Фаросатида нуқсони борларни жазолаш орқали жамиятни ўзгаришига ҳисса қўшмоқчимиз — Алишер Қодиров

14:23 31 Январь 2025 Жамият
237 0

Алишер Қодиров уни ҳақорат қилаётганларни жавобгарликка торттирмоқчи. Депутат 23 январь куни ўзининг Телеграм каналида қолдирган хабари туфайли кенг жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлган эди.

«Газ қиммат ресурс, 1 куб газдан 10 га яқин юқори қийматли, экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижга сотиш ва унинг пулига миллионлаб қоракўзларимизга иш ўрни яратиш мумкин. Тилла қатори миллиардлаб куб газни уй иситиш ва овқат пиширишга ишлатиб юборадиган халқнинг косаси оқармайди», — деган эди «Миллий тикланиш» партияси раҳбари.

Алишер Қодировнинг бу баёнотига ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари турлича муносабат билдиришди. Уларнинг айримлари депутатнинг шаънига турли ҳақоратлар ҳам ёғдиришган.

Депутат 30 январь куни шахсий Телеграм каналида «Ҳақорат жазоланади» ҳештеги остида яна бир хабар қолдирди.

«Интизомсизга марҳамат қилиб жамиятда низомни беқадр қилаётганимизни тушундик. Эркин жамият миллий тараққиётнинг ўзагидир. Эркинлик — фаросати борлар учун имконият, фаросати йўқ нотавонлар учун заҳмат олиб келади. Танқидларга очиқмиз, мулоқот ва муҳокама вазифамиз, лекин оммавий чиқишларда ҳақорат ишлатадиган фаросатида нуқсонлиларни жазолаш орқали жамиятни ўзгаришига ҳисса қўшмоқчимиз», — деб ёзади депутат.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига кўра, ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача (7,5 миллион сўмдан 15 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?