Ўзбекистонда «Грузия маданияти кунлари» тадбирлари бўлиб ўтди

10:09 12 Март 2026 Маданият
739 0

Маълумки Грузия Ўзбекистоннинг Кавказ минтақасидаги муҳим ва яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда, жумладан маданият ва санъат йўналишида ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Буни ҳамкорликда ташкил этилаётган халқаро тадбирларда санъаткорларимизнинг фаол иштирокида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ўзбекистонда ўтказиб келинаётган «Лазги» халқаро рақс фестивали, Бахшичилик санъати халқаро фестивали каби йирик халқаро маданий тадбирларда Грузия санъаткорлари мунтазам иштирок этиб келмоқда. Шунингдек, театрлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам ривожланиб бормоқда.

Хусусан, 2024 йилнинг 9-12 июль кунлари Грузиянинг Тбилиси шаҳрида «Ўзбекистон маданияти ва кино кунлари» тадбирлари ташкил этилган эди. Унда, ўзбекистонлик санъаткорлар ва раққосалар иштирокида гала-концерт дастури ва кинофильмлар намойиши ташкил этилган.

Ушбу ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида, Ўзбекистонда жорий йилнинг 9-11 март кунлари «Грузия маданияти кунлари» тадбирлари бўлиб ўтди. Ушбу кунлар доирасида 9 март куни Маданият вазирлигида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳамда Грузия маданият вазири Тинатин Рукҳадзе ўртасида ҳамкорлик учрашуви ўтказилди. Учрашув давомида бир қатор ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Бундан ташқари, шу куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Ўзбекистонда «Грузия маданияти кунлари»нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда, Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Грузия маданият вазири Тинатин Рукҳадзе хоним, Грузиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда грузин санъати ихлосмандлари иштирок этишди.

«Грузия маданияти кунлари»нинг расмий очилиш маросимига бағишланган гала-концерт дастури «Маданиятлар мулоқоти: Ўзбекистон ва Грузия — асрлар мероси ва замон нафаси» дея номланди.

Концертда Ўзбекистоннинг «Тумор» рақс ансамбли ҳамда Грузиянинг «Эрисиони» давлат академик халқ ашула ва рақс ансамбли ўз санъатларини намойиш этди.

Шунингдек, маданият кунлари давомида 10-11 март кунлари пойтахтдаги Ўзбекистон Миллий кино саройида грузин бадиий фильмлар намойиши бўлиб ўтади. Намойишда грузин киноларидан: «Тўй», «Соябон», «Мусиқачилар», «Ғалати одамлар» каби турли жанрдаги фильмлар намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер