Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади

18:41 15 Январь 2026 Сиёсат
184 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида сўнгги йилларда туризм соҳаси иқтисодиётнинг муҳим ва барқарор ўсиб бораётган стратегик тармоғига айлангани, ўтган йили Ўзбекистонга келган сайёҳларнинг сони кескин ўсиб, 11,5 миллионга, туризм экспорти эса 4,7 миллиард долларга етгани қайд этилди.

2030 йилгача туристлар оқимини 2 карра ошириб, 20 миллионга етказиш режа қилинган. Бунинг учун элчилар Туризм қўмитаси билан янгича ёндашув ва ташаббус асосида ишлаб, энг йирик аутсорсинг компанияларни жалб этиши зарурлиги қайд этилди.

Бу борада Россия, Беларусь, Жанубий Корея, Германия, АҚШдаги элчилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.

АҚШ, Буюк Британия, Индонезия, Россия, Франция ва Хитой элчихоналарида туризм ва маданият бўйича маслаҳатчи лавозимлари жорий этилади. Ушбу давлатлардаги элчиларимиз мазкур имкониятдан самарали фойдаланиб, туризм оқимини 2-3 карра оширишлари шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Бу йилдан АҚШ фуқаролари учун визасиз режим жорий қилинди. Ушбу мамлакатнинг 100 мингдан ортиқ ишчиси бўлган йирик компаниялари билан фаол музокара олиб бориб, жорий йил АҚШдан келаётган сайёҳлар сонини 2 каррага ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Икки ва кўп томонлама сиёсий-дипломатик алоқаларни кенгайтириш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилади. 2035-2036 йилларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига Ўзбекистон номзоди илгари сурилмоқда.

Барча дипломатларимиз жорий йилда ҳам халқаро алоқалар жадвалида юқори фаолликни сақлаб қолиш, ташқи сиёсий кун тартиби янада сермазмун бўлиши учун жиддий саъй-ҳаракат қилиши зарурлиги таъкидланди.

Олий даражадаги ташрифларга бир ой қолганда эмас, анча олдин тайёргарлик кўриш, пухта ишланмаган шартномалар эртага истиқболсиз лойиҳага айланиши ёки инвесторлар йиллар давомида сарсон бўлиб юришига йўл қўймаслик зарурлиги қайд этилди.

Дунёда ўз овози ва салоҳиятига эга бўлган Буюк Британия, Испания, Индонезия, Австралия, Бразилия, Канада каби йирик давлатлар билан олий даражадаги ташрифлар ҳанузгача амалга оширилмагани, алоқалар суст бўлиб қолаётган давлатлар билан ҳамкорликни жонлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмаганига эътироз билдирилди.

Олий даражадаги хорижий ташрифларга тайёргарлик сифатини ошириш, Ташқи ишлар вазирлигининг стратегик таҳлил ва режалаштириш салоҳиятини кучайтириш вазифаси қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?