Европа Иттифоқи Афғонистондаги урушда «Толибон» ғалаба қозонганини тан олди. Аммо...

22:36 17 Август 2021 Дунё
2505 0

Фото: AP

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Хосе Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқи «Толибон» ҳаракатининг Афғонистондаги урушда ғалабасини тан олади. Аммо айни пайтда ЕИ Афғонистондаги янги ҳукуматни тан олмайди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда. 

«Толибон» урушда ғалаба қозонди, шунинг учун биз миграция ва гуманитар инқирозларнинг олдини олиш учун ким бўлишидан қатъий назар, Кобулдаги янги ҳокимият билан мулоқот қилишимиз керак. Бу гап «Толибон» ҳокимиятини тан олиш ҳақида эмас, балки мулоқот ҳақида», дейди Боррел.

15 августда «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг бутун ҳудудига назорат ўрнатганини эълон қилди. Унинг вакиллари Кобулдаги давлат телевидениясини ўз қўлига олди ва мурожаат билан чиқиб, фуқароларни тинчликни сақлашга чақирди.

«Толибон» Кобулга кириб келиши билан минг-минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари мамлакатни тарк этиш илинжида аэропортга тўпланди. Ҳатто, айрим фуқаролар учиб кетаётган самолёт қанотларига ҳам чиқиб олди. Натижада маълум вақт давомида аэропортда иш тўхтаб қолди. Аэропорт ҳудудида тартибни сақлаш учун ўқ отар қуроллардан ҳам фойдаланилган.

Германия президенти ушбу воқеаларни Ғарб учун шармандали дея айтиб ўтди.

Олдинроқ, «Толибон» тинч аҳолидан қуролларни тортиб олишни бошлагани ва Афғонистон махсус кучлари тарқатиб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?