспорт ва экология соҳаларида 86 та сунъий интеллект лойиҳаси ишга туширилди. СИ тиббиётда диагностика самарадорлигини, таълимда индивидуал ўқитиш имкониятларини оширмоқда, қишлоқ хўжалигида прогнозлаш, молия соҳасида эса хавфларни баҳолаш ва фирибгарликка қарши курашишда қўлланиляпти. Кундалик ҳаётда эса сунъий интеллект аҳоли ва бизнес учун беминнат кўмакчига айланди. Банклар ва давлат ташкилотларида “My ID” биометрик тизими, солиқ соҳасида “DavrOn”, ҳуқуқий соҳада “Odil”, давлат хизматларида “Muhlisa” виртуал ёрдамчилари ишга туширилгани фикримиз тасдиғи.

Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ривожи мустаҳкам инфратузилмага боғлиқ. Шу боис ушбу масала рақамли сиёсатнинг техник эмас, балки стратегик таркибий қисмига айланди. Яна бир муҳим жиҳат – сунъий интеллект ва у билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий тартибга солинишидир. Технологик ривож фақат техник қувватни эмас, балки мустаҳкам ҳуқуқий асосни ҳам талаб этади. Президентимиз 2024 йилда янги чақириқ Олий Мажлиснинг биринчи мажлисида айни шу масалага эътибор қаратиб, сунъий интеллект билан боғлиқ муносабатларни қонунчилик асосида тартибга солиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, сунъий интеллект тизимларини тартибга солувчи қонун ишлаб чиқилиб, сенаторлар томонидан 2025 йил 11 ноябрда маъқуллангани соҳа ривожида навбатдаги муҳим босқич бўлди. Ушбу ҳужжат инсон ҳуқуқлари, маълумотлар дахлсизлиги ва давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, сунъий интеллектни жамият манфаатларига хизмат қилувчи этик ва хавфсиз восита сифатида шакллантиришга кенг йўл очади.

Кўриниб турибдики, 2025 йил Ўзбекистон учун рақамли трансформация соҳасида муваффақиятларга бой йил бўлди. Зеро, юқорида келтирилган фактлар рақамли технологиялар ва сунъий интеллект иқтисодий ўсиш, давлат бошқаруви ҳамда ижтимоий хизматлар сифатини оширишда юксак натижа берган кўплаб мисоллардан бир шингил, холос. Эндиликда асосий вазифа эришилган ютуқларни мустаҳкамлаб, уларни тизимли ва барқарор ривожланиш моделига айлантиришдан иборат. Чунки сунъий интеллектни миллий рақобат устунига айлантириш истиқболлари айнан шу босқичда ҳал қилинади.

Агар ҳисоблаш инфратузилмаси, инсон капитали, ҳуқуқий муҳит ва институционал ҳамкорлик бир вақтда ривожланса, сунъий интеллект Ўзбекистон учун фақат технологик янгилик эмас, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг асосий омилига айланади. Бу мамлакатга глобал рақамли занжирларда фаол иштирок этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ва юқори қўшилган қиймат яратиш имконини беради.

Санжар ШОМУРОДОВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер