Қўмита мажлисида қатор қонунлар муҳокама қилинди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Жорий йил 31 январь куни Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Сенаторлар томонидан дастлаб “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни кўриб чиқилди.
Қонун билан амалиётга ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилиши, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, ҳудудларини қисқартириш, уларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланиши, ушбу чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Айниқса, қонун билан ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланган ҳолда ботаника боғларининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилиши кўзда тутилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш, ер фондининг барча тоифаларидаги ер участкаларини бозор ва кадастр баҳолаш сифатини яхшилаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлигини ошириш ва соҳада назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши, фуқароларнинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атмосфера ҳавосидан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш, бинолар, иншоотлар ва уларнинг мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш даврида атмосфера ҳавосига тартибсиз равишда ташланадиган чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва давлат экологик назоратининг самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Шунингдек, мажлисда Андижон, Жиззах, Наманган ва Хоразм вилоятларида аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш, экспортни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида 2024 йилда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.
Унда соҳада эришилган ижобий натижалар ҳамда айрим ўз ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратилди.
Жумладан, айрим ҳудудларда қишлоқ хўжалиги йўналишлари бўйича амалга ошириладиган лойиҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган.
Ҳўл мева ва сабзавотларнинг асосий қисми экспорт қилинадиган айрим хорижий бозорларда сақлаш омборлари, кросс докинглар, савдо расталари етишмайди.
Ўтган йили республикада маҳсулотларнинг оммавий пишиб етилиши даврида транспорт воситаларининг танқислиги ҳамда хизмат кўрсатиш нархлари ортиши кузатилган.
Айрим умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган.
Муҳокама жараёнида мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида сенаторлар, экспертлар ҳамда мутахассислар томонидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Мажлис сўнггида кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг