ЙТҲларга тўлган ҳафтa: 7 кунда 9 киши ҳалок бўлди

Фото: Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ
Ўзбекистон ҳудудида якунланаётган ҳафта одам ўлими билан боғлиқ даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаларига бой бўлди. Сўнгги етти кунда содир бўлган шу турдаги бахтсиз ҳодисаларнинг юзага келиш сабабларига эътибор қаратадиган бўлсак, кўп ҳолларда бунга инсон омили, яъни ҳаракат иштирокчиларининг ҳар иккала томони айбдор бўлганига гувоҳ бўламиз.
Хусусан, 18 май, якшанба куни соат 22:40 ларда Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани Маҳтумқули кўчасидаги ТАПОиЧ кўпригидан Lacetti русумли автомашина қулаб тушди. Оқибатда ҳайдовчи ва 2 нафар йўловчи тан жароҳат олиб шифохонага ётқизилди.

Ўша куни соат 23:00 ларда Самарқанд шаҳрида содир бўлган ЙТҲда бошқарувни йўқотган Nexia-2 машинаси йўл четидаги бетон устунга урилиб, иккига бўлиниб кетди. Воқеа қатнашчиларнинг турли даражадаги тан жароҳатлари олиши билан тугади.

Бундан ташқари, ЙҲХБ ахборот хизмати масъуллари жорий йилнинг 17 май куни Сурхондарё вилоятида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида ҳам айнан якшанба оқшомида маълумот берди.
Унга кўра, Музработ туманида светофорнинг қизил ишорасида ҳаракатланган Cobalt пиёдалар йўлагидан ўтаётган 3 нафар вояга етмаган болалардан икки нафарини туртиб юборган. Оқибатда бир нафар мактаб ўқувчиси (2012 йилда туғилган) туман Тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Фарғона вилояти Бувайда туманида мактабнинг 9-синф ўқувчиси трактор бошқариб, поезд йўлига чиқиб кетган. Оқибатда трактор поезд билан тўқнашган ва уни бошқараётган ўқувчи воқеа жойида ҳалок бўлган.

20 май, душанба Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида инсон ўлими билан боғлиқ ЙТҲ содир бўлди. Ўша куни соат 21:00 ларда Юзробод кўчасида 35 ёшли ҳайдовчи Matiz русумли автомашинани бошқариб кетаётиб, йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Оқибатда пиёда оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.

21 май, сешанба куни соат тахминан 22:05 ларда Андижон вилояти Улуғнор туманида Damas русумли автомобиль бошқарувни йўқотиб, «Катта Андижон канали»га тушиб кетди.
Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи катта лейтенант Ҳаёт Раҳимовнинг «Халқ сўзи» мухбирига маълум қилишича, машина салонида бўлган икки фуқародан бир нафарининг жонсиз танаси соат 22:15 ларда каналнинг Фарғона вилояти худудидан оқиб ўтган қисмидан олиб чиқилган. Иккинчиси эса ҳалигача қидирилмоқда.

Ўша куни Самарқанд шаҳри Талабалар хиёбони кўчасидаги пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган талаба йигитни Nexia-2 машинаси уриб юборди. Йигит зудлик билан шаҳардаги тиббиёт бирлашмасига олиб борилган, аммо олган жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
23 май, пайшанба куни соат 8:30 ларда Жиззах шаҳрининг Қассоблик маҳалласида тез тиббий ёрдам машинаси пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган аёлни уриб юборди. Оқибатда аёл оғир тан жароҳатлари олган ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах вилояти филиалининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Навоий вилоятида мактаб ўқувчиси бошқарган Matiz йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда улардан икки нафари воқеа жойида вафот этган, бир нафари турли даражада тан жароҳатлари билан Кармана туман шифохонасига ётқизилган.
Маълумотларга кўра, ҳали «праваси» ҳам бўлмаган мактаб ўқувчилари Matiz автомобилини ижарага олиб, Нурота бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган бўлган. Қайтишда улар бошқарувни йўқотиб, йўл-транспорт ҳодисасига учраган.

24 май, жума куни соат таҳминан 08:00 ларда Тошкент вилояти Тошкент туманида Toyota Prado, Cobalt, Spark вa Damas иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Оқибатда Toyota Prado ағдарилиб кетган ва ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Бошқа ҳайдовчиларга туман шифохонасида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Кеча, 25 май куни соат 09:15 ларда Жиззах вилоятида Lacetti русумли автомашина ва йўловчи автобуси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси солир бўлди. Қоидаларга зид равишда қайрилиб олган Lacetti автобус билан тўқнашиб, йўл четидаги пастликка тушиб кетган.
Оқибатда 2003 йилда туғилган йўловчи олган жарохатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, 2004 йилда туғилган яна бир йўловчи ва автомашина ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари билан РШТЁИМ Жиззах филиалининг жонлантириш бўлимига ётқазилган. Автобусдаги фуқароларга жабр eтмаган.
Бу ўтган бир ҳафта давомида содир бўлган ЙТҲларнинг қисқача таҳлили эди. Юқоридаги ҳолатлар пиёдаларни огоҳликка, транспорт воситаларини бошқараётган фуқароларни эса янада масъулиятли бўлишга ундайди деган умиддамиз. Зеро узоғимизни яқин қилаётган техникалар «жилови»ни маҳкам ушламаслик қайсидир маънода узоқ умримизга ҳам раҳна солиши мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг