«Зилол»да «Сайхунобод тажрибаси» катта самара бермоқда

11:21 11 Октябр 2024 Иқтисодиёт
149 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Олтиариқ туманининг энг олис ҳудудида жойлашган «Зилол» МФЙ деҳқончилик қилиш учун ноқулай ҳудудда жойлашган бўлиб, дашт ерларда экинларни суғориш масаласи оғир эди.

Бугунги кунда 3400 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилувчи маҳаллада «Сайхунобод тажрибаси» асосида астойдил ишга киришилиб, жорий йилнинг ўзида томорқасида иссиқхона ташкил қилиши учун 28 та оилага 750 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Кам таъминланган, меҳнат муҳожирлигидан қайтган бир неча оилага субсидия асосида иссиқхоналар қуриб берилди.

Шу тариқа 660 та хонадондан иборат маҳалладаги 200 га яқин оила томорқасида замонавий иссиқхоналарда йилига 2–3 мартагача ҳосил олмоқда. Иссиқхоналарда томчилатиб суғориш, тежамкор ва муқобил энергия манбалари ёрдамида иситиш тизими жорий этилган.

Сайфиддин Маҳибуллаев меҳнат миграциясидан қайтиб, 30 миллион сўм имтиёзли банк кредити эвазига ўз хонадонида 2 та иссиқхона барпо этди. Аҳроржон Ибрагимов ҳам 9 сотихли иссиқхонада йил давомида бодринг–помидор, узум етиштиради. Натижада ушбу оилалар йилига ўртача 120 – 150 миллион сўм даромад олмоқда.

— Беш–олти нафар I–гуруҳ ногиронлиги бор шахсларни ҳисобга олмаса, ҳудудда деярли камбағал оила қолмади,—дейди «Зилол» МФЙ ҳоким ёрдамчиси Қиличбек Аҳмедов.—Аниқ мақсадли ва тизимли ишлашда бизга «Сайхунобод тажрибаси» катта самара бермоқда.

Айни пайтда маҳаллада деҳқончилик билан бирга ҳунармандчиликни ривожлантириш, ҳар бир оилани қўшимча бирорта ҳунарга ўргатиш ҳамда даромад манбаини ошириш бўйича амалий ишларга киришилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?