«Уч қаҳрамон» бозоридаги ёнғин оқибатида қанча зарар кўрилгани очиқланди
Видеодан кадр
Бугун, 14 август куни Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент туманидаги «Уч қаҳрамон» бозорига бориб, у ерда тадбиркорлик қилаётган фуқаролар билан учрашди.
Йиғилишда жорий йилнинг 11 август куни бозор ҳудудида содир бўлган йирик ёнғин оқибатлари ва ҳодисанинг содир бўлиш омиллари муҳокама марказида бўлди. Қайд этилишича, масъул шахслар томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши оқибатида мажмуа ҳудудида аланга юзага келган. Олов тахминан 8 минг метр квадрат майдон — бозорнинг 40 фоизини қамраб олган.
Оқибатда савдо дўконлари ичидаги барча мол-мулклар ёниб кетган. Дастлабки маълумотномага кўра, жамият ва фуқароларга жами 74 млрд сўм миқдорда моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан Тошкент тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси, 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан иш юритувга олинган.
Йиғилишда маълум қилинишича, ёнғин бозорга киришда ўнг томонда жойлашган биринчи ва иккинчи дўконлар орасидан ўтган электр симларида юзага келган авария (ортиқча юкланиш, юқори ўтиш қаршилиги) сабабли келиб чиққан деб тахмин қилинди. Ёнғин оқибатида А блокдаги 78 та тадбиркор (106 та дўкон), С блокдаги 11 та тадбиркор (19 та дўкон) ва Е блокдаги 48 та тадбиркор (56 та дўкон), жами 137 та тадбиркор (181 та тадбиркор дўкони ва 76 та бўш дўкон) ёнғиндан зарар кўрган.
«Эртадан бошлаб бозорнинг ёнғин содир бўлмаган қисмидаги бўш дўконларга ёнғин туфайли зарар кўрган тадбиркорлар кўчиб ўтишни бошлайди. Мазкур бозор 17 августдан фаолият кўрсатишни бошлайди. Мен бозор фаолияти тикланган куни яна келаман ва ҳар бир тадбиркор билан яна мулоқот ўтказаман. Бозор ҳудудидаги тадбиркорлар орасидан вакиллар танланади ва улар иштирокида дўконлар учун жойлар адолатли тақсимлаш назорат қилинади», деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Таъкидланишича, 12−13 август кунлари ёнғин оқибатида жабрланган 165 та тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини давом эттиришлари учун бозор ҳудудида 63 та бўш турган дўконлар, 125 та тадбиркорлик субъектларига 2 ой муддатга ижара тўловисиз ажратиб берилган ва жойлаштирилган.
Шунингдек, йиғилишда тадбиркорларга бозорнинг келгуси фаолияти хусусида Тошкент метрополитени қарор қабул қилиши тушунтирилган. Билдирилишича, 2026 йил 1 мартдан бошлаб бу ерда метрополитен учун зарур инфраструктура объекти қурилиши бошланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг