Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган

15:04 08 Январь 2026 Жамият
1026 0

Фото: Муҳсин Умурзоқов / «Халқ сўзи»

Ўзбекистонда 2025 йилда 153 тонна сифатли қон тайёрланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, қон мураккаб трансплантация амалиёти ўтказиладиган, онкологик, гематологик каби оғир касалликларга чалинган ва бахтсиз ҳодиса туфайли жиддий тан жароҳати олган беморлар учун муҳим восита саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг қон компонентлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига нисбатан қон топшириш салмоғи 30 нафарни ташкил қилиши керак.

Республика қон қуйиш маркази директори Аълонур Саидовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда бу рақам 10 нафарга тўғри келади. Агар ушбу кўрсаткич 30 нафаргача ортса, мавжуд эҳтиёжни 100 фоиз таъминлашга эришилади. Шу боис, республикада беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш, соҳа муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳозирги пайтда бу йўналишда Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар «Қон препаратлари» илмий-ишлаб чиқариш корхонаси, 13 та ҳудудий ва 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси ҳамда 13 та қон қуйиш бўлими самарали фаолият юритяпти.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда 2023 йил 130,6 тонна, 2024 йил 148 тонна ва ўтган 2025 йилда 153 тонна сифатли қон тайёрланган. Мазкур кўрсаткични янада ошириш мақсадда сўнгги йилларда Республика қон қуйиш марказининг ҳудудлардаги қон билан ишлаш хизмати муассасаларига 13 та кўчма донорлик комплекси – махсус жиҳозланган «Isuzu» автобуслари топширилган.

Улар махсус каравот, музлаткич, гемо-контейнер, ҳавони тозалашга мўлжалланган бактерияга қарши лампалар, кондиционер ҳамда ёриткичлар билан жиҳозланган. Унда бир вақтнинг ўзида 3 нафар донордан қон олиш мумкин.

Қайд этиш керакки, ҳозирда Ўзбекистонда беғараз қон топширувчи шахслар қатор ҳуқуқ, имтиёз ва кафолатларга эга бўлиб, бу борадаги қонунчилик янада такомиллаштирилган.

Жумладан, Қонун (ЎРҚ-1041-сон, 28.02.2025 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бир йўла бериладиган пул мукофоти миқдори оширилиб, (БҲМ)нинг 15 баравари этиб белгиланди. Илгари эса бу рақам БҲМнинг 5 бараварига тенг эди.

Шунингдек, ушбу кўкрак нишони билан тақдирланган донорлар ҳар йили ўзлари учун қулай вақтда меҳнат таътилига чиқиши мумкин ва улар шаҳар йўловчи транспортидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланади. Санаторий-курортларда даволаниш учун эса йўлланмаларни навбатсиз олиш ҳуқуқига эга.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглобин миқдори эркакларда 128, аёлларда эса 120 бўлган ҳар бир шахс донор бўлиши мумкин. Йилига ҳар бир шахс 4 марта қон топшириш имконига эга. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитрдан иборат бўлиши керак.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер