АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди

11:09 06 Декабрь 2025 Дунё
162 0

АҚШ Европадан 2027 йилга қадар НАТО доирасидаги мажбуриятларнинг асосий қисмини, хусусан, ракета ишлаб чиқариш ва разведка маълумотларини тўплаш масъулиятини ўз зиммасига олишни талаб қилди. Бу ҳақда Reuters бешта манбага таяниб хабар берди.

Пентагон вакиллари бу талабни декабрь ойи бошида Вашингтонда Европа дипломатларига етказган. Учрашувда АҚШ Мудофаа вазирлиги вакиллари, Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин Европанинг мудофаа салоҳиятини ошириш суръатидан АҚШ ҳали ҳам қониқмаётганини таъкидлаган.

Пентагон маълум қилишича, агар Европа 2027 йилгача белгиланган вазифаларни бажара олмаса, АҚШ НАТОнинг айрим мудофаа механизмларида иштирокини тўхтатиши мумкин. Қайси механизмлар назарда тутилгани очиқланмаган. Шунингдек, АҚШ Европанинг ривожланишини қандай мезонлар асосида баҳолаши ҳам маълум эмас.

Бир нечта европалик мансабдорлар бу муддатни реал эмас деб баҳолаган. Уларга кўра, Европанинг АҚШ имкониятларини тўлиқ ўрнини босиши учун фақат инвестициялар ва сиёсий қарорлар етарли эмас.

Reutersʼга НАТОнинг расмий вакили шундай дейди: Европа мамлакатлари ўз хавфсизлиги учун жавобгарликни кўпроқ ўз зиммасига олишни бошлаган. Аммо АҚШ белгилаган 2027 йилга оид муддат ҳақида у фикр билдирмаган.

АҚШ президенти Дональд Трамп бир неча бор омма олдида Европани ўз хавфсизлиги учун кўпроқ маблағ сарфлашга чақирган, Вашингтон ҳимоясига суянмасликни таъкидлаган.

Сентябрь ойи бошида Financial Times АҚШ Европанинг шарқий қисмидаги мамлакатлар учун ҳарбий тайёргарлик ва жиҳозлаш дастурига молиялаштиришни тўхтатгани ҳақида хабар берган эди. «333-секция» номи билан танилган ушбу дастур доирасида Пентагон дунё бўйлаб иттифоқчи мамлакатлар ҳарбийларини тайёрлайди ва жиҳозлайди. Европада бу ёрдамнинг асосий олувчилари Эстония, Латвия ва Литва ҳисобланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер