Кобул аэропортида юз берган воқеалар Ғарб учун уят — Германия президенти

18:54 17 Август 2021 Дунё
855 0

Фото: Reuters

Германия НАТО кампанияси иштирокчиси сифатида, ушбу мамлакатда бўлаётган воқеалар учун жавобгардир. Ушбу фикрларни Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер айтиб ўтди дея ёзмоқда "Spiegel" журнали.

Унинг фикрича, Шимолий Атлантика альянсидаги иттифоқчилар фуқаролар урушида «Толибон» ҳаракати ғалабасидан хулоса чиқариши керак. Штайнмайер, шунингдек, афғон халқи билан бўлаётган воқеаларни «фожиа» деб атади. Унинг қўшимча қилишича, Кобул халқаро аэропортидаги одамларнинг ночор аҳволи Ғарб сиёсий раҳбарлари учун уятдир.

Аввалроқ, Германия фуқаролари ва афғон қочқинларини эвакуация қилиш учун мўлжалланган немис самолёти Кобул аэропортидаги тартибсизликлар ва отишма туфайли фақат 7 кишини қабул қила олган. Ундан олдин лайнер аэропортга ҳатто қўна ҳам олмаган. Бунга учиш-қўниш йўлаги одамлар билан тўла бўлгани сабаб бўлган. Самолёт аэропорт осмонида узоқ вақт тургандан сўнг ёнилғи қуйиш учун Тошкентга учишга мажбур бўлган.

16 август куни Германия канцлери Ангела Меркел Афғонистондан 10 минг кишини, шу жумладан, немис ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилган афғонларни, ҳуқуқ ҳимоячилари ва адвокатларни эвакуация қилишга чақирди. У, шунингдек, Берлин қочқинларни жойлаштиришга ёрдам бериш учун Афғонистон билан чегарадош давлатлар билан ҳамкорлик қилиши кераклигини таъкидлаган.

15 августда «Толибон» ҳаракати Афғонистоннинг бутун ҳудудига назорат ўрнатганини эълон қилди. Унинг вакиллари Кобулдаги давлат телевидениясини ўз қўлига олди ва мурожаат билан чиқиб, фуқароларни тинчликни сақлашга чақирди.

«Толибон» Кобулга кириб келиши билан минг-минглаб маҳаллий аҳоли вакиллари мамлакатни тарк этиш илинжида аэропортга тўпланди. Ҳатто, айрим фуқаролар учиб кетаётган самолёт қанотларига ҳам чиқиб олди. Натижада маълум вақт давомида аэропортда иш тўҳтаб қолди. Аэропорт ҳудудида тартибни сақлаш учун ўқ отар қуроллардан ҳам фойдаланилган.

Олдинроқ, «Толибон» тинч аҳолидан қуролларни тортиб олишни бошлагани ва Афғонистон махсус кучлари тарқатиб юборилгани ҳақида хабар берган эдик.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?