АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди

12:18 18 Январь 2025 Дунё
1025 0

Хитой томонидан молиялаштирилувчи хакерлар гуруҳи АҚШ молия вазири Жанет Йелленнинг компьютерини бузиб киришди. Бу ҳақда «Bloomberg» нашри хабар берган.

Ҳужум оқибатида 50 дан ортиқ вазир компьютерида сақланаётган файллар жиноятчилар қўлига тушган. Кибержиноятчиларни АҚШ молия вазирлигининг санкциялар, разведка ва халқаро ишлардаги роли қизиқтирган кўринади. Улар шу турдаги файлларни ўғирлашга уринган.

Таъкидланишича, вазирнинг икки ёрдамчиси фойдаланувидаги компьютерлар ҳам ҳужумга учраган. Шунга қарамасдан, вазирликнинг электрон почтаси ва махфий тизимлар хавфсизлигича қолди.

Хакерлик ҳужуми ҳақида сенатга ҳисобот берилди. Айтилишича, жиноятчилар юқори лавозимли шахслар ва фойдаланувчиларнинг номлари ҳамда ходимларнинг паролларини қўлга киритиб, 400 дан ортиқ ноутбук ва техникаларни бузиб киришган.

АҚШ махфий хизматлари маълумот беришича, Хитой ҳомийлигидаги «Silk Typhoon» ва «UNC5221» хакерлик гуруҳлари ушбу кибержиноятга алоқадор.

Таъкидлаш жоиз, Хитой расмийлари узоқ вақтдан бери АҚШнинг давлат томонидан ҳомийлик қилинган киберҳужумлар ҳақидаги даъволарини рад этиб келмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер