Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
Ўтган мавсум Ўзбекистон Суперлигаси бир қатор ёш футболчиларнинг кашф этилиши билан ёдда қолди. Улар нафақат ўз жамоаларида муҳим фигурага айланди, балки мухлислар ва мутахассисларнинг ҳам эътиборини ўзига торта олди. Энди эса янги мавсум арафасида ушбу иқтидор эгалари олдида янада катта синов турибди. Бугун Суперлига старт олади. Шу муносабат билан ўтган мавсум лигада порлаган ва бу мавсумда ҳам ўз клубига улкан умидлар бахш этаётган ёш футболчиларга тўхталиб ўтмоқчимиз.
Беҳрузжон Каримов
«Сурхон» жамоасининг 2007-йилда туғилган футболчиси Беҳрузжон Каримов ўтган йилги мавсум ажойиб ўйинлари билан кўпчиликнинг ёдида қолди. Позицияси бўйича ҳимоячи ҳисобланувчи Каримов ҳужум гуруҳини ҳам фаол равишда қўллаб-қувватлади.
У ўтган йилги мавсум давомида жамоасининг 14 та ўйинида иштирок этди. 11 та баҳсни асосий таркибда бошлади ва ҳимоячи бўлишига қарамай 4 та гол киритди.
Шунингдек, футболчининг ўйини Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи — Фабио Каннаваронинг ҳам назаридан четда қолмади. Терма жамоанинг қишда ташкил этилган йиғинига Беҳрузжон Каримов биринчи марта жалб этилди. Ушбу йиғин доирасида Хитой термасига қарши ўтган назорат ўйинида футболчи миллий жамоадаги дебют голини киритишни ҳам уддалади.
Амир Тўрақулов
«Бунёдкор» жамоасининг 21 ёшли ҳужумчиси Амир Тўрақулов ўтган мавсум жамоадаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олди. Футболчи мавсум давомида «қалдирғочлар»нинг 25 та ўйинида майдонга туширилди. Амир ушбу ўйинларнинг 16 тасини асосий таркибда бошлади. Ҳужумчи мавсум давомида 3 та гол киритди ва битта голли узатма амалга оширди.
Футболчининг «Насаф» ва «Қўқон-1912» жамоалари дарвозасига киритган голлари жамоасига дуранг натижани келтирди. 19-турда «Бухоро» дарвозасига киритган голи эса учрашув тақдирини ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.
Сардор Баҳромов
Ўтган йилги мавсум ўртасида «Насаф» жамоаси жиддий йўқотишга учради. Жамоанинг етакчи футболчиси Акмал Мозговой клубни тарк этди. Шундан сўнг, Рўзиқул Бердиев ушбу таянч яримҳимоя чизиғида 20 ёшли Сардор Баҳромовни ўйнатишни бошлади.
Таъкидлаш керакки, Сардор учун дастлабки мавсум жуда омадли бўлди. Футболчи жамоада муқим ўрин эгаллаш билан бир қаторда Осиё Элит чемпионлар лигасида «Ал Ҳилол» ва «Ал Ваҳда» клублари дарвозасига ажойиб голларни ҳам киритди.
Баҳромовнинг юқори савиядаги ўйини Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваронинг эътиборига ҳам тушди ва италиялик мутахассис футболчини миллий жамоанинг 2 та йиғинига жалб этди.
Фирдавс Абдураҳмонов
«Динамо» жамоаси учун 2025-йилги мавсум кутилганидан ҳам яхшироқ ўтди. Бунда жамоадаги тажрибали футболчилар билан бир қаторда ёш иқтидорларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Мана шундай ёш футболчилардан бири Фирдавс Абдураҳмонов эди.
2005-йилда туғилган Фирдавс ўтган мавсум жамоасининг 23 та ўйинида иштирок этди. Ушбу ўйинларда футболчи 6 та гол урди ва 3 та голли узатма амалга оширди. Унинг «Андижон» ва «Хоразм» клублари дарвозасига киритган голлари ўйин тақдирини ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.
Якунда Фирдавс Абдураҳмонов ҳам Ўзбекистон миллий терма жамоасининг январ–феврал ойларида ташкил этилган йиғинига жалб этилди.
Лазиз Мирзаев
2023-йил ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзини бутун дунёга намоён қила олган Лазизбек Мирзаев 2026-йилги мавсумни Суперлига клубида ўтказади.
Лазизбек ўтган мавсум Испаниянинг «Леганес» ёшлар жамоасида тўп сурган ва йил бошида «Ғазалкент» клуби томонидан трансфер қилинган эди. Шундан сўнг, Тошкент вилояти жамоаси уни «Локомотив» клубига ижарага берди ва Мирзаев яна ўзининг жонажон жамоасига қайтди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Январь ойида юз нафардан ортиқ америкалик ўқиш учун Ўзбекистонга келди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг