Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китобини тақдимоти бўлиб ўтди

Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Жорий йилнинг 30-январ куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” (қадим замонлардан то ҳозирги кунгача) номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенаторлар, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус раҳбарлари, етакчи маҳаллий ва хорижий олимлар ва экспертлар, ОАВ вакиллари ва бошқалар иштирок этдилар.
Тадбирни очиб берган Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, университет ректори Содиқ Сафоев ушбу нашрнинг аҳамиятини таъкидлаб, уни мамлакат илмий ва сиёсий ҳаётида ноёб воқеа деб атади.
“Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китобининг яратилиши Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан амалга ошганлигини, бу борада мустақиллик йилларидаги Ўзбекистон дипломатиясининг чуқур тарихи ва ривожланиш жараёнларини ўрганишга бағишланган илмий тадқиқот ўтказиш зарурлигини кўрсатганлигини таъкидлади.
С.Сафоев яқин ва қадимий тарих сабоқларидан келиб чиқиб, янгиланган ўзбек дипломатияси қўшни давлатлар, жумладан, Афғонистон билан муносабатларни устувор йўналишлардан бири деб билишини таъкидлади.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақавий ташқи сиёсат доктринаси Марказий Осиёни тақдири муштарак минтақа сифатида қабул қилиш, мавжуд муаммоларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар, ўзаро манфаатларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этиш, шунингдек, мулоқот ва муросага тайёр туришга асосланади. , – деди С.Сафоев.
Маърузалар давомида қайд этилишича, ушбу кенг қамровли китоб мамлакатнинг етакчи олимлари – тарихчилар, сиёсатшунослар, шарқшунослар, этнографлар, маданиятшунослар ва бошқа илмий соҳа вакилларининг меҳнати натижаси бўлган. Мазкур нашрга дипломатик хизмат фахрийлари ҳамда амалдаги ўзбек дипломатлари ҳисса қўшганлар.
Муаллифлар жамоаси аъзолари китоб консепсиясини шакллантириш, архив материалларини йиғиш жараёни, ноёб тарихий ҳужжатлар устида ишлаш ва мустақилликнинг илк кунларидан бугунги кунгача Ўзбекистон дипломатия мактабининг ривожланишини таҳлил қилиш ҳақида сўзлаб бердилар.
Тақдимот иштирокчиларининг фикрига кўра, эҳтиёткорлик билан танланган ва ўрганилган тарихий манбалар ўзбек дипломатиясининг шаклланишининг асосий босқичларини, миллий тарих ва кўп асрлик анъаналарга ҳамда замонавий давлат қурилиши тенденсияларига чамбарчас боғлиқ равишда ривожланишини ёритади.
Нашрда Марказий Осиёнинг дунё маданий-тарихий, иқтисодий ва сиёсий жараёнларида алоҳида ролини кўрсатадиган бой тарихий ва ноёб ҳужжатлар келтирилган.
Тадбир якунида иштирокчилар кенг ҳажмдаги материаллар, замонавий ўзбек дипломатиясининг ривожланишидаги янги жараённ инобатга олган ҳолда, бу йўналишдаги тадқиқот ишларини давом эттириш, шунингдек, “Ўзбекистон дипломатияси тарихи” китобининг янги, тўлдирилган нашрларини чоп этиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг