Яқин Шарқдаги кескинликнинг нархи: АҚШ, Исроил ҳамда Эрон уруш учун қанча сарфлаяпти?
Бугун, 7 март ҳолатига кўра, Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият ҳамон кескин ва беқарорлигича қолмоқда. Февраль ойининг сўнгги кунларида бошланган ва халқаро таҳлилчилар томонидан «вайронкор бўрон» деб таърифланаётган АҚШ, Исроил ҳамда Эрон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар бугун нафақат минтақада, балки бутун жаҳон иқтисодиётида ҳам жиддий салбий таъсирини кўрсатиб улгурди. Эронга ҳужумнинг дастлабки бир неча соатидаёқ глобал бозорларда триллионлаб долларлик беқарорлик юзага келди, стратегик энергия йўлаклари эса ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланди.
Инсоният сўнгги ўн йилликлардаги энг қиммат ва оқибатлари олдиндан айтиб бўлмайдиган қуролли ихтилофлардан бирининг жонли гувоҳи бўлиб борар экан, ушбу урушнинг ҳар бир сонияси жаҳон иқтисодиёти ва глобал хавфсизлик учун катта бадал тўлашни талаб қилмоқда.

АҚШнинг ҳарбий харажатлари
АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий кампанияси замонавий тарихдаги энг қимматли қуролли тўқнашувлардан бирига айланиши мумкин. 2026 йилнинг 6 март ҳолатига кўра, операциянинг дастлабки 100 соати давомида сарфланган 3,7 миллиард доллар шунчаки бошланиши бўлган. Бу ҳар бир сонияда тахминан 10 минг 300 доллар сарфланаётганини англатади. Пентагон аллақачон ўқ-дорилар захирасини тиклаш ва йўқотилган юқори технологияли воситалар ўрнини қоплаш учун Конгрессдан қўшимча 50 миллиард доллар сўрашга мажбур бўлган. Сабаби ўрта масофали ракеталар ва ҳаво мудофаа тизимларининг сарфи кутилганидан 4 баравар тезроқ камаймоқда.
Ушбу астрономик харажатларнинг асосий қисми ракета мудофаасига йўналтирилмоқда. Хусусан, Эроннинг баллистик ракеталарини уриб тушириш учун қўлланиладиган ҳар бир SM-3 ракетаси қарийб 9-11 миллион доллар туради. Битта патриот ракетаси эса 4 миллион долларга тенг. Бир кечада Эроннинг 500 га яқин снарядларидан ҳимояланиш Исроил ва АҚШ бюджетига 1,5-2 миллиард доллар зарар келтирмоқда. Шу билан бирга, минтақада иккита авиация зарбдор гуруҳининг жанговар шайликда туриши ва F-35 ҳамда F-22 қирувчи самолётларининг мунтазам парвозлари кунига 60 миллион доллардан зиёд операцион харажатларни талаб қилмоқда.

Иқтисодий зарба нафақат бевосита ҳарбий ҳаракатлар, балки глобал бозорлардаги «занжирли реакция» орқали ҳам чуқурлашмоқда. Ҳўрмуз бўғозидаги навигация хавфи ва Эроннинг прокси гуруҳлари томонидан Араб давлатлари Саудия Арабистони ва БАА нефть инфратузилмасига берилган билвосита зарбалар нефть нархини 85-90 долларгача кўтарди. Халқаро суғурта компаниялари минтақадаги юк ташиш учун хавф ставкаларини 400 фоизга ошириши натижасида глобал таъминот занжири узилди. Бу эса «Dow Jones» ва бошқа йирик биржа индексларининг кескин пасайишига олиб келди. Таҳлилчиларнинг фикрича, агар уруш яна бир ой давом этса, умумий иқтисодий зарар триллион долларлик маррани забт этиб, жаҳон иқтисодиётини узоқ муддатли рецессияга етаклаши муқаррар.

Исроил ҳарбий ҳаракатлар уруш учун қанча пул сарфлаяпти?
Исроил мудофаа бюджети 2026 йил 6 март ҳолатига кўра, ўзининг тарихий максимумига етган. Агар АҚШ асосан узоқ масофали авиация ва логистикага пул сарфлаётган бўлса, Исроил ҳар куни ўз шаҳарлари узра миллиард долларлик ҳаво мудофаасидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.
Асосий харажат нуқталари:
- Ҳаво мудофааси: Эроннинг биргина оммавий ракета ҳужумини қайтариш учун Исроилнинг «Арроw-2» ва «Арроw-3» тизимлари ишлатилмоқда. Уларнинг ҳар биттаси 2-3,5 миллион доллар туради. Бир кечада юзлаб нишонларни йўқ қилиш Исроил хазинасига 1,2 миллиард доллардан 1,5 миллиард долларгача юклама юкламоқда. Бу Исроилнинг йиллик мудофаа бюджетининг қарийб 5-7 фоизи бир неча соат ичида ҳавога учиб кетаётганини англатади.
- Сафарбарлик ва ишчи кучи йўқотилиши: Исроил иқтисодиёти учун энг катта зарба — бу захирадаги ҳарбийлар оммавий сафарбар қилинишидир. Қарийб 350-400 минг киши ўз иш жойини ташлаб фронтга кетиши натижасида технология ва қишлоқ хўжалиги соҳалари фалаж ҳолатга келади. Бу иқтисодиёт учун ҳафтасига тахминан 600-800 миллион доллар бой берилиши демакдир.
- Туризм ва инвестициялар: Уруш бошлангандан бери Исроилга келувчи туристлар оқими 95 фоизга камайди. Халқаро рейтинг агентликлари Исроилнинг кредит рейтингини пасайтириши натижасида ташқи қарз олиш қиймати кескин ошиб кетган.

Эроннинг Иқтисодий ва ҳарбий йўқотишлари
Эрон учун бу уруш шунчаки ҳарбий тўқнашув эмас, балки миллий иқтисодиётнинг хавф остида қолиши демакдир. Уруш бошлангандан буён мамлакатнинг нефть ва газ экспорти деярли тўхтаб қолди. Бу эса бюджет тушумларининг 80 фоиздан ортиғини ташкил қиларди. Ҳўрмуз бўғозидаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли Эрон нафақат ўзининг, балки бутун минтақанинг денгиз савдосини блоклаб қўйди ва бу Эроннинг ўз иқтисодиётига ҳам мисли кўрилмаган зарар олиб келиши мумкин.
Ички зарарлар ва ижтимоий босим:
- Энергетика инфратузилмаси: АҚШнинг аниқ зарбалари натижасида Эроннинг бир қатор нефтни қайта ишлаш заводлари ва электр станциялари ишдан чиқди. Бу эса мамлакат ичида ёқилғи танқислиги ва мунтазам электр узилишларини келтириб чиқарди, натижада саноат ишлаб чиқариши 65 фоизга тушиб кетди.
- Миллий валюта инқирози: Эрон риали урушнинг биринчи ҳафтасидаёқ ўз қийматининг қарийб ярмини йўқотди. Мамлакатда гиперинфляция хавфи юзага келиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 150-200 фоизга кўтарилди.
- Асимметрик харажатлар: Эрон ўзининг арзон дронлари билан рақибнинг миллион долларлик ракеталарини сарфлатаётган бўлсада, ўзининг стратегик ракета захираларини тўлдириш имконияти чекланган. Ҳар бир учирилган баллистик ракета Эрон учун қайта тикланмас технологик ва молиявий ресурсдир.
Эроннинг ушбу можародаги иқтисодий ўрни ва кўраётган зарарлари масаласи ўта мураккаб, чунки бу ерда гап нафақат ҳарбий харажатлар, балки бутун бир давлат иқтисодиётининг «фалаж» ҳолатига тушиши ҳақида бормоқда. АҚШ ва Исроил миллиардлаб долларни мудофаа ракеталарига сарфлаётган бўлса, Эрон ўзининг ҳаётий муҳим инфратузилмаларидан айрилмоқда.

Араб дунёсига таъсири
Минтақадаги энг йирик иқтисодиётлар — Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Кувайт бугун урушнинг оғир иқтисодий юкини ўз елкаларида ҳис қилишмоқда. Уруш олови Араб мамлакатларининг узоқ муддатли «Vision 2030» каби иқтисодий ислоҳотларига жиддий зарба берди.
Асосий йўқотиш йўналишлари:
- Логистика ва Суғурта ставкалари: Ҳўрмуз бўғози ва Қизил денгиз орқали ўтадиган юк ташиш хавфи ортиши сабабли, халқаро суғурта компаниялари Араб кемалари учун «уруш хавфи» устамасини 400-500 фоизга оширди. Бу Араб давлатларининг ҳар бир экспорт қилинган нефть баррели учун соф фойдасини 5-8 долларга камайтирмоқда.
- Сармояларнинг чиқиб кетиши: Минтақадаги беқарорлик туфайли халқаро инвесторлар Дубай, Ар-Риёд ва Доҳа биржаларидан ўз маблағларини оммавий равишда олиб чиқишни бошлади. Биргина март ойининг биринчи ҳафтасида Араб фонд бозорлари жами 150 миллиард доллардан ортиқ капиталлашув йўқотилди.
- Нефть инфратузилмасига таҳдид: Эроннинг прокси гуруҳлари (масалан, Ямандаги хусийлар) томонидан Саудия Арабистони ва БААнинг нефтни қайта ишлаш заводларига берилаётган зарбалар ишлаб чиқариш қувватларини 15-20 фоизга қисқартирди. Бу ҳар куни юзлаб миллион долларлик бой берилган фойда демакдир.

Умумий йўқотишлар нархи
Ушбу урушнинг энг астрономик харажати ҳаво мудофаа тизимлари зиммасига тушмоқда. Битта патриот ракетасининг нархи 4 миллион доллар бўлсада, Эроннинг битта мураккаб ракетасини уриб тушириш учун баъзан 11 тагача ракета (44 миллион доллар) сарфланмоқда. Исроилнинг «Темир гумбаз» ва «Арроw» тизимлари эса бир кечанинг ўзидаёқ давлат ғазнасига 1,5 миллиард долларгача зарар келтирмоқда. АҚШ ва Исроилнинг ҳарбий кампанияси дастлабки кунларнинг ўзидаёқ 3,7 миллиард долларни сарфлаб юборган бўлса, бугунги кунга келиб умумий харажатлар 10 миллиард долларлик довондан ўтиб кетган. Эрон эса ўз навбатида арзон дронлар билан рақибни миллиардлаб долларлик захираларни сарфлашга мажбур қилаётган бўлсада, ўзининг нефть экспорти ва саноатининг 65 фоизини йўқотиб, миллий валютасининг қадрсизланиши ва гиперинфляция исканжасида қолди.

Айтиш мумкинки, ушбу можаронинг умумий иқтисодий қиймати аллақачон 1,2 триллион доллардан ошиб кетган ва бу жаҳон ЯИМнинг қарийб 1,1 фоизини ташкил этади. Агар ҳарбий ҳаракатлар яқин кунларда тўхтатилмаса, нефть нархи 120 долларгача кўтарилиши ва глобал рецессия бошланиши муқаррар. Бироқ бу инқироз келажакда ҳарбий-саноат мажмуасининг мислсиз ўсишига, лазерли мудофаа технологияларининг тезлашишига ва энергия диверсификациясининг янги тўлқинига туртки беради.
Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
- Берлинда Наврўз: Янги Ўзбекистон маданиятининг жаҳон саҳнасидаги муносиб тақдимоти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг