Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан «Ўзбекистон армияси: кеча ва бугун» фотокўргазмаси ўтказилди (+фоторепортаж)
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жорий йилнинг 14 январь куни Тошкент фотосуратлар уйида «Ўзбекистон армияси: кеча ва бугун» мавзусидаги фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Фотокўргазма Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 1 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги Ф-70-сон фармойишининг 2-иловаси, 36-бандига мувофиқ ўтказилган «Ўзбекистон армияси: кеча ва бугун» мавзусидаги фотосуратлар кўрик-танлови ғолибларининг асарлари асосида ташкил этилди.
Фотокўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирининг ватанпарварлик тарғиботи, маънавий-маърифий ишлар ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Олим Авальбоевич Ўсаров кириш сўзи билан иштирок этиб, миллий армиямизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчиларнинг жасорати ва ватанпарварлик руҳини юксалтириш борасидаги ишлар аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Мазкур танловда 30 га яқин профессионал ва ҳаваскор фотографлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Танловга миллий армиямиз фаолиятига оид 500 дан ортиқ фотосуратлар келиб тушган.
Фотосуратларда Қуролли Кучларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Ватан ҳимоячиларининг шарафли ва масъулиятли хизмат фаолияти, уларнинг оилавий ҳаёти ва турмуш тарзи, шунингдек, миллий армиямизнинг кечаги ва бугунги қиёфаси ўз аксини топган. Асарлар профессионал фото-журналистлар ва соҳанинг малакали мутахассисларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан сараланиб, 1-, 2-, 3-ўринлар ҳамда «Ҳарбий хизматчининг оиласи», «Ҳарбий хизматчининг шижоати», «Энг ёш иштирокчи» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Шунингдек, тадбир давомида Салим Дониёров, Муҳаммад Али ва бошқа иштирокчилар сўзга чиқиб, фотокўргазманинг мазмун-моҳияти, миллий армия образини ёритишда фотосурат санъатининг ўрни ҳамда ёшлар онгида Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлашда бундай ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида фикр билдирдилар.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бош ташкилотчилигида, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Тошкент фотосуратлар уйи ҳамкорлигида ташкил этилди.
Фотокўргазманинг асосий мақсади — ҳарбий хизматчиларнинг жасорати, матонати, ватанпарварлик руҳи ва юртга бўлган садоқатини акс эттирувчи фотосуратларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш, ёш авлод онгида миллий армияга нисбатан фахр, ишонч ва ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни ҳарбий касбга қизиқтиришдан иборат.
Намойишга қўйилган фотосуратлар нафақат ҳужжатли аҳамиятга эга, балки миллий хотира, тарихий давомийлик ва миллий армиямизнинг бугунги қиёфасини ўзида мужассам этган бадиий манба сифатида ҳам аҳамиятлидир.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- «Мен президентман. Мен ҳалол одамман. Мен айбсизман»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг