Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
Фото: Акмал Муҳаммадов / «Халқ сўзи»
Ўзбекистон ва Покистон халқлари асрлар давомида ўзаро адабий, маданий ва маънавий ришталар билан боғланиб келади. Бу боғлиқликка илк пойдевор қўйган академик Ойбек домла бўлса, ушбу хайрли анъанани давом эттириб, янги мазмун ва руҳ бағишлаган забардаст публицист Дадахон Нурий бўлди. Унинг “Сафарнома”, “Даричам рўпарасидаги Покистон” каби асарлари икки халқни янада яқинлаштирди, бир-бирини чуқур англашга хизмат қилди.
Бугун эса ушбу маърифат эстафетасини покистонлик ёзувчи Муҳаммад Аббос Хон давом эттирмоқда. Унинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китоби маданий мулоқотимизга янги нафас, янги руҳ бағишлаб, икки мамлакат маънавий ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаётган асар сифатида қимматга эга.
Покистонлик сиёсатшунос, журналист Муҳаммад Аббос Хон асарида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Учинчи Ренессанс ғояси бутун инсониятни ҳамкорликка, тинчлик ва маърифатга чорловчи абадий ғоя сифатида талқин этилади. Муаллифнинг таъкидлашича, тарихда давлатлар, империялар барҳам топади, аммо буюк ғоялар доимийдир — улар инсоният тафаккурини, келажак йўлини белгилаб беради.
Шу маънода Учинчи Ренессанс ғояси муаллиф назарида инсон тафаккурининг чексиз уфқига қуйилган қудратли дарё каби. У жамиятни янги марраларга етакловчи маърифат нуридир.
Китобга Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифнинг сўз боши ёзгани эса мазкур фикр ва ташаббусларнинг нафақат Покистон, балки жаҳон миқёсидаги аҳамияти юқори эканидан далолат беради.
Муаллиф Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Хайрли иш яхши ниятдан бошланади” деган сўзларини китобнинг фалсафий асоси сифатида талқин қилади. Бу фикрга кўра, чин маънодаги ислоҳот ва тараққиёт аввало, инсон қалбидаги эзгулик, адолат ва пок ниятдан бошланади.
Бадиий-публицистик асарда мамлакатимиз давлатчилигининг уч минг йиллик тарихий тажрибасига оид мисоллар ҳам келтирилиши Учинчи Ренессанс пойдеворининг тарихий манбаларга таянган ҳолда яратилаётганини кўрсатади.
Китобнинг ҳар бир боби ўқувчини теран мулоҳазага чорлайди: тарих девор эмас — кўприк, келажак эса рақобат эмас, балки ҳамкорлик майдони экани ҳақидаги фикрлар жонли воқеалар ва ҳаётий мисоллар билан асослаб берилган.
Пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Маърифат маркази”да бўлиб ўтган асар тақдимоти ҳам фикр ва ғоялар майдонига айланди. Унда мамлакатимиз ва Покистондан келган зиёлилар, давлат арбоблари, олимлар, ёзувчилар иштирок этдилар. Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Спичрайтери Хайриддин Султонов, Покистон Ислом Республикаси Президентининг Матбуот котиби ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бўйича маслаҳатчиси Муртазо Солангилар кириш сўзи билан очди ва иштирок этди.
Спикерлардан Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Азамат Зиё, Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг савдо ва саноат масалалари бўйича координатори Рана Ихсаан Афзал Хон, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдухалимов, Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Фарук Аҳмад, Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисиАлишер Агзамходжаев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид асарнинг мазмун-моҳиятини очиб бериб, унинг ҳозирги глобаллашув даврида халқлар ўртасида ўзаро тушуниш кўприги эканини таъкидладилар.
Ушбу нуфузли маърифий тадбир иштирокчиси, Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси, адабиётшунос Дилфуза Қаршибоеванинг фикрича, ушбу китоб нафақат сиёсий, балки юксак маънавий-мафкуравий аҳамиятга эга.
— Муҳаммад Аббос Хон асари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини нафақат тушунтиради, балки унинг маънавий-ахлоқий пойдеворини ҳам очиб беради, — дейди Д.Қаршибоева. — Мазкур бадиий-публицистик нодир асар ҳозирги кунда Янги Ўзбекистонимизда яратилаётган Учинчи Ренессанснинг марказларидан бири сифатида дунёга танитувчи интеллектуал манбага айланган. Асар ўқувчини ўйлашга, англашга, энг муҳими, эзгу ният билан яшашга чорлайди.
“Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” асари нафақат адабий ёки публицистик асар, балки маданий мулоқот, ўзаро англаш ва ҳамжиҳатликнинг янги даврига йўл очувчи қудратли маънавий кўприкдир.
У инсониятни эзгу ният, тинчлик, ҳамкорлик ва маърифатга чорловчи ғояларни ўз ичига олгани учун ҳам даражаси юқори, қиммати беқиёс.
— Бу асарни ўқир эканман, Ўзбекистондаги ислоҳотлар илдизи қанчалик чуқур ва муаззам эканини яна бир карра англадим, — дейди Геология фанлари университети 1-проректори Баҳром Урунов. — Учинчи Ренессанс ғоясининг моҳияти — фақат технологик ёки иқтисодий ривожланиш эмас, балки инсоннинг ўзи, унинг билим, ахлоқ ва маънавий камолотини улуғлашдир. Муҳаммад Аббос Хон ана шу ҳақиқатни жуда нозик ҳис ва чуқур таҳлил билан ёритган.
Муҳаммад Аббос Хоннинг Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг фахрий аъзоси сифатида эътироф этилиши эса икки халқ ўртасидаги дўстликнинг яна бир ёрқин рамзи бўлди.
Бу асар шубҳасиз, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги маънавий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлайди ва келажакдаги янги ҳамкорликлар учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг