Жиззахдаги боғда учирилиши режалаштирилган 5 мингта шар ёриб ташланди

15:40 30 Июнь 2024 Жамият
575 0

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги Наврўз боғида 5 мингта шар учирилиши, шунингдек, бепул музқаймоқ ва 10 мингга яқин совғалар берилиши эълон қилинган видео тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Миллий гвардия ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида бўлиб, ҳолатга чек қўйди.

Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, ўрганиш ишлари давомида шарлар ёрилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилди.

Пластик ўйинчоқлар, шарларни учириш, табиатни ифлослантиришга, чиқиндилар билан тўлдиришга сабаб бўладиган бошқа шу каби тадбирлар вазирлик томонидан доимий тарзда қоралаб келинмоқда. Бу каби ҳолатлар тақиқлангани ва жавобгарликка сабаб бўлиши қайта-қайта таъкидланмоқда.

Айтиш жоиз, «Оммавий тадбирларни ўтказишда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича талабларни кучайтириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори билан Ўзбекистондаги оммавий тадбирларга фуқароларни реклама, акция ва бошқа мақсадларда озиқ-овқат, буюмлар ҳамда бошқа маҳсулот ва товар-моддий бойликларни бепул тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзонлаштирилган нархда сотиш орқали жалб қилиш тақиқланди.

Бунга жорий йилнинг 1 июнь куни Тошкент шаҳрида текинга ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақидаги хабарлар ортидан «Ашхобод» боғи ва унинг атроф ҳудудида катта тирбандлик ҳамда тиқилинч юзага келгани ҳамда шу каби бошқа ҳолатлар сабаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, текинга ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақидаги хабарлар ортидан «Ашхобод» боғи ва унинг атроф ҳудудида катта тирбандлик ҳамда тиқилинч бўйича боғ директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғига 15 сутка қамоқ жазоси берилганди.

Шунингдек, «Moʼminlive» номи билан фаолият юритадиган Абдурасул (Мўмин) Иброҳимов «Янги Ўзбекистон» боғи ҳудудидаги сув ҳавзасига пластмасса ўйинчоқлар ташланиши бўйича суратга олинган реклама видеоси сабаб Экология бўлимига чақиртирилиб, тегишли тушунтириш берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?