Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам

16:17 27 Февраль 2026 Ҳужжатлар
2799 0

Фото: Утарбеков Алихон

Маълумки, Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Болалар саратонига қарши курашиш бўйича Глобал ташаббуси учун ўнта мақсадли давлатлардан бири сифатида танланган. Ушбу Глобал ташаббус доирасида болаларнинг яшовчанлигини 60 фоизга етказишга эришиш кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбари томонидан тиббиёт ривожига қаратилаётган юксак эътибор туфайли мамлакатимизда болалар гематологияси ва онкологияси катталар йўналишидан ажратилиб, алоҳида марказ сифатида ташкил этилди ҳамда ягона болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси хизмати яратилди.

Фото: Утарбеков Алихон

Ҳозирда АҚШнинг Сент-Жуд болалар тадқиқот шифохонаси вице-президенти Карлос Родригес-Галиндо бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди. Мазкур делегация аъзолари юртимизда болалар онкологиясини эрта ташхислаш ва даволаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишмоқда.

Халқаро делегация таркибидан жаҳоннинг етакчи экспертлари, жумладан, «St. Jude Global» халқаро ташаббуси вакиллари ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросининг болалар онкологияси ва паллиатив ёрдам соҳаларидаги мутахассислари ўрин олган. Ушбу халқаро ташкилотларнинг иштироки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори даражадаги профессионал ишонч ва халқаро экспертлар томонидан эътироф этилганининг далолати десак муболаға бўлмайди.

Фото: Утарбеков Алихон
Фото: Утарбеков Алихон

Ушбу делегациянинг ташриф дастури кенг қамровли ва стратегик характерга эга бўлиб, болаларга кўрсатилаётган хизматнинг асосий жиҳатларини — клиник амалиёт ва дори-дармон таъминотидан тортиб, жараёнларни рақамлаштириш ва паллиатив ёрдамни ривожлантиришгача — қамраб олади. Ташриф давомида меҳмонлар «Uzbekistan Airports Cargo» логистик мажмуасига ташриф буюриб, у ерда онкологик дори воситаларини «совуқлик занжири» асосида сақлаш ва ташиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Мутахассислар бу ерда яратилган шароитларга юқори баҳо бериб, мажмуада сифат назорати ва таъминот занжири хавфсизлиги юксак даражада йўлга қўйилганлигини эътироф этди.

Шунингдек, халқаро экспертлар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг вакциналар омборида ҳам бўлди. Делегация аъзолари бу ерда миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ дори воситаларини марказлаштирилган сақлаш механизмларини кўздан кечирар экан, ушбу тизим Ўзбекистонда болалар саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Фото: Утарбеков Алихон
Фото: Утарбеков Алихон

Бундан ташқари, АҚШлик меҳмонлар Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам бўлди. Яқинда ушбу муассасада ўта ноёб қурилма ишга туширилган бўлиб, ушбу аппарат орқали беморларга зарур бўлган онкологик дори-дармонларни тезкор ва хавфсиз тайёрлашга мўлжалланган барча жараёнлар инсон омилисиз бажарилади. Натижада тиббиёт ходимлари ва беморлар учун хавфсизлик максимал даражада таъминланади, дориларнинг самарадорлиги эса кафолатланади. Халқаро экспертлар марказ фаолияти билан яқиндан танишар экан, Президентимиз томонидан юртимизда саратонга чалинган болалар саломатлигига кўрсатилаётган ғамхўрликни юксак баҳолади.

Қолаверса, Глобал платформа доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар натижалари, эришилган ютуқлар ва бошқа долзарб масалалар юзасидан тақдимот ўтказилди. Унда дори воситаларининг етиб келиш муддатларини оптималлаштириш, техник талабларни тўғри шакллантириш, талабнома бериш ҳамда дориларни ҳудудларга етказиш ва беморларга қўллаш жараёнларини такомиллаштиришнинг энг мақбул йўллари атрофлича муҳокама қилинди.

Фото: Утарбеков Алихон

Шунингдек, делегация вакиллари Тошкент шаҳар кўп тармоқли шифохонасидаги «Taskin» болалар онкологик хосписи фаолияти билан ҳам танишди. Ташриф давомида профессионал тажриба алмашиш ва болалар онкологияси тизимини рақамлаштириш масаласига ҳам катта аҳамият қаратилди. Юртимиздаги соҳа мутахассислари учун паллиатив ёрдамни ривожлантириш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш бўйича ўқув маърузаси ўтказилди. Сўнг делегация Ягона интегратор — UZINFOCOMга ташриф буюриб, у ерда саратон билан касалланган беморларни электрон рўйхатга олиш ва маршрутизация қилиш, дори воситаларининг болаларга хавфсиз ва ўз вақтида етиб бориши тизимини кўздан кечирди. Ушбу тизимлар ҳар бир бемор ҳақидаги маълумотларни ягона базага жамлаш, уларнинг даволаниш жараёнини мунтазам кузатиб бориш имконини бермоқда.

Фото: Утарбеков Алихон
Фото: Утарбеков Алихон

Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлиги ва шаффофлигини оширишда муҳим элемент бўлган мониторинг, таҳлил ва беморлар оқимини бошқариш учун юртимизда жорий этилган рақамли воситалар ҳам меҳмонларга намойиш этилди. Делегация аъзолари узоқ муддатли даволаниш жараёнларида болаларнинг таълим олишини таъминлашга қаратилган «Меҳрли мактаб» таълим лойиҳаси фаолияти билан ҳам танишди.

Мазкур ташриф давомида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва АҚШнинг Сент-Жуд болалар тадқиқот шифохонаси ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат болалар онкологик ва гематологик касалликларини даволаш, тиббиёт ходимларини ўқитиш, халқаро клиник стандартларни жорий этиш ва паллиатив ёрдамни ривожлантириш соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорлик йўналишларини белгилаб бериши билан аҳамиятлидир.

Фото: Утарбеков Алихон

Болалар саратонининг олдини олиш бўйича Глобал платформа доирасида амалга оширилган расмий халқаро миссия юртимизда болалар онкологияси ва онкогематологияси тизимини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим стратегик босқичга айланди. Эришилган келишувларни амалга ошириш Ўзбекистонда болаларга халқаро стандартларга асосланган замонавий, барқарор ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Фото: Утарбеков Алихон

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер