Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари вакиллари билан учрашув ўтказмоқда.
“Ҳаёт бир ҳақиқатни доимо таъкидлаб келади: тарихни пухта билмасдан туриб, келажакни барпо этиб бўлмайди. Шу боис, ҳар бир ташкилот ва муассаса тарихини ўрганиш, уларда меҳнат қилган инсонларни ёдга олиш, эзгу ишларини келажак авлодларга етказиш барчамизнинг бурчимиз”, — деди Президент.
Шу мақсадда олимлар, соҳа фахрийлари ва фаоллари томонидан ўтказилган ўрганишлар юртимизда касаба уюшмалари ҳаракатига 1905 йилда асос солинганини исботлади. Шу боис, бу йил бутун мамлакатимиз бўйлаб, касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллик юбилейи кенг нишонланмоқда.
Бундан тўрт йил олдин Тошкент шаҳрида ташкил этилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тарихи музейи соҳага оид маълумот ва экспонатлар билан халқимизни таништиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Мана шу қутлуғ сана муносабати билан Президентимиз меҳнаткаш халқимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари”ни ташкил этишни таклиф қилди.
Вилоят ҳокимларига касаба уюшмалари билан маслаҳатлашиб, боғлар учун жой ажратиш топширилди.
“Корхона ва ташкилотлардаги касаба уюшмалари ҳам ишхонасида, ходимлари яшайдиган маҳаллаларда дарахт эктириб, яшил ҳудудларни кенгайтирса, тозалик ва ободончилик ишларини ташкил қилса, ўйлайманки, меҳнат жамоаларидаги муҳит мутлақо бошқача бўлади”, — деди Президент.
Учрашувда касаба уюшмалари вакиллари билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.
“Биргаликда бошлаган ишларимиз ҳар бир меҳнат жамоаси, ҳар бир ходим ва унинг оиласи учун манфаатли бўлаётганига яна бир бор амин бўлдим.
Бундан буён ҳам “Инсон қадри учун”, деган эзгу ғоя Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Фурсатдан фойдаланиб, сиз, азизларни Ўзбекистон касаба уюшмаларининг 120 йиллик юбилейи ва яқинлашиб келаётган касаба уюшмалари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда ютуқ ва омадлар, оилаларингизга бахт-саодат, файзу барака тилайман”, — деди Президент учрашув якунида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг