Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди

12:48 17 Октябр 2025 Сиёсат
441 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Касаба уюшмалари – меҳнат муҳофазаси бўйича жамоатчилик назоратини олиб борадиган энг катта ташкилот.

Сўнгги беш йилда улар томонидан корхона ва ташкилотларда 152 мингта қонун бузилиши аниқланган. Аслида, бундай ҳолатлар анча кўплиги, судлар томонидан уч йилда 48 мингдан зиёд меҳнат низолари кўриб чиқилгани қайд этилди.

Касаба уюшмалари яраштирувчи, муросага келтирувчи бўғин сифатида иш берувчи ва ходим ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилишда фаоллик кўрсатиши мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.

Шу билан бирга, иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, бахтсиз ҳодисалар ҳисоби ва уларнинг сабабини ўрганиш ўттиз йил олдин қабул қилинган ҳукумат қароридаги эскирган нормалар асосида қоғозда юритилмоқда.

Масъул вазирларга касаба уюшмалари билан бирга бахтсиз ҳодиса ва касбга оид касалликларга чалиниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни олишнинг ягона тизимини ишга тушириш ҳамда бундай ҳодисалар ҳисоботини юритиш, сабабларини таҳлил қилиш ва унга ечим топиш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Ҳозирда Федерация таркибида 14 та тармоқ касаба уюшмаси фаолият юритмоқда.

«Афсуски, тегишли тармоқларда меҳнат қилаётган ходимлар ҳуқуқларини ишончли таъминлайдиган ташаббусларни илгари суришда уларнинг овози эшитилмаяпти.

Кўряпсизлар, иқтисодиётимизга янги-янги соҳа ва йўналишлар, шунга мос тарзда янги касблар, замонавий технологиялар жадал кириб келмоқда.

Ана шундай шароитда тармоқ касаба уюшмалари вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйиб бориши керак эмасми?

Шунинг учун, вазирлик ва идоралар ҳамда тармоқ касаба уюшмалари коллегиал органларининг қўшма йиғилишини доимий равишда ўтказиб борадиган тизимни йўлга қўйишни таклиф этаман», деди Президент.

Бундай мулоқот шакли «давлат – иш берувчилар – меҳнат жамоалари» ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаб, самарали механизмга айланишига ишонч билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?