Сўз миллат қиёфасини ифодалайди
Қозоғистон халқ шоири, академик Ўлжас Сулаймонов билан суҳбат.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик муносабатлари ҳар жабҳада, шунингдек, маданий-маърифий соҳада ҳам жадал ривожланяпти. Бунга мисоллар кўп.
Маълумки, ўтган йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб аталди,
ўз навбатида, юртимизда жорий йил Қозоғистон йили деб эълон қилинди. Ҳақли равишда туркий халқлар фахрига айланган машҳур шоир
Ўлжас Сулаймонов мазкур маданий воқеаларга муносабат билдирди ҳамда истиқболдаги ишлар хусусида мулоҳазаларини баён этди.
Маънавият
— Биз, қардош ёзувчилар қарийб ўттиз йил кўришмадик. Кимларнидир айбламаган ҳолда айтаманки, авваллари тез-тез учрашар, бир-биримизникида меҳмон бўлар эдик. Қозоқ ёзувчилари Тошкентга боришар, ўзбек ёзувчилари Олмаотага келишар эди. Бошқа республикалар ижодкорлари билан ҳам шундай дўстона ва қизғин муносабатлар ўрнатилган эди. Ўтган йили Қозоғистонда “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши бу азалий дўстликнинг қайта тикланаётганидан мужда, қон-қардошлик ришталаримиз аввалгидай маромга келаётганидан дарак берувчи хушхабардир. Биз қавму қариндош, бир-бири билан чатишиб кетган жонажон қўшнилармиз. Ўртадаги бўшлиқ биз учун осон кечгани йўқ, ўйлайманки, ўзбекларга ҳам бу хил муносабат ёқимсиз, ахир бир-бирига суянган халқлармиз. Дўстлигимиз қайта йўлга қўйилаётгани улкан тарихий воқеа бўлди, муносабатларимиз тиклана бошлади, маданий декадалар ўтказишга киришилди. Бундан, албатта, хурсандмиз.
— Ўлжас оға, бугунги сиёсий ва маданий тадбирлар, борди-келдилардан маълумки, қўшничилик алоқаларимиз янада ривожланса керак?
— Қўшничилик — Парвардигор томонидан сизу бизнинг пешонамизга битилган ғаройиб қисмат. Биз бир-биримиз билан чамбарчас туташиб кетганмиз. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Биз юқоридан қараганда иккита дарахтдай кўринсак-да, пастдаги томирларимиз битта.
Бу гапни бугун эмас, 1979 йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё ва Африка ёзувчилари анжуманида сўзлаган нутқимда ҳам баён қилганман. Ўша фикримда ҳамон собитман. Ўшанда Чингиз Айтматов ҳам мени қўллаб-қувватлаган эди. Ер юзида мутлақо алоҳида давлат йўқ. Ҳамма бир-бири билан боғланиб кетган. Бир-бири билан ҳамкор, бирининг иши бирисиз битмайди. Ўз қобиғига ўралиб олиб, “Ҳеч ким билан ишимиз йўқ, ўзимиз хон, кўланкамиз майдон”, деганларга ишонманг, улар, бор-йўғи, ўз чўнтакларини қаппайтирмоқчи бўлган, халқ тақдирига бефарқ бўлган одамлардир. Мустақиллик — дунё мамлакатлари билан тенгма-тенг қадам ташлаш, ҳамкор бўлиш, ҳамнафас яшамоқ деганидир.
— Қайси ўзбек ижодкорлари билан дўст эдингиз?
— Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов билан қалин эдим. Ўзбек адабиётининг улкан намояндалари, улуғ адиб Шароф Рашидов, оташқалб инсон Одил Ёқубов билан бир неча бор тонготар суҳбатлар қурганман, донишмандона фикрларидан завқ олганман. Шунингдек, Ҳалима Худойбердиева, Носир Фозилов, Мирпўлат Мирзони яхши танир эдим. Ёзувчи Меҳмонқул Исломқуловни танийман. Яқинда Иссиқкўлда уюшмангиз раиси, шоир Сирожиддин Саййид билан ҳамсуҳбат бўлдим.
— Ўзбекистонда Сизнинг мухлисларингиз кўп. Шеърларингизни ардоқлаб ўқишади. Газеталаримизда мақолаларингиз тез-тез босилиб туради. Лекин, мана, Ўзбекистонга бормаганингизга ҳам ўттиз тўрт йил бўлибди...
— Энди борамиз-да... Тошкентда бўлишни орзу қиламан. Ҳозир Ўзбекистон адабий муҳитида ажойиб ўзгаришлар содир бўлаётганидан хабарим бор. Президент Шавкат Мирзиёев адабиётни севувчи инсон. У Ёзувчилар уюшмасига улкан кошона қуриб бериб, адиблар хиёбонини яратибди, уйсиз ёш ижодкорларни уй билан таъминлабди. Яқинда Қирғизистонда Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан телевидениеда чиқиш қилганимда, Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт вакилларига қилаётган бу ғамхўрликларини барчага ибрат қилиб кўрсатдим. Ижодкорларга бундай ғамхўрлик нақадар зарурлигини жуда яхши тушунаман. Шеърларим Ўзбекистонда тез-тез чоп этилишидан мамнунман.
Ҳар бир инсонга ўз меҳнатининг самарасини кўриш завқлидир. Ёзувчининг танилиши, ўқувчилари ўртасида обрў қозониши бу — унинг меҳнатларига берилган баҳо. Агар сенинг китобларингни ўқишса, ёзганларинг одамларда қизиқиш уйғотса, демак, бекор яшамаяпсан. Шу маънода, ёзганларим юртингизда қадр топаётганидан мамнунман. Шунингдек, яқинда дўстим, таниқли ёзувчи Собит Дўсановнинг китоби Ўзбекистонда чоп этилганини эшитдим. Агар адабиёт ва санъатимиз яқинлашса, ўйлайманки, бу бошқа соҳаларга ҳам ўз таъсирини ўтказади.
— Пушкинда шундай мисралар бор: “Шоир бўлиш ёшларга хос”.
— Шарқда юз ёшгача ҳам шоир бўлавериш мумкин. Чунки Шарқда шеърият донишмандликка, ақл-идрокка, панд-насиҳатга, Аллоҳга муҳаббатга асосланади. Фирдавсий, Алишер Навоий, Абай кексайиб қолганларида ҳам ижод қилишган. Аммо шундай замонлар келдики, ҳамма фақат ёрга бўлган муҳаббатини ёзадиган бўлиб қолди. Шу маънода: “Шоир бўлиш ёшларга хос”, деганида Пушкин мутлақо ҳақ эди.
Ёшлигимда бир ҳафтада битта достон ёзардим. “Инсонга таъзим қил, Замин!” достоним ҳам, бор-йўғи, бир ҳафтада ёзилган. Мен давр буюртмасини бажардим. Кейин Юрий Гагарин билан учрашдим. Дунёнинг барча мамлакатлари минбарларида, АҚШда, Кубада, Венесуэлада, Лондонда, Парижда ушбу достонимни ёддан ўқий бошладим. Ёшликнинг шиддати, шижоати умрингизнинг қолган даврларида ҳеч қачон такрорланмайди. Яратган эгам ҳар бир инсонга кўкка учиши учун қанот берган, лекин кўпчилик бу қанотни офтобда тоблаб, бошқаларга кўз-кўз қилиб, қанотларига зеб бериб, умрини зое ўтказиб юборади, аслида эса сизу бизга учиш буюрилган, учиш, яъни меҳнат қилиш, кашфиётлар яратиш, жидду жаҳд билан маънавий юксакликларга кўтарилиш, кўтарилиш ва яна кўтарилиш буюрилган...
— Наҳотки ҳозир шеър ёзмаётган бўлсангиз?
— Аслида ижод давом этяпти. Сўз, инсон тили, унга берилган каломнинг тақдири, тарихи ва босиб ўтган йўли, битиклар, ёзувлар ҳақида ёзмоқдаман. Менинг тақдиримга Сўзнинг ортидан қувиш битилган экан, бу аччиқ қисматдан юз ўгирганим йўқ. Қайтага, бу менга завқ беради, ҳаётимга маъно олиб киради. Маъно даромад эмас. Ёзувчиликдан даромад кўриш учун бугун кўп детектив асар ёзиш керак. Бу эса қўлимдан келмайди. Биз, ижод аҳли бош ҳомийимиз — давлат биздан юз ўгиргач, биз ҳам давлатдан юз ўгирган эдик. Аммо афсуски, узоққа боролмадик. Қозоғистонда бир пайтлар ҳар йили олти юз ёзувчининг китоби нашр этилар эди, улардан элликтаси ўқиларди, беш-олтитасининг китоби ҳақиқий яхши асар эди. Бундай зўр асарлар беш фоизнигина ташкил этарди, аммо қолган олти юз ёзувчининг китоби бўлмаса, бу беш фоиз китоб дунёга келмаган бўларди. Мен давлат адабиётни ўз ҳомийлигига олиши кераклиги тарафдориман. Бошқа йўлни кўрмаяпман. Адабиёт халқники, халқ ҳукуматники, ҳукумат эса осмондан тушиб қолгани йўқ, шу халқнинг бир бўлагидир. Шеър ёзишимга тўхталадиган бўлсак, менинг жамоат ичида қиладиган ишларим, ташаббусларим, ғояларим, нутқларим, бу — менинг шакли, қиёфаси ўзгарган шеърларимдир.
— Ёшлар Сизни севади, тақлид қилади, интилади. Уларга қандай насиҳатлар берасиз?
— Инсон ўз миллатининг кичик кўриниши. Атрофимиздаги одамлар бизга баҳо берганда, улар бизгагина эмас, миллатимизга ҳам баҳо бераётган бўладилар. Агар сен ҳурмат қозонсанг, сенинг миллатинг ҳам ҳурмат ва эҳтиром қозонади, сенга қараб сенинг миллатингни улуғлайди. Ўз миллатингни улуғламоқчи бўлсанг, аввало, ўзинг улуғ бўлиш қоидасига амал қил. Биз иқтидорларни етиштирар эканмиз, уларнинг эзгу ишларига йўл очар эканмиз, бурчак-бурчакдаги жоҳиллик ва аламзадалик ўз-ўзидан камаяверади. Биз буюк инсонларнинг фарзандларимиз дейишнинг ўзи билангина инсон буюк бўлиб қолмайди. Буюк миллатнинг фарзанди бўлиш учун инсоннинг ўзи буюк бўлишга интилиши керак. Ёшларга берадиган насиҳатим шуки, ҳар қайсимиз ўз миллатимизнинг кичкина кўриниши эканимизни унутишга ҳеч қачон ҳаққимиз йўқ.
— Барча мушкулотларга қарамай, пешонасига ёзувчи бўлиш тақдири битилган, бу заҳматли юмушдан кўз юммай мардонавор қадам ташлаб бораётган ижодкорларимиз кўп. Уларга, албатта, Сиздай донишманд шоирнинг насиҳатлари фойдалидир...
— Албатта, уларни қўллаб-қувватлайман. Олим, ёзувчи бўлиш шарафли. Инсоният ҳамиша тараққиётга интилади, тараққиёт калити эса зиёлиларнинг қўлида. Афсуски, ҳозир баъзилар ўртакаш, даллол, чайқовчи, алдам-қалдам, талон-торож билан шуғулланяпти. Бу ишлар инсониятни буюк келажак, юксак истиқбол сари бошлаб бормайди. Инсон буюк ихтиролар қилиши лозим. Одам инсониятнинг мушкулини енгил қилиш орзусида яшаши зарур. Шоирлар инсониятнинг мана шундай фарзандларидир.
— Абай Қўнонбоев ҳақида гапирдингиз. Бултур Ўзбекистонда буюк оқиннинг юбилейи бўлиб ўтди...
— Хабарим бор. Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори асосида Абай Қўнонбоев шахси ва ижодий меросига кўрсатилган эътибор бутун қозоқ халқига, адабиётига эътибор ифодаси бўлди.
Кеча эски қадрдоним билан кўришиб қолдик. У ҳозир Англия университетида ўқитувчи. Гап орасида “Абай, ҳақиқатан ҳам, даҳо экан” деб қолди. Мен “Нега бирдан бу фикрга келиб қолдинг, аввал билмасмидинг?” деб сўрадим. “Аввал ҳам билардим, лекин энди иқрор бўлдим,” дейди у. Мана шундай, авлодлар алмашган сари Абайнинг буюклиги кўзга яққол ташланаверади. Абай ўз даврида нимани ёзган бўлса, ўша муаммолар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.
— Нима деб ўйлайсиз, ижод аҳлига яна эътибор кучаядими?
— Кучаяди. Ўтган асрнинг 90-йилларида беш юз бетлик “Сайланма” асарларим тўплами икки юз минг нусхада чоп этилди. Китоб тезда ўқувчилар қўлига етиб борди. Китоб етказиб бериш тизими шиддат билан ишлар эди. Ҳозир эса бундай тизим қаёққа йўқолганини билмайсан. Инсон маънавияти ҳеч қачон бозорга ташланмаслиги керак. Ижод аҳлига эътибор янада кучайиши, шубҳасиз.
— Асарларингиз чиқса, Сизга қалам ҳақи тўлашадими?
— Мен элчи сифатида яхши маош оламан. Лекин 25 йилдан буён адабиётимизга янги номлар кириб келди. Янги шоир ва ёзувчилар қалам тебратишяпти. Бугун Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг 700 аъзоси бор. Уларнинг пешонасига ёзувчилик тақдири битилган. Улар ёзишади, китоб чиқаришга уринишади, қаердандир ҳомий топиб мингта ё беш юзта чоп этишади, кейин дўконма-дўкон юриб харидор излашади. Бу ўзбек, қозоқ ёки руснинг эмас, бутун жамиятнинг қисмати. Жамиятни қутқариш учун, аввало, китобни қутқариш керак. Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг китобхонлик маданиятини ошириш борасида олиб бораётган амалий сиёсатини оламшумул иш деб баҳолаган бўлардим.
— Ўлжас Сулаймонов улуғ шоир, айни пайтда у машҳур сўз дарғаси...
— Инсоният ўтмиши, кечган юз минг йиллик тарих динозаврларни топиш билан ўлчанмайди, ғорлардаги битикларни ўқиш билан, археологик қазилмаларни ихтиро қилиш билан белгиланмайди, инсоният тарихининг сир-асрорлари уларга беркитилган эмас. Инсоният тарихи сўзларга муҳрлангандир. Сўзларда инсониятнинг бутун билими, тафаккури, ҳаёти мужассам. Сўз инсоният босиб ўтган барча йўлларни худди маёқ сингари ёритиб туради. Бир томчи сув бутун денгиз ҳақида маълумот бера олгани сингари битта сўз бутун бир халқ ҳақида маълумот бериш қудратига эга. Сўз, у қозоқчами, ўзбекчами, шумерлардан, санскрит тилларидан қолган сўзми, палеолит, неолит давридан ёхуд ибтидоий жамоа тузумидан қолган минг асрлик сўзми, улар барчаси бугунги кунгача яшаб келмоқда ва ҳар битта сўзнинг замирида бутун халқнинг тарихи, маданияти, маънавияти яшаб келмоқда. Одамлар сўз ўткинчи, алмашиб туради, қисқа вақт яшаб нобуд бўлади деб ўйлашади, йўқ, сўз ўлмайди, у инсониятнинг бутун босиб ўтган йўли ҳақида абадулабад сўзлаб турувчи маёқдир!
Муҳаммад ИСМОИЛ
(“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг