Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор

17:40 21 Февраль 2026 Дунё
1913 0

Иллюстратив фото

Украинанинг бир нечта минтақаларида кеча, 20 февраль куни тунда ҳаво ҳужуми сиренаси янгради, деб хабар бермоқда «Контехт» Telegram канали.

Маълум бўлишича, Украинанинг Одесса, Харков ва Суми вилоятларида портлашлар қайд этилган. Мамлакат ҳаво кучлари 120 та дрондан 106 тасини зарарсизлантирганини хабар қилди. Бундан ташқари, Украина қуролли кучлари маълумотларига кўра, мамлакатга қарата «Iskander-M» ракетаси ҳам учирилган. 11 жойда 13 та учувчисиз учиш аппарати ва битта баллистик ракетанинг зарбалари қайд этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида Одесса вилоятида икки киши жароҳатланган, энергетика иншоотига зарар етган. Вилоятнинг учта ҳудудидаги бинолар шикастланган.

Шунингдек, Харков вилоятида сўнгги 24 соат ичида беш киши ҳужум қурбони бўлган. Яна беш киши жароҳатланиб, шифохонага жойлаштирилган. Ҳудуддаги тўққизта бино турли даражада шикастланган. Суми вилояти расмийларининг таъкидлашича, сўнгги 24 соат ичида 21 та аҳоли пунктида ўқ отиш, ҳаво ҳужумлари ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари ҳақида хабар берилган. Уч нафар фуқаро жароҳатланган. Ҳудуд бўйлаб бешдан ортиқ бинолар зарарланган.

Россия Мудофаа вазирлигининг кундалик ҳисоботида «Ҳимарс» кўп қиррали ракета учириш мосламаси, «Фламинго» ракета учириш мосламалари, Украина қуролли кучлари томонидан фойдаланиладиган транспорт ва энергетика инфратузилмаси объектлари, дронларни йиғиш, сақлаш ва парвоздан олдинги тайёргарлик жойлари ҳамда ҳарбий хизматчилари учун вақтинчалик жойлаштириш пунктларига зарбалар берилгани тўғрисида хабар берилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?