Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Маълумки, жорий йилнинг 15 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, дипломатик корпус фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда элчилар олдидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.


Хусусан, туризм соҳасида элчиларнинг ролини кучайтириш, туризм ва маданият йўналишидаги ишларни янги ёндашувлар асосида ташкил этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини янада мустаҳкамлаш, визасиз режим имкониятларидан кенг фойдаланиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Бу йўналишда миллий маданий меросни халқаро миқёсда тизимли тарғиб этишга қаратилган янги ёндашувлар зарур экани қайд этилди.



Шу муносабат билан, мазкур йиғилиш иштирокчилари ва дипломатик корпус вакилларидан иборат жами 60 нафар делегация аъзолари юртимиздаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган мазкур марказнинг ғоявий мазмуни ва амалий аҳамияти меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.



Ташриф давомида делегация аъзолари марказнинг шон-шараф зали, ноёб архитектураси, шунингдек, буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини акс эттирувчи маҳобатли равоқлар билан танишди. Шунингдек, Исломдан аввалги давр, биринчи ва иккинчи Ренессанс, бундан ташқари, «Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс пойдевори» бўлимларини ўз ичига олган музей экспозициясини кўздан кечириб, чуқур таассурот олишди.


Таъкидлаш жоизки, ушбу марказ фаолияти орқали Ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, Марказий Осиё заминидан етишиб чиққан алломаларнинг илмий мероси ҳамда уларнинг умумбашарий аҳамияти яққол намоён этилмоқда. Делегация аъзолари мазкур лойиҳанинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё миқёсида ўзига хос маънавий-маърифий платформа сифатида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида эътироф этди.




Ташриф якунида Ислом цивилизацияси маркази келгусида халқаро туризмни ривожлантириш, маданий мулоқотни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг бой тарихий-маънавий меросини жаҳон жамоатчилигига етказишда муҳим масканга айланиши қайд этилди.
Отабек САИДАҲМАДОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг