Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?

17:26 13 Ноябрь 2025 Спорт
161 0

Эртага, 14 ноябрь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликларида ўтадиган тижорий турнир доирасида Миср терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Ушбу баҳс олдидан икки жамоанинг имкониятларини таққослаб кўрамиз.

Умумий кўрсаткичлар

Ўзбекистон миллий терма жамоаси айни пайтда ФИФА рейтингида 1452,34 балл тўплаган ҳолда 55-ўринни эгаллаб турибди. Бу эса Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоа Осиёда 6-ўринда эканлигини билдирди.

Миср термаси эса ҳозирча ФИФА рейтингида 1525,31 балл тўплаган. Бу эса жамоа айни вақтда 32-ўринда эканини англатади. Бу Африка минтақасида Сенегал ва Марокашдан кейинги энг яхши натижа ҳисобланади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2025 йилни жуда яхши ўтказмоқда. «Оқ бўрилар» йил давомида 11 та ўйин ўтказди. Улардан 6 тасида Элдор Шомуродов бошчилигидаги жамоа ғалаба қозонган бўлса, 4 та учрашув дуранг натижа билан якунланган. Фақатгина Уругвай терма жамоасига қарши ўйинда Каннаваро жамоаси мағлуб бўлди.

Миср терма жамоаси эса йилни Ўзбекистондан ҳам яхшироқ ўтказмоқда. Хоссам Хассан бошчилигидаги жамоа фақатгина йил бошида ўтган Жанубий Африка Республикаси терма жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида мағлуб бўлди. Қолган 8 та ўйиннинг 7 таси Муҳаммад Салах сардорлигидаги жамоанинг ғалабаси билан якунланди. Фақатгина Буркина-Фасо мамлакатлари терма жамоаси Миср билан дуранг ўйнашга эришди.

Мураббийлар

Ўзбекистон миллий терма жамоасини италиялик мутахассис Фабио Каннаваро бошқармоқда. Олтин тўп соҳиби «Оқ бўрилар» бош мураббийлигидаги дебют ўйинида Қувайт термасини 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи баҳсда эса Уругвай терма жамоасига имконият бой берилди.

Лекин ушбу йиғинда катта эҳтимол билан Каннаваро ўзи танлаган футболчилардан фойдаланмаган. Ноябрь ойидаги футболчилар танлови эса айнан Фабионики бўлди. Энди натижа учун ҳам барча жавобгарликни янги мураббий ўзи бўйнига олади.

Миср терма жамоасини эса айни пайтда 59 ёшли мутахассис Хоссам Хассан бошқармоқда. Ушбу мутахассис 1966 йилнинг 10 август санада Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида туғилган.

Хоссам футболчилик фаолияти давомида Мисрнинг «Ал-Аҳли», «Замалек», «Ал-Масру», «Ал-Иттиҳод», шунингдек, Кипрнинг «ПАОК» ва БААнинг «Ал-Айн» каби клубларида ўйнаган.

Миср терма жамоасида 1985 йилдан 2006 йилгача бўлган вақт орасида 177 та ўйинда майдонга тушиб, 69 та гол киритган.

2008 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган Хоссам фаолиятининг катта қисмини Миср клубларида ўтказган. Миср терма жамоаси бошқарувига келгунгача ҳам ушбу мамлакатнинг «Модерн» клубида фаолият олиб борган.

Лекин Хоссам Хассан бизга Иордания терма жамоаси бош мураббийлигидаги фаолияти билан яхши таниш.

2013 йилнинг сентябрида Ўзбекистон ва Иордания терма жамоалари Жаҳон чемпионати саралашининг плей-оффида ўзаро ўйин ўтказган. Икки ўйин натижасига кўра дуранг натижа қайд этилган. Пенальтилар сериясида эса «араблар» ғалабани илиб кетган. Айнан ушбу ўйинларда Иордания терма жамоаси бош мураббийи сифатида Хоссам Хассан ишлаган.

Футболчилар

Ўзбекистон терма жамоасининг асосий устуни легионерлардан иборат. Жамоа етакчилари Англия, Туркия, Эрон ва БАА каби мамлакатларда тўп сурмоқда.

Мисрлик футболчилар эса дунё бўйлаб турли чемпионатларда фаолият юритмоқда. Жамоа сафида қуйидаги жаҳон юлдузлари бор:

Муҳаммад Салах («Ливерпуль»)

Омар Мармуш («Манчестер Сити»)

Мустафо Муҳаммад («Нант»)

Муҳаммад Абделмонем («Нитса»)

«Трансфермаркт» маълумотларига кўра, Миср терма жамоасида трансфер нархи 1 миллион евро ёки ундан юқори бўлган футболчилар сони 24 нафарга етган. Нархи 5 миллион евродан юқори бўлган футболчилар эса 4 нафарни ташкил этди.

Солиштириш учун, айни вақтда «Трансфермаркт» бўйича Ўзбекистон терма жамоасида нархи 1 миллион евродан юқори бўлган футболчилар сони 15 нафар. Улар орасида 3 нафарини бозор қиймати 5 миллион евродан ошади.

Совринлар

Жамоаларнинг шу вақтгача ютган совринларига назар ташласак, Миср яққол устунликка эга эканини кўриш мумкин.

Африка вакили шу вақтгача 7 марта Африка Миллатлар Лигаси, 1 марта Африка ўйинлари, Араб Кубоги, Араб ўйинлари, Фаластин Кубоги, LG Кубоги, Медитеранеан ўйинлари мусобақаларининг бош совринини қўлга киритган.

Шунингдек, Миср термаси 3 марта Африкада йилнинг энг яхши жамоаси деб тан олинган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса 1 марта Осиё ўйинлари, «CAFA National Cup», «Мердека Кубоги» ва «Наврўз Кубоги» мусобақаларида ғолиб бўлган.

Жамоаларнинг имкониятлари

Тан олиш керак, ўйин олдидан Хоссам Хассан бошчилигидаги Миср терма жамоаси фаворит сифатида қаралади. Аммо футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Шу сабабли, ушбу баҳсда ҳам Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоасидан кутилмаган сюрприз ва муносиб ўйин кутиш мумкин.

«Оқ бўрилар» учун бу нафақат кучли рақиб билан беллашув, балки ўз салоҳиятини жаҳон даражасида намоён этиш имконияти ҳам бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер