Рамазон ва тиббий ёндашув: кимлар эҳтиёт бўлиши керак?

23:07 19 Февраль 2026 Жамият
311 0

Муқаддас Рамазон ойида рўзадор мусулмонлар тонг саҳардан қуёш ботгунига қадар таом ва ичимликдан, шунингдек, чекишдан бутунлай тийилади. Бу давр ибодат, оилавий учрашувлар ва дастурхон атрофидаги мароқли суҳбатлар ойи бўлиб, инсонга маънавий ва ижтимоий фойда келтиради. Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Рамазон рўзасини тутишда соғлиқ билан боғлиқ айрим масалаларга ҳам эътибор қаратишни тавсия қилади.

Унга кўра, қандли диабет билан оғриганлар, ҳомиладор аёллар ва сурункали хасталиги бор шахслар рўза тутиш масаласида шифокор билан маслаҳатлашиши зарур. Жамоат намозлари ва шу каби йиғинлардаги яқин мулоқот нафас йўллари инфекцияларининг тарқалиш хавфини ошириши мумкин. Бундай вазиятларда оддий санитария қоидаларига амал қилиш орқали соғлиқни асраш мумкин.

Қандли диабет ва Рамазон

Қандли диабет Шарқий Ўртаер денгизи минтақасида энг кенг тарқалган касалликлардан бири ҳисобланади. Масалан, Мисрда 9 миллиондан ортиқ киши диабет билан яшайди ва носоғлом турмуш тарзи сабаб бу кўрсаткич ўсмоқда.

Мутахассислар диабетга чалинганларга Рамазонда шифокор билан маслаҳатлашиб, хавфсиз рўза режасини тузишни тавсия этади. Қондаги қанд миқдорини мунтазам ўлчаш, ифторлик вақтида соғлом овқатланиш, шакар ва ёғни чеклаш, етарлича сув ичиш ҳамда енгил жисмоний машқлар билан чекланиш керак бўлади.

Инфекциясиз Рамазон

Бу йил Рамазон грипп мавсумига тўғри келмоқда. Шу боис йўтал ва аксиришда оғизни тирсак билан ёпиш, қўлларни тез-тез ювиш, бетоб ҳолатда оммавий жойларга бормаслик ва шифокор тавсия қилган дори-дармонларни қабул қилиш зарур.

Қариялар, ҳомиладор аёллар ва иммунитети паст шахслар юқори хавф гуруҳига киради. Эмланиш, шахсий гигиена ва тиббий маслаҳатларга амал қилиш Рамазонни хавфсиз ўтказишга ёрдам беради. Қиш мавсумида сув истеъмолини назорат қилиш ва етарлича суюқлик қабул қилиш ҳам муҳимдир.

Ҳомиладорлик ва рўза

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар рўза тутиш масаласини шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда ҳал этиши лозим. Соғлом аёллар одатда рўзани асоратсиз тутиши мумкин, бироқ овқатланиш мувозанатли бўлиши шарт.

Ифтор ва саҳарликда углеводлар, оқсил, витамин ва минералларга бой маҳсулотлар истеъмол қилиш, кўпроқ мева-сабзавот ейиш, сувсизланишнинг олдини олиш талаб этилади. Ҳомила ҳаракатининг камайиши, кучли қайт қилиш ёки ҳушдан кетиш каби ҳолатларда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак.

Соғлом овқатланиш қоидалари

Мутахассислар оғизни хурмо билан очишни тавсия қилади — у толага бой манба ҳисобланади. Кунига камида 10 стакан сув ичиш, шўрва, тарвуз ва кўкатли салатлар каби суюқликка бой таомларни танлаш фойдали.

Қовурилган ва қайта ишланган ёғли маҳсулотлардан сақланиш, тўлиқ донли маҳсулотлар ва пиширилган ёки грилда тайёрланган гўштни афзал кўриш керак. Овқатни шошилмасдан истеъмол қилиш ортиқча ейишнинг олдини олади. Саҳарлик енгил, аммо тўйимли бўлиши айниқса қариялар, ўсмирлар ва ҳомиладорлар учун муҳим.

Тамакисиз Рамазон

Бу ой чекишни ташлаш учун қулай фурсат ҳисобланади. Дунёда 1,3 миллиард тамаки истеъмолчиларининг 80 фоиздан ортиғи паст ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайди. Мутахассислар бу ойда тамаки ва никотин маҳсулотларидан бутунлай воз кечишга чақирмоқда.

Чекишни ташлаган шахсда 5 йил ичида инсульт хавфи чекишмайдиган одам даражасига тушади. Шу боис, Рамазон соғлом ҳаётга қадам қўйиш имконияти дегани.

Руҳий саломатлик: бирдамлик ва ғамхўрлик

Рамазон — жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ойи. Хайрия ишларида кўнгилли сифатида иштирок этиш, яқинлар билан самимий мулоқот қилиш ва эҳтиёжмандларга ёрдам бериш руҳий барқарорликни оширади.

Шу билан бирга, ўз саломатлигингизга ҳам эътибор беринг. Стрессни камайтириш, зарарли одатларни қисқартириш ва аниқ мақсад қўйиб, уларга босқичма-босқич эришиш соғлом турмуш тарзини шакллантиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?