Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда

19:35 10 Февраль 2026 Илм-фан
1765 0

Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик моддалари кимёси институти тадқиқотчиси, ёш олим Олимжон Бойматов томонидан амалга оширилган илмий кашфиёт соҳада туб бурилиш ясади. Тадқиқотчи томонидан 3D биопринтерлар учун зарур бўлган био-сиёҳни маҳаллий ўсимлик хомашёларидан олиш усули ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги хабар берди.

Германияда ўталган илмий стажировка якунида яратилган мазкур ишланма Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ижобий хулоса олган бўлиб, айни пайтда патентлаш жараёнидан ўтказилмоқда.

— Юртимиз олимлари узоқ йиллар давомида инсон организмига тўлиқ мос, зарарсиз, шу билан бирга иқтисодий жиҳатдан арзон ва маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш мумкин бўлган био-сиёҳ яратиш устида изланиб келаётган эди. Бироқ аввалги натижалар кутилган даражада самарали бўлмаган. 2024 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган стажировка танловида иштирок этиб, Германиянинг нуфузли Леибниз университетида замонавий биопринт технологиялари ҳамда гидрогеллар олишнинг янги методларини ўргандим. Натижада инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконини берувчи био-сиёҳ бўйича ижобий илмий хулосаларга эришдик. Янги гидрогель таркиби маҳаллий ўсимлик полисахаридларига асосланган бўлиб, унда инсон ҳужайралари — iMSCлар яшай олади ва фаол ривожланади. Бу эса инсон танасига бегона бўлмаган, тез мослашувчи ва хавфсиз сунъий аъзолар ҳамда тўқималарни чоп этишда ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга, — дейди Олимжон Бойматов.

Бугунги кунда дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун орган кўчириб ўтказиш амалиётини кутиб яшамоқда. Донор етишмовчилиги бу борадаги асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис жаҳон олимлари томонидан 3D биопринтер технологияларини ривожлантиришга доир изланишлар изчил олиб борилмоқда. Илмий тадқиқотлар натижалари қон томирлари, тери ва тоғайлар билан бир қаторда юрак, жигар ва буйрак каби мураккаб органларни ҳам ушбу технология орқали яратиш мумкинлигини тасдиқламоқда.

Шу сабабли глобал миқёсда био-сиёҳга бўлган талаб ниҳоятда юқори бўлиб, унинг бозордаги нархи ҳам жуда қиммат. Маҳаллий хомашё асосида яратилган ушбу инновацион ишланма эса келажакда донорлик аъзоларига бўлган эҳтиёжни сезиларли даражада қоплаш, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш имконини беради. Қолаверса, бу кашфиёт Ўзбекистон илм-фани ва тиббиёти ривожида муҳим босқич саналади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, 2025 йилда Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан эълон қилинган стажировка танловлари натижасида 147 нафар ёш олим хорижда илмий стажировка ўтайди. Тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган ушбу дастурлар ёш тадқиқотчиларга ўз илмий ишланмаларини такомиллаштириш, янги технологияларни ўзлаштириш ва юртимиз илм-фанига муносиб ҳисса қўшиш учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?