Миллий нақшларда ўзлигимиз намоён

14:52 10 Февраль 2026 Жамият
1528 0

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Ҳар бир миллат ўзлиги қадимий нақшу безакларда, ипаклари ялтираб жило сочувчи кашта ва зару нигорларда акс этиб туради. Гарчи касбим шифокор бўлса-да, аждодларимиз ақл-идроки, меҳри ва табаррук қўл излари қолган, ҳар нақши чуқур маъно-моҳиятга эга кашталарга болалигимдан меҳрим жуда баланд эди. Ҳавас кучлилик қилиб, 2017 йилда маҳаллада касбимга қўшимча ҳунармандлар масканини очдим.

Янги Себзор маҳалласидаги ташландиқ ва сув ва газдан қарздор бир бинони олиб, электр тушириб, газга улаб, обдан таъмирлаб, кўркам масканга айлантирдим. Бунда албатта, менга “маҳалла еттилиги” катта кўмак берди. Банкдан кредит олишимда ва маҳалладаги ҳунармандчиликка иштиёқманд кишиларни жалб қилишда бош-қош бўлишди. Эътибор ва ғамхўрликларга жавобан 14 та янги иш ўрни очиб, маҳалла болаларини бепул ҳунар ўрганишига имконият яратиб бердик.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Бугунги кунда ҳунармандлар маскани энг гавжум ва кўркам гўшага айланди. Тўқиш, тикиш, нақш чизиш, картинкаларга қўлда безак бериш, ўйинчоқлар тикиш, сумка ва аёллар либосларини яратиш каби ҳунармандчилик ашёлари бежирим ва харидорлар дидига мос тарзда тақдим этилмоқда. Энг қувонарлиси, маҳалла ёшлари қалбида миллий ҳунармандчиликка ва қадимий қадриятларга ҳавас уйғонмоқда. Буни чуқур англаган ота-оналар фарзандларини ҳунармандлар масканида вақтини сермазмун ўтказиши учун имконият яратиб бермоқда.

“Ҳунарли одам бахтли одам” дейишлари рост экан. Бунга шу масканни очиб, ҳаётим ижобий томонга ўзгариб кетганини мисол қилиб келтиришим мумкин. Уч фарзандим тарбияси, уларнинг илм эгаллаши ва жамиятимизга наф келтирадиган мутахассис бўлиб улғайишига ғамхўрлик қиляпман. Инсон ўз меҳнати билан ўз бизнесини яратса, ҳалол ишласа, албатта, катта ютуқларни қўлга киритади. Шу жиҳатдан ҳунармандчилик мени шундай истиқболли манзиллар сари чорламоқда.

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»

Зотан, бугунги шиддаткор даврнинг ўзи биз ҳунармандлар зиммасига улкан вазифалар юкламоқда. Масканимизда қўл меҳнати билан зеб берилаётган миллий маҳсулотларга хорижда ҳам харидорлар кўпаймоқда. Шунинг учун биз халқаро кўргазмаларда ва нуфузли танловларда иштирок этиб, юқори ўринларни эгаллашга интиляпмиз. Интилганга толе ёр, деганларидек, ҳунармандларимиз ақл-закоси билан дунёга келаётган нафис ва сержило миллий маҳсулотларимиз албатта, дунёда ҳам ўз ўрнига эга бўлади.

Гулбаҳор ЎРИНОВА, 

Ҳунарманд.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?