FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)

18:30 27 Ноябрь 2025 Жамият
186 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Тошкент халқаро аэропорти бугун одатдагидан бошқача. Бу ерда юртимиз спорт шаъни учун курашиб, жаҳонни лол қолдирган ёш қаҳрамон – FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Аэропортдаги кўтаринки руҳ, одамларнинг юзидаги қувонч, қўлларидаги гулдасталар – буларнинг бари юртимизда шахматга, ёшлар спортига бўлган катта ҳурмат ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Айниқса, фарзандларини қўлларидан етаклаб келган ота-оналар нигоҳидаги фахр ва ифтихор кўнгилга янада илиқлик бағишлайди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида 30 октябрь – 27 ноябрь кунлари ўтказилган нуфузли “FIDE Жаҳон кубоги — 2025” мусобақасида дунёнинг 89 мамлакатидан келган 206 нафар кучли шахматчи қатнашди. Шундай моҳир рақобатдошлари орасида Жавоҳир Синдаров чемпионликни қўлга киритиб, Ўзбекистон номини яна бир бор дунёга танитди. Унинг ғалабаси – меҳнат, ирода, истеъдод ва Ватанга содиқликнинг ёрқин намунаси.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Тошкентга қайтган ёш чемпионни кутиб олиш маросими ниҳоятда тантанали ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарияти, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, расмийлар, спортчининг яқинлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Бош вазир томонидан муҳтарам Президентимизнинг “Синдаров Жавохир Санжарбековичга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвонини бериш тўғрисида”ги Фармони ўқиб эшиттирилди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Юксак унвон Жавоҳирнинг шахмат ривожи ва уни оммалаштиришга қўшган ҳиссаси, халқимиз олдидаги фидойилиги, жасорати ва юксак маҳоратининг эътирофидир. Унинг мана шундай ғалабаси мамлакатимиз нуфузини ошириш билан минглаб ёшлар учун ҳам илҳом манбаига айланади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Шу билан бирга, чемпион Президент совғаси сифатида 3 хонали хонадон ва 123 миллион 600 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Унинг мураббийи Роман Видоняк эса 61 миллион 800 минг сўм пул мукофотига сазовор бўлди. Бу мукофотлар юртимизда истеъдод ва меҳнатнинг қадрланишидан далолатдир.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Тадбир давомида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо ижодкорлар томонидан Жавоҳирнинг ғалабасига бағишлаб ёзилган шеърларни ўқиб эшиттирди. Бу жараён эса тантананинг руҳини янада кўтарди, ғурур ва ифтихор туйғуларини мустаҳкамлади.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Бугун аэропортда кечган тантанали лаҳзалар тарихда қолади. Аммо энг асосийси Жавоҳирнинг ғалабаси юртимиз ёшларига янги орзулар, янги мақсадлар, янги марралар бағишлайди. Ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва қатъият уни энг юқори чўққига олиб чиққани каби, албатта бошқалар учун ҳам йўл очади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Улуғбек Рўзиматов, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер