Тандир тўлиб ёпилди нон
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Вобкент, Ғиждувон, Жондор туманларида тандир ясаб ном қозонган ҳунармандлар кўп. Айниқса, Ғайбулла тандирсоз ҳақида сўз кетса, новвойу сомсапазлар дарҳол “Барака топсин, ишини жуда пухта бажаради”, дея лутф қилишади.
Жондор тумани Ушот қишлоғида яшовчи Ғайбулла акага тандирсозлик бобомерос касб. Унинг аждод-авлодлари йиллар оша шу ҳунар ортидан рўзғор тебратишган. Яна бир жиҳати борки, бу инсон устанинг сарасини кўрган шогирд саналади.
— Тандирсозликнинг энг нозик сир-асрорларини маҳалладошим Акрам ота Йўлдошевдан ўрганганман, — дейди у. — Бу кишининг ўн қўли ўн ҳунар эди. Ўймакор уста, ошпаз, қандолатпаз, дурадгор бўлган раҳматли устозим дала-деҳқончилик юмушларидан ортиб тандирсозликни ҳам ўрнига қўярди.
“Ғайбулла Мўминов” масъулияти чекланган жамиятини таъсис этган устанинг сўзларини тингларканмиз, ҳовлига кўз югуртирамиз. Бу ерда турли ҳажмдаги ўнлаб тандирларни кўриш мумкин. Олти киши шу юмуш билан банд. Ёзда мавсум авж паллага кирганда мавсумий ишчилар ҳам жалб этилади.
— Тупроқни Ўртачўлдан олиб келамиз, — дейди тандирсоз Бухоро туманидаги массивни назарда тутиб. — Лойига жун ва майин сомон аралаштирилади. Шундан сўнг у обдон тепилади. Минглаб тепки еган масаллиқ маълум бир вақт оралиғида тандир шаклига келтирилади. Биласизми, биз фойдаланадиган тупроқ таркибида турли минерал моддалар кўп. Қолаверса, лойга сабр-тоқат, қунт билан ишлов берамиз. Ёрилмайдиган ҳолга келтирамиз. Битта тандир ясаш учун 3-4 кун вақт сарфлаймиз. Натижада у новвой ёки сомсапазга узоқ муддат хизмат қилади. Қолаверса, тандир иссиқликни ўзида кўпроқ сақлаш хусусиятига эга бўлади. Уни бир қизитиш билан уч мартагача нон ёпиб олиш мумкин. Бу ёқилғи сифатида ишлатиладиган ўтинни ҳам тежашга олиб келади. Шу боисдан тандирларимизга хорижда ҳам талаб бор. Россия, Қозоғистон, Эстония ва ҳаттоки АҚШга воситачилар орқали биз тайёрлаган тандирлар жўнатилади. Бир йилда 200 тагача тандиримиз чет элга юборилади.
“Ғайбулла Мўминов” масъулияти чекланган жамиятида умуман, йил давомида 1,5-2 мингта атрофида тандир тайёрланади. Табиийки, улар ҳажман турлича. Бу ерда бирваракайига 80 та нон ёпиладиган осма тандирни ҳам, 50 тагача нон сиғадиган ер тандирни ҳам кўриш мумкин. Ғайбулла ака ишчилари топаётган даромадни ҳисобламаганда шу ҳунар ортидан йилига 150 миллион сўм атрофида фойда кўраяпти.
— Ҳудудимизда Ғайбулла акага ўхшаган тандирсозлар кўп, — дейди “Ушот” маҳалла фуқаролар йиғини раиси О. Ҳамроев. — Шу ҳунар туфайли уларнинг рўзғорлари бут. Кўриб турганингиздек, яшаш учун қулай шинам ҳовлиларда умргузаронлик қилишяпти. Ғайбулла акага келсак, унинг оиласи шу ҳунар билан кифояланиб қолган эмас. Фарзанди Абдулла тандирсозликдан ташқари биогумус етиштириш билан шуғулланмоқда. Маҳалла кўмагида банкдан 160 миллион сўм миқдорида кредит олиб, чорвачиликни ҳам йўлга қўйган.
Жорий йил Ғайбулла ака ҳаётида эсда қоларли кечмоқда. Унга Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси томонидан электромотоцикл тақдим қилинди. Мамлакатимиз Мустақиллиги 33 йиллиги байрами муносабати билан бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармонига мувофиқ, “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Қаҳрамонимиз шундай юксак мукофотга лойиқ топилган илк тандирсоз, десак, хато қилмаймиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг