«Ўзбекистон –2030» стратегиясининг янги таҳрирдаги лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади

21:18 30 Декабрь 2025 Жамият
168 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланган вазифага мувофиқ, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг қайта кўриб чиқилган лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Шу йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини қайта кўриб чиқиш вазифасини таъкидлади.

2023 йилда қабул қилинган мазкур дастурий ҳужжат қисқа даврда мамлакат тараққиётининг барча йўналишларида сезиларли натижаларни таъминлади. Хусусан, камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга, ишсизлик 6,8 фоиздан 4,9 фоизга тушди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 103 млрд доллардан 145 млрд долларга, экспорт ҳажми 25 млрд доллардан 33,4 млрд долларга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 17 млрд доллардан 43 млрд долларга етди. Шунингдек, хорижий туристлар сони 6,6 миллион нафардан 8,6 миллион нафарга ошди, мактабгача таълим қамрови 72 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамрови 42 фоизга етди. Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони эса 144 тадан 164 тага кўпайди.

Шу билан бирга, сўнгги икки йилда Президент томонидан 650 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилиниб, 500 дан зиёд турли даражадаги йиғилиш, учрашув ва тақдимотларда барча соҳалар бўйича янги вазифалар белгилаб берилди.

Дастлаб 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга етказиш мақсади қўйилган бўлса, эндиликда ушбу маррага 2026 йилнинг ўзида эришиш кутилмоқда. Шу билан бирга, келгуси беш йилда иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш имконияти мавжудлиги таъкидланди. Яъни, юртимизда барча соҳаларда юқори марралар олиняпти.

Аҳоли сонининг ўсиши ҳам янги мақсадларни белгилашда муҳим омил сифатида қайд этилди. Жумладан, 2023 йилда 36,7 миллион нафар бўлган аҳоли сони 2030 йилга бориб 41 миллион нафаргача ошиши прогноз қилинмоқда.

Бундан ташқари, жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатларда тенденциялар ва динамика ўзгаряпти. Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, аҳоли эҳтиёжлари ҳам янги қадамларни, аниқ режаларни кун тартибига қўйяпти.

Мазкур ўзгариш ва натижаларни ҳисобга олиб, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг такомиллаштирилган лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу жараёнда вазирлик ва идоралар, илмий муассасаларнинг 350 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этиб, Стратегияда белгиланган барча 444 та самарадорлик кўрсаткичи бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқилди.

Янгиланган Стратегия лойиҳасининг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, барча кўрсаткичлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги марраларга мослаштирилди ва тўлдирилди. Бунда, юртдошларимизга муносиб шароит яратадиган, ҳар бир инсон ва оила ҳаётида сезиладиган мақсадларга алоҳида эътибор қаратилди;

Иккинчидан, барча кўрсаткичлар ўлчанадиган, яъни, сон шаклида (фоиз, улуш, даража, ҳажм, нисбат, балл, индекс) бўлиши қатъий белгиланди. Ҳисоблаб ёки баҳолаб бўлмайдиган, умумий вазифа, топшириқ ва «шиор» кўринишидаги кўрсаткичлар чиқариб ташланди (бундай бандлар 130 та);

Учинчидан, барча самарадорлик кўрсаткичларининг бажарилиши 2030 йилгача йилма йил белгиланди. Яъни, ҳар бир ижобий ўзгаришни йиллар кесимида кўриш имконияти яратилди;

Тўртинчидан, Стратегияда ҳар бир вазирлик ва идора ўз ўрнини топди. Хусусан, лойиҳага кўра, 60 тага яқин давлат органларига тегишли самарадорлик кўрсаткичи белгиланди;

Бешинчидан, ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига эришилишини таъминлайдиган молиявий манбалар аниқ кўрсатилди;

Олтинчидан, энди соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш концепция ва стратегиялари «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ ҳолда ишлаб чиқилиши қатъий белгиланади. Жумладан, кейинги йил 50 тадан зиёд шундай концепция (4 та), соҳа ва тармоқларни ривожлантириш стратегиялари (38та) ҳамда ҳар бир ҳудудни ривожлантириш стратегияларини (14 та) қабул қилиш режалаштирилган.

Қайд этилганидек, Стратегияда белгиланган самарадорлик кўрсаткичларига эришиш барча даражадаги ташкилотлар учун устувор вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ, юртимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилади.

Шунга кўра, Стратегия лойиҳаси бугун uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади. Мазкур жараёнда оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки алоҳида аҳамият касб этади. Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларни чуқур таҳлил қилиш, уларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка холис ва атрофлича етказишда ОАВнинг масъулияти ва роли янада ортиши муҳим аҳамият касб этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?