«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат» фахрий унвони таъсис этилади
Президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида профессионал дипломат кадрларни қайта тайёрлаш, истиқболли кадрлар захирасини яратиш тизимини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
«Дунё» ахборот агентлиги фаолиятини ҳам жонлантириш, бу борада нуфузли хорижий пиар компаниялар, махсус медиа лойиҳалар ва етакчи оммавий ахборот воситалари билан тизимли ишлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу жараёнда халқаро матбуот анжуманлари ва интервьюлар орқали Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий ташаббусларини мунтазам етказиб бориш ва имижини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Президентимиз юртимизда фаолият юритаётган элчихоналар ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бўйича ҳам янгича тизимга ўтиш вақти келганини таъкидлади.
Хорижий элчиларни ҳудудларимизга таклиф қилиб, ҳамкорликдаги ишлар кўздан кечирилса, янги лойиҳалар бўйича биргаликда таклифлар тайёрланса, мақсадга мувофиқ бўлиши айтилди.
Жаҳонда бўлаётган геосиёсий ўзгаришлар, халқаро муносабатлар тизимидаги беқарорлик, минтақавий қарама-қаршиликлар ва глобал иқтисодий трансформациялар ҳар бир давлатдан ташқи сиёсатни доимий равишда қайта кўриб чиқишни, уни миллий манфаатлар ва замон талабларига мослаштириб боришни тақозо қилмоқда.
«Сўнгги йиллардаги очиқ, прагматик ва мувозанатли ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузи ошиб бормоқда.
Шу билан бирга, глобал хавфсизлик архитектурасидаги ўзгаришлар, янги иқтисодий иттифоқлар, савдо йўналишлари, технологиялар ва энергия бозорларидаги трансформациялар ташқи сиёсатимиздан янада фаол, аниқ мақсадли ва натижага йўналтирилган ёндашувни талаб этмоқда», деди Президентимиз.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди.
«Янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим», деди давлатимиз раҳбари.
Ишларни самарали ташкил қилиш учун элчихоналарнинг ҳар бирига йилига қўшимча 100-200 минг доллардан маблағ берилиши белгиланди. Дипломатларимизнинг хизматларини муносиб эътироф этиш мақсадида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган дипломат» фахрий унвонини таъсис этиш таклиф этилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг