Агар Трамп Гренландияни ўз таъсирига бўйсундиришга қарор қилса, Европа қандай жавоб қайтариши мумкин?

11:20 09 Январь 2026 Дунё
349 0

Гренландия пойтахти Нуукнинг манзараси, 2025 йил 3 ноябрь.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландияга бўлган даъволари тобора қатъийлашиб бормоқда. Агар аввалроқ Европа ҳукуматлари буни жиддий қабул қилмаган бўлса, эндиликда улар АҚШ президентининг риторикасини инкор этмаяпти ва «умидсиз ҳолда» қарши чоралар режаларини ишлаб чиқмоқда, деб ёзади Politico. Нашр журналистлари расмийлар, дипломатлар, экспертлар ҳамда НАТО вакиллари билан суҳбатлашиб, Европа Трампни Гренландияни қўлга киритишдан қандай тийиб қолиши мумкинлиги ва у барибир бундай қарорга келса, қандай вариантлар мавжудлигини ўрганган.

Даниялик собиқ депутатлардан бири шундай деган: «Ҳамма шок ҳолатида ва қўлимизда аслида қандай воситалар борлигини яхши тасаввур қила олмаяпти». «Аммо бу саволларга жавоб бизга зудлик билан керак», — дея қўшимча қилган у.

Муросани излаш

Трамп Гренландия АҚШ хавфсизлиги учун ҳаётий аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, Данияни Арктикада Россия ва Хитой ҳарбий фаоллигининг ортишига қарши етарли чора кўрмаётганликда айбламоқда. Politicoʻга кўра, инқироздан энг тез чиқиш йўли Трампга буни ғалаба сифатида кўрсатиш имконини берадиган, Дания ва Гренландияга эса «юзни сақлаб қолиш»га ёрдам берадиган келишув бўлиши мумкин. Бундай келишувни тузишда НАТО Гренландия, Дания ва АҚШ ўртасида воситачи бўлиб чиқиши мумкин, дейди альянснинг собиқ юқори лавозимли амалдори.

НАТОдаги иттифоқдошлар, шунингдек, Трампга Арктикада Гренландия хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган янги таклифлар беришни ҳам муҳокама қилмоқда — гарчи оролга Россия ва Хитой кемалари томонидан таҳдидлар ҳақидаги қарашлар кўпинча бўрттирилган, деган фикрлар мавжуд бўлса ҳам. НАТОдаги уч дипломатнинг айтишича, альянс Арктикада мудофаа харажатларини ошириш, минтақада кўпроқ ҳарбий машғулотлар ўтказиш ва Гренландияни қўриқлаш учун қўшин жойлаштириш имконини кўриб чиқиши керак.

Politico манбаларидан иккитаси альянс минтақада «Арктик қоровул» (Arctic Sentry) деб аталган ҳарбий миссияни йўлга қўйишга ҳам тайёр бўлиши лозимлигини қўшимча қилган — бу «Шарқий қоровул» ва «Балтика қоровули» миссияларига ўхшаш бўлади. Манбалардан бирига кўра, минтақада альянсни мустаҳкамлаш учун «қўлдан келадиган барча иш максимал даражада қилиниши шарт».

Кўпроқ пул

Бу вариантнинг моҳиятини Politico «Гренландияни пулга кўмиш» деб таърифлайди. Нашр ёзишича, Трампнинг ишораси шундан иборатки, агар Гренландия АҚШ билан келишув имзоласа, у «амалда Америка пулларига ғарқ бўлади». Шу боис Европа Иттифоқи ва Дания гренландияликларни ўзлари янада жозибалироқ шартларни таклиф қила олишларига ишонтиришга уринмоқда.

Сентябрь ойида, Трамп Гренландияга нисбатан даъволарини илгари сура бошлаганидан сўнг, Еврокомиссия 2028 йилдан бошлаб етти йил ичида Гренландияга сарфланадиган маблағни икки баробардан зиёд ошириш (530 миллион еврогача) режасини таклиф қилган. Бу маблағлар Даниянинг ўз-ўзини бошқарувчи ҳудуд сифатида Гренландияга ажратаётган ёрдамидан ташқари бўлади. Ҳозирча Дания ва Европа ёрдами асосан ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш, таълим ва «яшил» ўтишга қаратилган. Янги режаларда эса Гренландиянинг фойдали қазилмаларни мустақил қазиб олишига урғу берилади, деб ёзади Politico.

Гренландия парламентидаги мустақиллик тарафдори бўлган мухолифат депутати Куно Фенкер шундай дейди: «Бизда жуда кўп одамлар қашшоқлик чегарасидан пастда яшайди, инфратузилма ортда қолган, ресурсларимиз эса Гренландиянинг ўзига деярли фойда келтирмасдан сўриб олинмоқда — асосий фойдани дат компаниялари кўряпти».

Нуук манзараси, 2025 йил 3 май.

Politico хулосасига кўра, Дания ва Евроиттифоқ томонидан таклиф этиладиган жозибали иқтисодий пакет Гренландиянинг АҚШ назоратига ўтиб кетишининг олдини олиш учун етарли бўлиши мумкин.

Иқтисодий «қарши ҳужум»

Бу сценарий Евроиттифоқда Трамп жорий этган бож тўловларига жавоб сифатида муҳокама қилинган воситани қўллашни назарда тутади. Гап Bloomberg «мажбурлашга қарши инструмент» деб атаган Anti-Coercion Instrument ҳақида кетмоқда. Уни 2025 йил март ойида Франция ишга солишни таклиф қилган эди. Бу инструмент савдо камситилиши ҳолатида Евроиттифоққа кенг кўламли қарши чоралар кўриш — савдо ва хизматларга, интеллектуал мулк ҳуқуқларига, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга ҳамда давлат харидларига киришни чеклаш имконини беради.

Натижада бу восита қўлланилмади: Politico ёзишича, июль ойида томонлар вақтинчалик келишувга эришгач, у «рафга қўйилган». Аммо АҚШ Евроиттифоқ товарларига нисбатан бож тўловларини сақлаб қолмоқда, шунинг учун Брюссель бу инструментга яна қайтиши мумкин.

Шу билан бирга, Politico таъкидлашича, Трамп Евроиттифоқ ниятларининг жиддийлигига ишониши ҳам керак — чунки аввалги сафар қаттиқ баёнотлар амалий натижа бермаган эди.

Ҳарбий жавоб

Агар АҚШ ҳақиқатан ҳам Гренландияни ҳарбий куч билан қўлга киритишга қарор қилса, Европа буни тўхтатиш учун жуда кам имкониятга эга бўлади, деб ёзади нашр.

Даниялик ҳарбий эксперт Томас Кросби айтишича, европаликлар «америкаликлар Гренландияга даъво билдиришидан олдин уларга превентив зарба бериш»ни режалаштирмаяпти, аммо АҚШнинг биринчи қадамига жавоб вазиятга боғлиқ бўлади. Агар гап «жуда кичик» америкалик гуруҳ ҳақида кетса, уларни жиноят сифатида ҳибсга олишга уриниб кўриш мумкин. Аммо агар АҚШ барча кучини ишга солса, вазият бутунлай бошқача тус олади, деб ёзади Politico.

Ҳуқуқий жиҳатдан қаралса, Дания ҳарбий йўл билан жавоб қайтаришга мажбур бўлиши мумкин. 1952 йилда қабул қилинган амалдаги буйруққа кўра, Дания ҳудудига ҳужум қилинган тақдирда қўшинлар «дарҳол жангга кириши, ҳеч қандай қўшимча буйруқ кутмаслиги ва сўрамаслиги» лозим.

Дания патруль кемаси ҲДМС Эжнар Миккелсен Нуукда. 2025 йил 3 ноябрь

Шунингдек, Евроиттифоқ дипломати таъкидлашича, агар Дания сўраса, бошқа Европа давлатлари ҳам Гренландияга ўз қўшинларини жойлаштириш имконини кўриб чиқиши керак — бу АҚШ учун ҳарбий операциянинг «нархини» оширади. Бу кучлар АҚШ босқинига тўлиқ қарши тура олмаслиги мумкин, аммо улар тийиб турувчи омил вазифасини бажаради, деб ёзади Politico. Кросбининг фикрича, бундай вазиятда америкалик ҳарбийлар «ё куч ишлатишга, ёки ортга чекинишга» мажбур бўлиши мумкин. Бироқ у бу стратегия «жуда юқори баҳога», яъни инсонлар ҳалок бўлишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер