Ёшлар технопарклари – келажак инноваторларини тарбияловчи замонавий макон

16:36 03 Ноябрь 2025 Жамият
275 0

Мамлакатимизда ёшларни илм-фан ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, замонавий касбларга ўқитиш ҳамда стартап ғояларини амалиётга жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги 313-сонли қарорига мувофиқ, республиканинг 12 та ҳудудида Ёшлар технопарклари ташкил этилди.

Мазкур технопарклар ёшлар учун илмий-техникавий ижодкорлик, амалий кўникмаларни ривожлантириш ва инновацион тадбиркорликни шакллантириш марказига айланди. Бугунги кунда у ерда «web-дастурлаш», «робототехника», «3D моделлаштириш», электроника, видео монтаж, график дизайн, «AutoCAD» каби 7 турдаги замонавий йўналишлар бўйича ўқув ва ишлаб чиқариш хизматлари йўлга қўйилган.

Технопаркларда ёш ихтирочи ва тадқиқотчиларнинг ғояларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида «InnoX» бизнес-инкубатор ва акселератор дастури фаолият юритмоқда. Ушбу дастур орқали ёшларнинг стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш, бизнес-режа тузиш, маркетинг стратегиясини шакллантириш ва молиявий саводхонлигини оширишга кўмак берилмоқда. Натижада, бугунги кунга келиб 1175 та стартап лойиҳаси муваффақиятли ишлаб чиқилган ва амалиётга татбиқ этилмоқда.

Шунингдек, технопаркларда геология, робототехника, мехатроника, сунъий интеллект, қишлоқ хўжалиги, дастурлаш ва рақамлаштириш каби йўналишларда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, 30 дан ортиқ маркетинг ва консалтинг хизматлари, замонавий техник жиҳозлар орқали ўқув ва ишлаб чиқариш фаолиятига кўмаклашиш, мобилография ва «SMM» хизматларини ривожлантириш имкониятлари яратилган.

Энг муҳими, ушбу технопарклар орқали 60 мингдан зиёд ёшлар инновацион таълим жараёнларига жалб этилди. Улар ўз ғоялари асосида амалий маҳсулотлар яратиш, янги технологияларни ўзлаштириш ва стартап лойиҳаларини амалга ошириш имкониятига эга бўлдилар.

Хулоса қилиб айтганда, Ёшлар технопарклари бугунги кунда нафақат илмий-техник ижодкорлик маркази, балки ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқарувчи, уларни келажак касбларига тайёрловчи муҳим майдонга айланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер