Афғонистон президенти Амрулла Солиҳ кучлари «Толибон»га қарши жанг бошлаган. Қўшинга генерал Абдул-Рашид Дўстум бошчилик қилмоқда

23:21 17 Август 2021 Дунё
2247 0

Фото: AP

Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ (олдинроқ у ўзини мамлакат президенти деб эълон қилган эди) кучлари «Толибон»га қарши жангга киришган.

«РИА Новости»нинг Афғонистон пойтахтидаги ҳарбий манбага таяниб хабар беришича, Амрулла Солиҳ кучлари Кобул шимолидаги Парвон вилояти Чориқар туманини «Толибон»дан қайтариб олган.

«Ҳозир жанглар Панжшир вилоятида давом этмоқда», дейилади манбада.

Айни пайтда генерал Абдул-Рашид Дўстум бошчилигидаги Афғонистон армиясининг 10 минг шахсий таркиби минтақага юборилмоқда.

Чориқарда стратегик аҳамиятга эга йўл Саланг туннели жойлашган. У Кобулни Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар Мозори Шариф билан боғлайди.

Солиҳ Афғонистонни ташлаб қочган президент Ашраф Ғанидан фарқли ўлароқ мамлакатда қолган. Аввалроқ, у Афғонистон Конституциясига кўра ўзини вақтинчалик давлат раҳбари деб эълон қилган эди.

15 августда «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг бутун ҳудудига назорат ўрнатганини эълон қилди. Унинг вакиллари Кобулдаги давлат телевидениясини ўз қўлига олди ва мурожаат билан чиқиб, фуқароларни тинчликни сақлашга чақирди.

«Толибон» Кобулга кириб келиши билан минг-минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари мамлакатни тарк этиш илинжида аэропортга тўпланди. Ҳатто, айрим фуқаролар учиб кетаётган самолёт қанотларига ҳам чиқиб олди. Натижада маълум вақт давомида аэропортда иш тўхтаб қолди. Аэропорт ҳудудида тартибни сақлаш учун ўқ отар қуроллардан ҳам фойдаланилган.

Германия президенти ушбу воқеаларни Ғарб учун шармандали дея айтиб ўтди.

Олдинроқ, «Толибон» тинч аҳолидан қуролларни тортиб олишни бошлагани ва Афғонистон махсус кучлари тарқатиб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

Бироз олдин Европа Иттифоқи «Толибон» ҳаракатининг Афғонистондаги урушда ғалабасини тан олгани, аммо айни пайтда ЕИ Афғонистондаги янги ҳукуматни тан олмаслиги ҳақида хабар тарқалган эди. 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?