Текинга ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ортидан “Ашхобод” боғи раҳбари қамалди

12:40 02 Июнь 2024 Жамият
642 0

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Кеча, 1 июнь куни Тошкент шаҳрида текинга ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақидаги хабарлар ортидан “Ашхобод” боғи ва унинг атроф ҳудудида катта тирбандлик ҳамда тиқилинч юзага келди.

Фото: Видеодан кадр

Пойтахт ИИББ матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат бўйича боғ директори, унинг ўринбосари ва реклама бўлими бошлиғига 15 сутка қамоқ жазоси берилган.

Манбага кўра, 1 июнь куни соат 12.00 да Тошкент шаҳридаги “Ашхобод” кўнгил очар боғида текинга 20 мингта ўйинчоқ ва музқаймоқ тарқатилиши ҳақида боғ маъмурияти томонидан ижтимоий тармоқда реклама чиқарилган.

Бироқ, бир вақтнинг ўзида ўйинчоқ олувчи ва кузатувчилар билан тахминан 40 минг нафар фуқарони боғ ҳудудида жамлашнинг имкони бўлмаслиги, йўл ҳаракати ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш талабларга жавоб бермаслиги сабабли бу тадбирни ўтказмаслик ҳақида боғ раҳбарияти огоҳлантирилган.

Лекин боғ маъмурияти оммавий тадбирларни ўтказиш талабларига риоя этмасдан, текинга ўйинчоқлар тарқатилиши ҳақидаги рекламани ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб, боғ ҳудудида ва унинг атрофида аҳолини оммавий равишда тўпланишига сабабчи бўлган ва бу ҳаракати орқали фуқароларга хавф туғдирган.

Натижада боғ ҳудудига кириш/чиқиш ва айрим ички йўналишларида тиқилинч вазият ҳамда боққа олиб келувчи ва яқин автомобиль йўналишларида тирбандликлар юзага келди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг саъй ҳаракати билан бу тирбандликлар бартараф этилиб, фуқаролар тинч тарқатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан боғ директори А.Н., директор ўринбосари А.З. ва реклама бўлими бошлиғи  Д.Т.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 185-3, 200-1 ва 201-моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди томонидан ушбу фуқароларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

ИИББнинг қўшимча қилишича, оммавий тадбирни ўтказишга рухсат олиш учун бир ой олдин мурожаат қилиш лозим, рухсат берилмаган оммавий тадбирни ўтказиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?