Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади
Қадрли юртдошлар!
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа жонкуярлари!
Аввало, сиз, азизларни, ўз ҳаётини қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлаган юртимиздаги барча олижаноб касб эгаларини қутлуғ байрам – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу қутлуғ айёмда сизларнинг нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бутун иқтисодиётимизни юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги улкан хизматларингизни яна бир бор миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Айниқса, бу йил, иқлим ўзгариши билан боғлиқ қийинчиликларга қарамасдан, аграр сектор ривожида сизлар билан бирга туб бурилиш ясашга муваффақ бўлдик.
Пахта, ғалла ва мева-сабзавот етиштириш бўйича янги навларни экиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобига юқори ҳосилдорликка эришдик.
Бу йил 3 мингдан зиёд миришкор фермерларимиз пахтачиликда ҳосилдорликни ўртача 50-60 центнердан, уларнинг 1,5 минг нафари эса 70 центнердан оширганлари, ғаллачиликда эса 3,5 мингдан ортиқ тажрибали фермерларимиз ўртача 100 центнердан ҳосил олганлари, ҳеч шубҳасиз, ушбу тармоқлар ривожида янги давр бошланаётганидан далолат беради.
Яна бир эътиборга молик жиҳат шундан иборатки, қишлоқ хўжалигида экспорт салоҳиятимиз ортиб бормоқда. Биргина шу йилнинг ўзида мева-сабзавотларимиз етказиб берилган давлатлар сони эса 18 тага кўпайиб, 83 тага етди.
Албатта, ана шундай рақам ва кўрсаткичлар ортида деҳқон ва фермерларимиз, кластерлар, умуман, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида жонбозлик кўрсатаётган ҳар бир инсоннинг меҳнати, жасорати, фидойилиги мужассам, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун ҳам мазкур байрам арафасида сизлар билан жорий йилдаги фаолиятимизни атрофлича муҳокама қилиб, агротармоқ вакилларидан 110 нафарига давлатимизнинг юксак мукофотларини топширдик. Ана шундай юксак эътироф билан уларни яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Муҳтарам юртдошлар!
Глобал иқлим ўзгариши, сув танқислиги шароитида халқимизнинг сифатли озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини таъминлаш энг устувор вазифага айланган бугунги кунда барча соҳада бўлгани каби қишлоқ хўжалигида ҳам фақат замонавий билим ва тажриба, инновацион ёндашувлар асосида иш олиб борган тақдирдагина кўзлаган эзгу мақсадларимизга эриша оламиз. Буни деҳқон ва фермерларимиз ҳам чуқур тушуниб етмоқда. Яқинда Самарқанд, Жиззах ва Сирдарёда соҳада бўлаётган ўзгаришлар билан танишиб, бунга яна бир бор амин бўлдим.
Шу маънода, қишлоқ хўжалиги соҳасида Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўлини амалга оширишда мен аввало сизларга, агротармоқда фаолият кўрсатаётган 3,5 миллион нафардан ортиқ юртдошларимизга таянаман. Сизлар учун яна қандай шароит ва имкониятлар яратиш керак бўлса, барчасини таъминлаб беришга тайёрман.
Чунки қишлоқ хўжалигининг тақдири ва келажаги – бутун мамлакатимизнинг тақдири ва келажагидир.
Шу мақсадда келгуси йилдан бошлаб, қўшимча равишда пахта ҳосилининг 50 фоизини ўз ҳисобидан етиштирган фермерларга 5 фоиз субсидия, шунингдек, солиқ, лизинг ва кредитдан қарзи бўлмаган фермерларга эса имтиёзли кредит 2 фоизгача пасайтирилган ставкада берилади.
Қишлоқ хўжалигида субсидияларни бошқариш бўйича янги тизим жорий этилиб, 6 та вазирлик томонидан бериб келинган 53 турдаги субсидиялар энди фақат Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан амалга оширилади. Бунда субсидияларни ажратишдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланади ҳамда фермер ва деҳқонлар субсидияларни олиш учун фақат электрон платформа орқали мурожаат қилади.
Яна бир имконият – қишлоқ хўжалигида ҳосилни суғурталаш бўйича янги тизимни йўлга қўямиз. Энди қишлоқ хўжалиги ҳосилини суғурта қилишда деҳқон ва фермерлар харажатларининг 50 фоизини давлат қоплаб беради. Ҳосилни йўқотишдаги зарар Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси орқали тўлиқ қоплаб берилади.
Илғор фермерларни устоз сифатида кам ҳосил олаётган фермерларга бириктириб, ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўладиган тизимни йўлга қўямиз. Бундан ташқари, “Янги агроном” дастури доирасида 180 нафар иқтидорли талабаларимизни юқори малакали кадрлар сифатида тайёрлаймиз.
Биргина пахтачиликнинг ўзида деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлашга 35 триллион сўм йўналтирамиз.
Ғалла етиштираётган фермерларга пахтадаги каби етиштирган ҳосилининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратиш тизимини йўлга қўямиз. Боғдорчиликда янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш, эскиларини янгилаш бўйича ишларни уч йиллик дастур асосида ташкил қиламиз.
Бундан буён балиқчиликда наслни янгилаш, натижадорликни ошириш ва шаффофликни таъминлаш учун янги ривожлантириш дастурини қабул қиламиз. Бунда карп ва совуқ сув балиқлари наслчилигини йўлга қўйиш бўйича венгриялик ва норвегиялик ҳамкорларимиз билан ишларни бошлаймиз.
Четдан наслдор балиқни олиб келиш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.
Балиқ хўжаликлари инкубация, лаборатория, ёпиқ сув айланма тизимларини импорт қилишда божхона божидан озод қилинади. Интенсив балиқчиликни йўлга қўйган хўжаликлар учун ер ва мол-мулк солиқлари 2 баробар камайтирилади.
Қишлоқ хўжалигидаги салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш мақсадида “илм-фан – таълим – ишлаб чиқариш” интеграциясини таъминлайдиган Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади.
Ана шундай кенг кўламли вазифаларни муваффақиятли адо этишда сиз, азизлар фаол иштирок этасиз ва соҳа ривожини янги босқичга кўтаришга муносиб ҳисса қўшасиз деб ишонаман.
Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга тинчлик-омонлик, бахт-саодат ва фаровонлик тилайман.
Жорий йилда эришган улкан ютуқ ва зафарларингиз бардавом бўлсин!
Меҳнатингизнинг роҳатини кўринг, азизларим, қадрдонларим!
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг