“Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
Тарих – аждодлар қисматига тушган синовларни эслатиб турадиган бебаҳо хотира. Баъзан бир инсоннинг босиб ўтган йўли бутун бир халқнинг руҳий қудратини намоён этади. Матонат, фидойилик ва илмга садоқат билан ўтилган ҳаёт бугунги ёшлар учун ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Ана шундай унутилмас тақдирлардан бири – ХХ аср бошида Германияга ўқишга юборилиб, сиёсий қатағонлар қурбонига айланган камтар, илмпарвар аёл Марям Султонмуродованинг ҳаёт йўлидир.

Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 4 ноябрдаги 691-сонли қарори ижроси доирасида Кинематография агентлиги томонидан яратилган “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Фильмнинг илк умуммиллий премьераси Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида ҳамда мамлакатимизнинг барча вилоят кинотеатрларида бир вақтнинг ўзида ўтказилди.


Бадиий-публицистик йўналишда суратга олинган ушбу фильм Олмония юртида таҳсил олиб, ўз билимини Ватани равнақи йўлида сарфлашни ният қилган, бироқ қатағонларнинг аянчли гирдобига тушган Марям Султонмуродованинг ҳаёт йўлини кенг ёритади. Унинг журналист сифатидаги фидойилиги, меҳрибон ҳамширалиги ва энг муҳими, матонатидан сабоқ берувчи инсоний фазилатлари асарнинг бош ғоясини ташкил этади.


Тақдимот Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Фильм мамлакатимизда 25 ноябр – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш халқаро куни муносабати билан ўтказилаётган 16 кунлик глобал акция доирасида намойиш қилинаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Бу эса аёллар ҳуқуқлари, жамиятдаги мавқеи ва қадр-қиммати борасида кенг жамоатчилик фикрини янада оширишга хизмат қилади.

Бир вақтнинг ўзида бошланган тадбир Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳридаги “Ватанпарвар” боғида ҳам бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг кенг жамоатчилик вакиллари, кўплаб корхона, ташкилот ходимлари иштирок этди.
Очиқ осмон остидаги томоша ёшларга тарих сабоқларини эслатди, уларни матонатли инсонлар ҳаётидан ибрат олишга ундади. Ёшлар онгида миллий хотирани мустаҳкамлаш, маънавий дунёқарашни бойитиш, тарихий ҳақиқатларни чуқур англаш премьеранинг асосий мақсадларидан бири бўлди.
Улуғбек Рўзиматов, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг