Сурхондарёда «Cobalt» юкхонасидан қарийб 51 килограмм «гашиш» моддаси топилди (+видео)

10:52 12 Декабрь 2025 Жамият
181 0

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақида «Хавфсизлик» Telegram-канали маълум қилди.

Унда айтилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, 1985 йил Термиз шаҳрида туғилган шахс ўзининг бошқарувидаги «Cobalt» русумли автотранспорт воситасида 50 кг 978 гр «гашиш» моддасини олиб кетаётган вақтида ушланган.

Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан ҳам 186 гр «гашиш» моддаси топилган. Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг 1986 йилда туғилган шерободлик жиноий шериги ҳам қўлга олинган.

Маълум бўлишича, қонунбузарларнинг бири муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун, иккинчиси эса фирибгарлик жинояти учун судланган бўлган.

Шу каби яна бир ҳолат Тошкент шаҳрида ҳам кузатилган. Унга кўра, Учтепа туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган фуқаро томонидан «Telegram» мессенжери орқали пойтахт ҳудудида синтетик гиёҳвандлик воситалари сотиш ҳолати фош қилинган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда у 225 гр «Алъфа ПВП» синтетик наркотик моддаси билан қўлга олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг 2005 йилда туғилган таниши ҳам 2 дона «Регапен» кучли таъсир қилувчи дори воситаси билан ушланган. Дастлабки сўровда, у дори воситасини Мирзо Улуғбек туманидаги дорихоналарнинг биридан сотиб олгани аниқланган.

Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонанинг норасмий сотувчиси 14 дона «Регапен» дори воситасини мижозга 1 миллион 200 минг сўмга сотган вақтида қўлга олинган.

Шунингдек, дорихонанинг ёрдамчи омборхонасидан 20 минг 200 дона «Габатен», 823 дона «Регапен», 100 дона «Галара», 4 дона «Торгабалин» каби таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар сақловчи, тегишли ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ҳам ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.

Ҳозирда ушбу шахсларнинг барчасига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?