Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Дунёда инсоният ва адабиёт учун хизмат қилиб, эл аро ном ва шуҳрат қозонган шоирлар жуда кўп. Уларнинг асарларини қанча асрлардан бери севиб ўқиймиз, асарларидаги қаҳрамонларни бот-бот тилга оламиз. Аммо уларнинг орасида бир вақтнинг ўзида элининг дарду ташвишларини аритган, унга елкадош ва мададкор бўлган, шунингдек, жаҳон аҳлини лол қолдирган асарлар яратолган ижодкорлар жуда кам.
Мана беш асрдан кўпроқ вақт мобайнида жаҳон саҳнасидан тушмай, туркий тилнинг бой ва жозибадорлигини барчага кўрсатиб келаётган буюк мутафаккир, давлат арбоби, улуғ сўз санъаткори Ҳазрат Алишер Навоийдир.
Биламизки, дунёдаги ҳар бир халқ ва миллатнинг тадқиқотчи олимлари ўзларининг забардаст, кўзга кўринган шоир ва ёзувчи, зиёлилари қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш, илмий хулосаларини билдириш орқали тарғиб қилишган. Хусусан, улар ижодкорларнинг асарларидаги сўз қўллаш маҳорати, истеъдоди ва шахсияти борасида илмий тадқиқотлар олиб боришган.
Аммо буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг асарлари лексикаси, сўз бойлиги ҳамда сўз ижодкорлиги бўйича хорижий олимлар томонидан ҳам, ўзбек олимлари томонидан ҳам мукаммал илмий тадқиқотлар яратилмаган эди. Шу маънода, ўтган асрнинг 70 — 80 йилларида таниқли навоийшунос, тилшунос, филология фанлари доктори, профессор Баҳром Бафоев “Навоий асарлари лексикаси” мавзусида докторлик илмий ишини ёқлади. Унда шоирнинг туркий тилда ёзилган 24 та асари ҳам лексик-семантик, ҳам статистик, ҳам тематик жиҳатдан картотека тузиш орқали умумтурк, араб, форс, ҳинд, мўғул ва грекча сўзлар миқдорлари билан илмий таҳлил қилинган. Хусусан, Алишер Навоий ўша 24 асарда такрорсиз 26 035 та сўз ишлатганини илмий жиҳатдан исботлаб берган.
Маълумки, Алишер Навоий форс-тожик ва туркий ғазалиётнинг тўрт унсури — лафз (сўз), маъно, вазн ва қофияларнинг ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатларини мукаммал эгаллаган. Ижодкорнинг туркийда ёзилган тўрт девонида 2600 та ғазал, форс-тожикчада ёзилган девонида 554 та ғазал жамланган.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий ғазал жанрида жаҳоннинг буюк, кўзга кўринган ижодкорлари орасида ҳам етакчидир. У икки тилда йигирмадан ортиқ жанрда ижод қилган. Шунчалик хилма-хил жанрларда шоир 200 минг қаторга тенг ижод дурдоналарини яратганини умрининг охирида ёзган “Лисон ут-тайр” достонида маълумот ҳам берган:
Назму насрим котиби тахминшунос,
Ёзса юз минг байт этар эрди қиёс.
Мунчаким назм ичра қилдим иштиғол,
Хотиримдин чиқмас эрди бу хаёл.
Олим Баҳром Бафоев ўз илмий тадқиқотлари орқали Алишер Навоийнинг сўз ижодкорлиги ва сўз бойлиги жиҳатдан жаҳоннинг забардаст шоирлари орасида сардор эканини илмий жиҳатдан исботлади. Олимнинг илмий тадқиқотлари 1983 — 1985 йилларда чоп этилган 4 жилдли “Навоий асарлари изоҳли луғати”ни яратилишида асосий пойдевор бўлди. Шунингдек, олим луғатни тузишда бевосита иштирок этган, ҳаммуаллиф сифатида қайд этилган.
Шундай катта илмий тадқиқотлар олиб борган жонкуяр олим, болалигимдан Навоийга муҳаббат уйғотган инсон — ўзимнинг бобом эканидан фахрланаман ва келажакда аждодим бошлаган йўлни давом эттириш, Мир Алишер Навоийдек ўлмас сўз санъаткорининг ижодини ўрганишни қалб амримга айлантиришга ҳаракат қиламан.
Дурдона БАФОЕВА,
Навоий давлат университети талабаси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг