Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?

12:29 06 Декабрь 2025 Спорт
187 0

Кеча, 5 декабрь куни футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати қуръаси ўтказилди. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Португалия, Колумбия ва халқаро плей-офф ғолиби билан бир гуруҳдан ўрин олди.

Эндиликда савол туғилади: қуръа Фабио Каннаваро бошқарувидаги жамоа учун қандай ўтди? Саватчалар кесимида рақибларимизнинг салоҳиятини таҳлил қиламиз.

1-саватча — Португалия

Биринчи саватда мусобақа мезбонлари, шунингдек Испания, Аргентина, Франция, Англия, Бразилия, Португалия, Нидерландия, Белгия ва Германия каби дунё грандлари жой олган эди.

Бу саватдан қайси жамоа рақиб бўлишидан қатъи назар, гуруҳ фаворити айнан ўша жамоа бўлиши муқаррар эди. Фақат Канада бошқаларга нисбатан нисбатан кучсизроқ кўринган бўлиши мумкин, аммо улар таркибида ҳам Альфонсо Дэвис («Бавария»), Жонатан Давид («Ювентус») каби юлдузлар бор.

Португалия ҳозирги вақтда ФИФА рейтингида 6-ўринда. Жамоа таркибида Криштиану Роналдудан ташқари Жоау Невеш, Витинья, Нуну Мендеш, Рафаэл Леау, Рубен Диаш, Бруну Фернандеш каби юқори даражали футболчилар бор.

Терма жамоага Роберто Мартинес устозлик қилмоқда. Унинг қўл остида Португалия Миллатлар лигасида ғолиб чиққан ва ЖЧ саралаш босқичини жуда ишончли ўтказган.

Ўзбекистон учун биринчи саватдан кучли рақиб тушди, лекин бу саватда кучсиз жамоа умуман йўқ эди.

2-саватча — Колумбия

Ушбу саватда Хорватия, Марокаш, Колумбия, Уругвай, Швейцария, Япония, Сенегал, Эрон, Жанубий Корея, Эквадор, Австрия ва Австралия жой олган эди. Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон Колумбия билан бир гуруҳга тушди.

Колумбия ФИФА рейтингида 13-ўринда. Жанубий Америка саралашида 28 очко тўплаб, минтақада 3-ўринни эгаллаган. Саралаш давомида улар амалдаги жаҳон чемпиони Аргентинани мағлуб этганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жамоага Нестор Лоренсо бош мураббийлик қилмоқда. У Испания, Мексика ва Жанубий Америка клубларида тажриба орттирган мутахассис.

Таркибда Луис Диас («Бавария»), Жон Дуран («Фенербахче»), Давинсон Санчес («Галатасарай»), Жон Ариас («Вулверхэмптон»), Хуан Кабрал («Ювентус») каби етакчилар ўйнайди.

Жанубий Америка футболининг хусусияти — ўйин тақдирини индивидуал маҳорат билан ҳал қилиш. Шу жиҳатдан, бу саватдан Сенегал ёки Австрия тушгани омадлироқ бўларди.

4-саватча — Плей-офф ғолиби

Тўртинчи саватдаги жамоалардан 6 таси маълум эди: Иордания, Кабо-Верде, Гана, Кюрасао, Гаити ва Янги Зеландия. Қолган йўлланмалар Европа саралаши ва ФИФА халқаро плей-оффлари орқали аниқланади.

Ўзбекистон учун бу саватдан Кюрасао, Кабо-Верде, Гаити ёки Янги Зеландия каби рақиб тушиши мақбул эди — бу ҳолда 3 очко олиш имконияти юқорироқ бўларди.

Бироқ бизга ФИФА халқаро плей-оффи ғолиби рақиб сифатида тушди. Катта эҳтимол билан, бу — Конго Демократик Республикаси.

Конго Демократик Республикаси — эҳтимолий рақиб

Конго ДР Жаҳон чемпионати саралашини юқори даражада ўтказиб, Сенегалдан атиги 2 очко кам тўплади. Африка плей-оффида эса Нигерияни мағлуб этди.

Жамоа таркибида ҳозирги кунда Европа ТОП-5 лигаларида ўйнайдиган 13 нафар футболчи бор. Улар орасида Йоан Висса («Ньюкасл»), Арон Ван-Биссака («Вест Хэм»), Чарлз Пиккел («Эспаньол») каби футболчилар бор.

Демак, бу саватдан ҳам Ўзбекистонга осон рақиб тушмади.

Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун мусобақа йўли осон бўлмайди. Португалия ва Колумбия жаҳон футболида жуда кучли ўйин кўрсатадиган рақиблар саналади. Плей-офф ғолиби сифатида катта эҳтимол билан Конго ДР тушиши ҳам гуруҳни янада мураккаб қилади.

Шунга қарамасдан, қандай бўлмасин, «оқ бўрилар»дан чиройли ўйин, қайсарлик ва юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиш кутамиз.

Муҳаммадамин Зуҳриддинов, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер