Самарқанд вилоятининг бир қатор шаҳар ва туманларининг чегараларини ўзгартириш масаласи кўриб чиқилди
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Жорий йил 31 январь куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-моддасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, жаҳонда кузатилаётган беқарорлик, оммавий тартибсизликлар ва кескинликлар бир қатор давлатларнинг тинчлигига путур етказиб, халқларнинг ўзаро дўстлиги ҳамда осойишталигига салбий таъсир кўрсатаётгани инобатга олиб, муҳокама қилинган Қонун билан республикамизда оммавий тартибсизликлар содир этиш мақсадида ўқувдан ўтганлик, оммавий тартибсизликларни молиялаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши оммавий тартибсизликлар билан боғлиқ айрим ҳаракатлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилишини, ушбу турдаги жиноятларни профилактика қилиш механизми такомиллаштирилишини таъминлайди.
Бундан ташқари, Қўмита мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексига жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар ўтказиш имкониятини яратишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Қонун билан тизимда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш орқали маҳкумларнинг ҳуқуқларини янада кенгайтириш, бу орқали жиноят-ижроия қонунчилигини халқаро нормаларга мувофиқлаштириш мақсад қилингани, Қонун маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг яқин қариндошлари билан масофадан туриб видео-учрашувлар ўтказиши учун имконият яратишга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, Қўмита мажлисида Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидлаганидек, Вазирлар Маҳкамасининг таклифига асосан Самарқанд туманидан 170 гектар ва Оқдарё туманидан 243 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Мажлисда қарор лойиҳаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ҳамда вилоят Кенгашларида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқуллангани қайд этилди.
Шунингдек, қарор лойиҳасида ҳудуднинг чегараларини ўзгартириш ва унда белгиланган вазифаларни тизимли амалга ошириш мақсадида Ҳукуматга комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилмоқда.
Қайд этилганидек, мазкур туман ва шаҳар чегараларининг ўзгариши билан “Ширин” замонавий ишбилармонлик маркази ташкил этилиб, ушбу ҳудудда 254 та кўп қаватли уй-жойлар, 19 та ишбилармонлик ва бизнес марказлари, 50 та ижтимоий соҳа объектлари, 89 та кўнгилочар ва савдо комплекслари ҳамда тарихий шаҳарча барпо этилиши назарда тутилмоқда.
Мазкур ўзгартиришлар Самарқанд вилояти аҳолиси учун муносиб яшаш шароитини яратишга, Самарқанднинг меъморий қиёфасини янада яхшилашга ва ободонлаштиришга, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини оширишга, шунингдек, шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Фото: Юнус Бўриев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- АҚШ молия вазири компьютерига хакерлар ҳужум қилди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ислам Махачевга Арман Царукян рақиблик қила олмайди. «UFC 311» олдидан содир бўлган нохуш хабарнинг барча тафсилотлари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг