Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
«Халқимизда кўрмаганнинг кўргани қурсин, деган зўр мақол бор. Бу дегани очкўз кимсага амал тегса тамом: тошнинг ўрнига тоғни ютмоқчи, сувнинг ўрнига дарёни ичмоқчи бўлади. Порахўрга амал тегса жонингдан бошқасини олмоқчи бўлади. Устоз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, бундайлар типратиконни ҳам тескари ютади...”
Бу сатрлар ёзувчи ва публицист Ашурали Жўраевнинг «Оч бойваччадан қоч!» ҳажвий монологидан олинди. Йўқ, Ашурали Жўраев буни яқинда 2 минг АҚШ долларини олаётиб қўлга тушган нурафшонлик порахўр ҳоким ёрдамчиси ҳақида ёзмаган. Адиб бу фикрларни 1990 йилларнинг сўнггида қоғозга туширган. Лекин Ашурали аканинг бу сатрларини ўша хабарга шундоққина кўчириб қўйса ҳам бўлади, айни қолипига тушади.
Маҳаллага ҳоким ёрдамчиси керакми?
Қишнинг илк кунларидан бирида оммавий ахборот воситаларида тарқалган бир хабар жамоатчилик эътиборини тортиб, кўпчиликни ўйга толдирди. Расмий ахборотларга кўра, Нурафшон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиларидан бири пора билан қўлга тушган.
У Тошкент шаҳрида яшовчи фуқарони мансабдор бўлган таниши орқали Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент вилояти бошқармасига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ҳоким ёрдамчиси пулни олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ушланиб, унинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилган. Хабарларда ушбу ҳоким ёрдамчиси аввал ҳам бир неча бор судлангани маълум қилинади. Айни пайтда унга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинган.
Айбсизлик презумпциясига кўра, порахўрнинг шахси ошкор этилмаган. Бундан аввал эса Тошкент вилоятининг бошқа бир туманидаги маҳаллаларнинг бирида айнан ҳоким ёрдамчиси вазифасида меҳнат қилаётган давлат хизматчиси ҳам пора билан ҳибсга олинган эди. Тўғри, ҳоким ёрдамчисининг меҳнат вазифасига аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш ҳам киради. Аммо, ўзгадан пора олиб, унинг бандлиги таъминлаш мақсадга ҳам, инсофга ҳам мувофиқ эмас-да...
Юқоридаги коррупцион ҳолатлар кўпдан бери жамоатчиликда муҳокама қилинаётган саволни яна кун тартибига олиб чиқди: ҳоким ёрдамчиси лавозими бугунги мақсад ва вазифаларни бажаряптими? Ушбу тизимнинг самарадорлиги қай даражада? Ҳоким ёрдамчиси аслида кимга ёрдамчи?
Тизимнинг мақсади ва реал натижалар
Маълумки, 2022 йил 1 январдан бошлаб маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси институти жорий этилди. Уларнинг асосий вазифаси – аҳоли билан бевосита ишлаш, камбағалликни қисқартириш, муаммоларни жойида ҳал этиш, ҳокимнинг бевосита маҳалладаги ваколатли вакили сифатида халққа хизмат қилиш эди. Асл мақсад бугун қай даражада амалга ошди?
Биз барча ҳоким ёрдамчиларини салбий ҳолатларда айблаш фикридан узоқмиз. Лекин гуруч курмаксиз бўлмайди. Мавжуд муаммоларни яшириш ҳам тўғри эмас, албатта.
Ижтимоий тармоқлардаги хабарларга қаранг:
• Қизириқ туманидаги ҳоким ёрдамчиси 33 миллион сўм кредит олиб бериш эвазига 4,5 миллион сўм пора олаётганида ушланди.
• Учтепа туманидаги ҳоким ёрдамчиси тадбиркорга ер майдонини аукцион орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ушланди.
• Пешку туманидаги ҳоким ёрдамчиси ер майдонини онлайн аукцион орқали сотиб олиб бериш учун 6 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ушланди.
• Навоий ва Андижонда ҳоким ёрдамчилари кредит олиб беришни ваъда қилиб, пора талаб қилган ҳолатлар аниқланди.
• Ургут туманидаги ҳоким ёрдамчиси 2,5 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ушланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда ҳоким ёрдамчилари билан боғлиқ 309 та коррупциявий жиноят қайд этилган. Бу рақамнинг ўзиёқ ушбу тизимни жиддий таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатади.
Тўрт йилда ишимиз беш бўлдими?
Тошкент вилоятидаги маҳаллаларда меҳнат қилаётган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ёритиш мақсадида тез-тез маҳаллаларда бўламиз. Мулоқот давомида ҳоким ёрдамчиларидан «Фаолият юритаётган маҳаллангизда камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўйича сўнгги тўрт йил давомида намуна қилиб кўрсатгулик лойиҳангиз борми?» – деб сўраганимизда, шу кунга қадар улар айтарли лойиҳа билан мақтана олмаганини қайд этиш биз учун осон эмас, албатта.
Тўғрисини айтайлик, «томорқада иссиқхона ташкил этдим», «чорва учун кредит бердим», «маҳалламдаги фалончининг томорқасида февралда сабзи пишди», «маҳалламда пистончи гулдан фалон миллион даромад олди» деган гапларни эътиборга олмай турайлик. Чунки, авваламбор иссиқхона, чорва, томорқа билан шуғулланувчилар олдин ҳам бўлган, бундан кейин ҳам бўлиши табиий. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада бутун бошли штат сақлашга зарурат борлиги баҳсли масала. Қизиқиши, уқуви бор киши бу ишларни кредитсиз ҳам, агар кредитга зарурати бўлса ҳоким ёрдамчисисиз банк билан ҳам ҳал қилиши мумкин. Зотан, бугунги давр тадбиркорлик учун барча имконият ва қулайликларни яратиб қўйган.
Ҳозирги мезонга асосан хом-чўт қилинса, мўмай иш ҳақи, устига-устак самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида маошга қўшимча устама олган ҳолда, қарийб тўрт йиллик фаолияти давомида ўз маҳалласини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантира олмаган ҳоким ёрдамчисининг фаолиятини қандай баҳолаш мумкин?
Нурафшон шаҳри ҳокими Илҳом Кличханов 2023-2025 йилларда иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар тўғрисида шаҳар аҳлига йўлланган мурожаатида бир қанча ҳоким ёрдамчилари фаолиятига баҳо бериб, «Деҳқонобод», «Наврўз», «Қумариқ», «Маърифат», «Обод», Ойбек, Муқимий ва «Оппоқ» маҳаллалари ҳоким ёрдамчилари ишини танқид қилган, уларни охирги марта огоҳлантирган эди. Камбағал оилалар томонидан микролойиҳалар ташкил этиш бўйича сусткашликка йўл қўйган «Наврўз» маҳалласи ҳоким ёрдамчиси билан меҳнат шартномасини бекор қилиб, «Қумариқ» маҳалласи ҳоким ёрдамчисини лавозимидан озод этиш таклифини берган эди. Ўрта Чирчиқ тумани ҳокими Ихтиёр Касимов эса яқинда уч нафар ҳоким ёрдамчисини фаолиятида йўл қўйган сусткашликлари учун вазифасидан озод этган эди...
Ўйлаб қолади киши, одатда, гуруч курмаксиз бўлмас эди. Бу ҳолатда курмак гуручли бўлиб кетмаяптими?
Тизимни таҳрир қилиш керакми?
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий этилган ушбу институт ўз вақтида жуда муҳим вазифани бажарди. Маҳаллаларда ижтимоий фаоллик ошди, аҳоли муаммолари жойида ўрганила бошланди, камбағалликни қисқартириш бўйича тажриба тўпланди ва одамларда тадбиркорлик кўникмалари ортди. Бироқ бугунги давр шароити ва талабларининг ўзи бу лавозимни давом эттириш ёки уни янги босқичга олиб чиқиш масаласини кун тартибига олиб чиқмоқда.
Балки тўрт йиллик тажрибага таянган ҳолда, ҳоким ёрдамчилари институти ўз олдига қўйилган вазифани бажарди, дейишнинг вақт келгандир? Ёки уни тубдан ислоҳ қилиш, вазифаларни қайта белгилаш лозимдир? Ахир, шу кунгача асосан кредит учун хулоса бериб келган ҳоким ёрдамчисининг хизмат вазифасини бажариш учун маҳалла тизимида банк ходими ҳам меҳнат қиляпти-ку.
Сиз бунга нима дейсиз?
Отабек ИСРОИЛОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
- Ҳоким ёрдамчиси кимга ёрдамчи?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг