ФҚБ Браун университетидаги отишма гумондори ҳақида маълумот учун мукофот эълон қилди

10:04 16 Декабрь 2025 Дунё
154 0

АҚШ Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Провиденс шаҳридаги Браун университетида содир бўлган отишма билан боғлиқ гумонланувчини аниқлаш ва қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 50 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот ваъда қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

«ФҚБ ушбу шахсни аниқлаш, ҳибсга олиш ва унга нисбатан айблов қўйилишига олиб келиши мумкин бўлган маълумот учун 50 минг доллар таклиф этилишини эълон қилади», — деди ФҚБ вакили Тед Докс.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари кузатув камераларидан олинган янги видеоёзувларни намойиш қилди. Унда эҳтимолий отишма содир этган шахс тасвирланган: у қорамтир кийимда, юзида эса қора тиббий ниқоб бор.

Эслатиб ўтамиз, 13 декабрь куни кечқурун номаълум шахс университет ҳудудида ўқ узган. Ҳодиса оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна тўққиз нафар киши жароҳат олган. Қурбонлар орасида ўзбекистонлик талаба — Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳам бор.

АҚШ президенти Дональд Трамп дастлаб отишма содир этган шахс қўлга олинганини маълум қилган, бироқ кейинчалик бу хабарни инкор этган.

Аввалроқ ҳуқуқ-тартибот идоралари АҚШ Қуролли кучларида хизмат қилган ва снайперлик тайёргарлигидан ўтган Бенжамин Эриксоннинг қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Аммо кўп ўтмай, далиллар етарли бўлмагани сабабли у озод этилгани маълум бўлди. Род-Айленд штати бош прокурори дастлабки далиллар ушбу шахсга ишора қилганини, аммо тергов жараёнида тўпланган янги маълумотлар ишни бошқа йўналишга бураётганини билдирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?